Даҳшатли сув тошқинлари ортидан йирик инқироз. Покистонда нималар бўляпти?
Покистонда муссон ёмғирлари келтириб чиқарган фавқулодда даҳшатли тошқинлар мамлакатга мисли кўрилмаган иқтисодий зарар етказди. Ўзбекистоннинг 5-савдо ҳамкори бўлмиш мамлакатдаги вазият ўзбекистонликлар учун ҳам аҳамиятга эга, айниқса унинг таъсири картошка нархларида сезилиши мумкин.
Сув тошқинлари
Покистон ҳукумати 26 август куни тўхтамаётган муссон ёмғирлари натижасида юзага келган сув тошқинлари туфайли фавқулодда ҳолат режимини жорий этди. Август ойида Синд вилоятида ўртача кўрсаткичдан 780 фоиз кўпроқ ёғингарчилик кузатилган, Белужистонда эса бу кўрсаткич қарийб 500 фоизга тенг бўлди.
Покистон тарихидаги энг даҳшатли сув тошқини Буюк Британия майдони катталигидаги ҳудудни қамраб олди ва 33 миллион киши, яъни ҳар етти покистонликдан биттаси зарар кўрди, дея хабар берди Reuters.
Бу йилги сув тошқинлари – Покистонда сўнгги йиллардаги энг ёмон иқлим таъсирига учраган табиий офат – мамлакат шимолидаги тоғлардаги рекорд даражадаги кучли ёғингарчилик ва музликларнинг эриши сабаб бўлди.
Иқтисодий инқироз
Покистондаги тошқинлардан кўрган зарар борасида дастлабки ҳисоблашлар 10 миллиард доллардан ошди.
Бироқ расмийлар ҳали ҳам 1300 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган катта сув тошқини нархини ҳисобламоқда. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, зарар дастлабки прогноздан каттароқ бўлиши мумкин.
«Якуний қийматни аниқлаш учун олти-саккиз ҳафта вақт кетади. Иқлим фалокатига ривожланган мамлакатларнинг ҳаракатлари сабаб бўлмоқда. Глобал исишга ҳисса қўшган барча давлатлар ҳозир бизга ёрдам беришга ва тикланишимизда ёнма-ён тиришга масъулдирлар. Бу фожиа бизнинг айбимиз эмас. Бу глобал исиш билан боғлиқ»,֪ – деди мамлакатдаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ҳаракатларига раҳбарлик қилаётган режалаштириш вазири Иқбол Аҳсан Bloomberg'га берган интервюсида.
Валюта захираларининг тугаши ва сўнгги ўн йилликлардаги энг юқори инфляциядан қутулган Жанубий Осиё мамлакати энди даҳшатли табиий офатдан йўқотишларга дуч келмоқда. Мамлакат ҳудудининг учдан бир қисмидан кўпроғи сув остида, ярим миллионга яқин одам ёрдам лагерларида яшашга мажбур. Ҳукумат экинлар ва чорва молларининг нобуд бўлиши сабабли озиқ-овқат инқирози яқинлашаётганидан огоҳлантирди.
Покистоннинг энг муҳим экинларидан бири бўлган пахта ҳосилининг 45 фоизга яқини нобуд бўлди. Мамлакат валютасининг асосий манбайи бўлган тўқимачилик саноати учун хомашё импортига 3 миллиард доллар сарфлашига тўғри келади.
Хавотирлар
Озиқ-овқат нархи ва импорт тўловларининг кескин ошиши Покистон иқтисодиётидаги тангликни янада кучайтиради. Мамлакат яқинда юзага келадиган дефолтнинг олдини олиш учун Халқаро валюта жамғармасидан 1,16 миллиард доллар қарз олди.
ХВЖ тошқинлар ортидан умумий вазият тобора ёмонлашиб бораётгани, озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг доимий ўсиши мамлакатда норозилик ва беқарорлик юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Покистондаги инфляция август ойида 27 фоиздан ошиб, 47 йиллик энг юқори даражага етди.
«Озиқ-овқат ва ёқилғининг юқори нархлари ижтимоий норозилик ва беқарорликка олиб келиши мумкин», – дейилади ХВФнинг ҳисоботида. Шунингдек, унда ҳозирги қийинчиликлар шароитида истиқбол ва дастурларни амалга ошириш учун хавфлар юқорилигича қолаётгани, Украинадаги урушнинг оқибатлари Покистон иқтисодига озиқ-овқат ва ёқилғи нархининг ошиши орқали оғирлик қилиши таъкидланган.
Оддий одамлар чўнтагига зарба: ҳукумат ёқилғи нархини оширди
Сув тошқинлари Покистонга таъсир қилишда давом этар экан, ёқилғи ва озиқ-овқат нархларининг доимий ўсиб бориши туфайли оддий покистонлик учун ишлар ҳар қачонгидан ҳам қийинлашмоқда, деб ёзади Times of India нашри.
Шаҳбоз Шариф ҳукумати глобал нефт нархининг пасайишига қарамай, Покистонда нефт маҳсулотлари нархини литри учун 3 рупийга оширди.
Сўнгги пайтларда Покистонда сабзавот нархлари ҳам 100 фоиздан кўпроққа кўтарилди ва ҳалокатли сув тошқини туфайли истиқболлар янада қоронғилашди.
Покистон инқирози Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?
Покистондаги тошқинлар мамлакат иқтисодиёти ва қишлоқ хўжалигига етказган зарари унинг савдо ҳамкорларига ҳам таъсир қилади. Иқтисодчи Миркомил Холбоев Kun.uz`га Покистондаги иқтисодий инқирознинг Ўзбекистонга тахминий таъсирлари ҳақида гапириб берди.
«Қайсидир давлатда қандайдир воқеа, уруш ёки тўфон бўлганда ҳамкор мамлакатларга таъсир қилиши мумкин бўлган асосий канал савдо ҳисобланади. Биз Покистон билан жуда кўп савдо қиламиз дея олмайман, яъни Покистоннинг умумий савдодаги улуши юқори эмас. Фақат алоҳида товарларда Покистон билан алоқаларимиз ички истеъмолчиларнинг фаровонлигига таъсир ўтказиши мумкин. Экспорт бўйича 7 ойлик (январ-июл) кўрсаткичда Покистондан мева-сабзавот экспорти 25 млн долларни ташкил этган ва бу умумий мева-сабзавот экспортининг 6 фоизини ташкил қилади. Яъни экспорт жуда катта улушга эга эмас, аммо ўтган йилга нисбатан 2,8 баробар ошган.
Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти эса 11 млн долларни ташкил этади ва унинг ҳам улуши умумий тўқимачилик улушида юқорида эмас – ўтган йилга нисбатан 70 фоизга пасайган. Умуман олганда, Покистондан мева-сабзавот экспортининг камайиши экспортда сезиларли улушга эга бўлмайди, унинг таъсири фаровонлик нуқтайи назаридан катта бўлмайди.
Покистондаги инқирознинг иккиламчи томондан таъсири бўлиши мумкин: Покистон бизга ҳамкор бошқа давлатлар билан ҳам савдо қилади – бу давлатлар билан савдонинг қисқариши, алоқаларнинг маълум муддат секинлашуви бизга ҳам таъсир қилиши мумкин, аммо таъсир унчалик юқори бўлмаслиги, натижада экспортимиз унчалик зарар кўрмаслиги мумкин”, – дейди иқтисодчи.
Миркомил Холбоев Ўзбекистон Покистондан асосан картошка импорт қилишини таъкидлаб, бу бозорда нархлар аллақачон ошишни бошлаганини билдирди.
“Импортимизга Покистондаги тўфонларнинг сезиларли таъсири бўлиши мумкин – айниқса, маълум гуруҳ товарлар импортида. Ҳозирги кунда Покистондан асосан 3та товар экспорт қилинади, булар – картошка, мандарин ва чой. Булардан картошка импорти энг юқори улушга эга. Покистондан жорий йилнинг 7 ойида картошка импорти қарийб 40 млн долларни ташкил қилган ва бу умумий картошка импортининг (57 млн доллар) катта қисмини ташкил қилади. Покистондан импорт қилинаётган картошка ички бозорга сезиларли таъсир ўтказиши мумкин. Бу таъсирни биз сезишни бошладик, импорт картошка ҳажмининг кескин ўсиб бориши ҳам эътиборга молик – 2021 йилнинг 7 ойида Покистондан қарийб 10 млн долларлик картошка импорт қилган бўлсак, 2022 йилнинг 7 ойида бу 4 баробар ошди. Нарх ўзгаришига қараганда физик ҳажм бироз камроқ ўзгарган бўлиши мумкин, аммо умумий ўсиш юқори. Бу картошка истеъмолимиз Покистонга боғланганини кўрсатади. Импорт картошканинг ички бозордаги нархларга таъсири юқори.
Покистондан ёки бошқа давлатлардан картошка импорти ошаётгани 2021 йилда айрим товарлар импорти реализациясига ҚҚСни бекор қилишга оид тартиб билан боғлиқ. Яъни ҳозирги кириб келаётган картошка ҚҚСсиз кириб келгани учун ички бозорда улуши жадал ошяпти, Покистондан келаётган картошка ҳам шу қаторда. Бу ички бозорда нархлар пасайишида катта рол ўйнагани табиий, ҳозирги тўфонлар туфайли инқироз содир бўлиши, Покистондан келаётган картошкани камайтиради. Ички бозорда кутилгандан юқори нарх ўзгариши юз бериши мумкин. Бошқа бозорлар – Қозоғистон ва Россиядан кираётган картошка ички бозордаги заруриятни қоплаб олгунича бироз нарх ошишини кўриш мумкин.
Июн-июл ойида картошка нархлари 10 фоизгача пасайди, август ойида эса нархлар 3 фоизга ошди. Бу Покистондан келаётган картошканинг камайгани билан боғлиқ. Августда картошка нархи ошишини мавсумий характерга эга дейиш ҳам мумкин. Аммо шунга қарамасдан жорий йилнинг август ойидаги нарх ошиши ўтган йилгига қараганда юқорироқ бўлгани Покистон картошкасининг таъсири борлигини кўрсатади.
Хулоса ўрнида, Покистондаги воқеаларнинг таъсири умумий агрегат кўрсаткичлар – экспорт, импортнинг ўсиши ёки ЯИМга хатолик даражасида кичик бўлади. Юқорида айтилганидек, оммавий истеъмол қилинадиган баъзи товарлар нархининг ўсиши сезиларли бўлиши мумкин”, – дейди Холбоев.
«Покистон боқувидаги Афғонистонда вазият мураккаблашади»
Иқтисодчи Отабек Бакиров Покистондаги инқирознинг Ўзбекистонга таъсири картошка билан бирга, логистикада ҳам сезилишини ёзди.
“Покистон охирги йилларда Ўзбекистон озиқ-овқат импорт қилинадиган ТОП-5 мамлакатдан бирига айланганди. Жанубий йўналишдаги логистика ва транспорт масаласида ҳам Покистоннинг ўрни биз учун сезиларли даражада аҳамиятли”, – дейди иқтисодчи.
Шунингдек, Бакиров Покистондаги вазият Афғонистонга ҳам жиддий таъсир қилишини прогноз қилмоқда.
“Яна бир масала Афғонистон билан боғлиқ. Шартли равишда айтганда, ўтган йилнинг августидан бери “Толибон” Афғонистони тўлиқ Покистон боқувида эди. Изоляциядаги толиблар сиёсий, молиявий, техник, қочқинлар ва гуманитар масалаларда Покистонга тўлиқ қарамлашган. Энди Покистоннинг ўзи ёрдамга муҳтож бўлиб турибди. Мустақил бюджет, молия тизими мавжуд бўлмаган, ҳарбий, хавфсизлик ва сиёсий вертикал тўлиқ ўрнатилмаган Афғонистонда вазият янада мураккаблашиши мумкин. Бу янги чақириқлар яратади”, – дейди у.
Мадина Очилова тайёрлади.
Мавзуга оид
17:10 / 25.12.2024
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
00:15 / 22.12.2024
Покистонда Имрон Хоннинг 25 нафар тарафдорига ҳукм ўқилди
14:56 / 19.12.2024
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Покистон бозорига олиб кирилади
13:48 / 18.12.2024