Жаҳон | 16:27 / 13.09.2022
25176
3 дақиқада ўқилади

Тўқаев Нур-Султон номини Остонага қайтаришга розилик берди

Тўқаев мамлакат пойтахти номини Нур-Султондан Остонага қайтариш бўйича таклифни қўллаб-қувватлади. Бу масала конституцион қонун лойиҳаси муҳокамасида кўриб чиқилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев парламент депутатларининг мамлакат пойтахти номини Остона деб қайта номлаш бўйича билдирган таклифини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Тўқаевнинг матбуот котиби Руслан Желдибай фейсбукдаги саҳифасида хабар қолдирган.

«Президентга депутатларнинг бу борадаги ташаббуси ҳақида маълумот берилди, бу ташаббус, ўз навбатида аҳоли билан учрашувларда билдирилган таклифлар, шунингдек фуқароларнинг референдум вақтидаги кўп сонли мурожаатларига асосланган. Парламентарийлар таклифи давлат раҳбари розилиги билан Конституциявий қонун муҳокамасига киритилган», деган у.

Қозоғистон президенти матбуот котибининг таъкидлашича, Тўқаев «Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистоннинг замонавий давлатчилигини мустаҳкамлаш ва пойтахтни ташкил этишдаги ҳал қилувчи ролини тарихий факт деб билади». Унинг қўшимча қилишича, президент Назарбоевнинг номи берилган бошқа объектлар ўз номини сақлаб қолиши керак деб ҳисоблайди.

Қозоғистон пойтахти номи 2019 йил мартида, Тўқаев ўзининг инаугурация нутқида тегишли таклифни илгари суриши ортидан Остонадан Нур-Султонга ўзгарганди.

Қозоғистон пойтахти Остона номини 1998 йилда олган. Унга қадар шаҳар 1992 йилдан буён Оқмола номида бўлган ва бу вақтда пойтахт шаҳар эмасди, Қозоғистон мустақилликка эришганида Олма-Ота шаҳри пойтахт эди. 1992 йилга қадар Оқмола шаҳри Целиноград (1961 йилдан) деб аталган, ундан олдинроқ эса Акмолинск номида бўлган.

  • Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг илк президенти бўлган. У бу лавозимни 1991 йил декабрида 2019 йил мартига қадар эгаллаган. Назарбоевнинг ўрнига ҳокимият тепасига Тўқаев келган. Президентликдан кетгач Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси бўлиб қолган, унинг қариндошлари эса раҳбарлик лавозимларида ишлашда давом этган.
  • 2022 йил январида Қозоғистонда газ нархи кўтарилишига қарши намойишлардан бошланган кенг кўламли тартибсизликлар бўлиб ўтди. Тўқаев намойишларни бостириш учун КХШТ кучларини ҳам чақирди. Тартибсизликлар фонида Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетказилди, унинг қариндошлари эса давлат ташкилотлари ва тижорий тузилмалардаги раҳбарлик лавозимларидан маҳрум бўлишди.

Мавзуга оид