«Боку беш қоида бажарилишини талаб қилмоқда». Арманистон-Озарбойжон чегарасидаги сўнгги воқеалар ҳақида
13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон-Озарбoйжон чегарасида навбатдаги тўқнашувлар бошланди. Ҳар икки томон бир-бирини айблаган ушбу можаро олдингиларидан анча чуқурлашгани билан фарқланмоқда. Гап шундаки, Озарбойжон бу сафар нафақат чегара шаҳарлари, балки Арманистоннинг курорт шаҳри бўлган Жеремук шаҳрига ҳам ҳужум қилган. Ҳозирда минтақадаги хавфсизлик кафолати Россия бўлиб турибди, аммо Москва Украинадаги уруш билан банд. Тоғли Қорабоғдаги вазият назорати аллақачон Кремль қўлидан чиқиб кетган.
Тўқнашув. Икки томон бир-бирини айбламоқда
13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Озарбойжон билан чегарада ҳарбий ҳаракатлар бошлаганини маълум қилди. Арманистон мудофаа вазирлиги Озарбойжон томони артиллерия, миномёт, дрон ва йирик калибрли ўқ отиш қуролларидан фойдаланганини билдирди.
Ереван эълон қилган маълумотларига кўра, мамлакатнинг Варденис, Сотк, Артаниш, Ишханасар, Горис ва Капан аҳоли манзиллари Озарбойжон кучлари ҳужуми остида қолган. Шуни қўшимча қилиш керакки, бу қишлоқ ва шаҳарларнинг барчаси Арманистон давлати ҳудудида жойлашган ва икки давлат ўртасидаги доимий келишмовчиликлар сабаби бўлган Тоғли Қорабоғ билан ҳеч қандай боғлиқликка эга эмас.
Арманистоннинг бир қанча оммавий ахборот воситалари мамлакатнинг Жеремук курорт шаҳрида ҳам портлаш овозлари эшитилгани ҳақида хабар берди. «Спутник Арманистон» нашрига кўра, шаҳарга транспорт воситалари киришига чеклов ўрнатилган. Бу ерга ҳозирда фақат маҳаллий аҳоли ва Жеремукка туташ қишлоқлардаги одамларни хавфсизроқ жойларга олиб кетаётган машиналар кириши мумкин.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян тўқнашувларда мамлакатнинг 49 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини айтди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги қўшимча қилишича, уч нафар тинч аҳоли вакили ҳам жароҳатланган.
Озарбойжон мудофаа вазирлиги ҳам қурбонлар ҳақида хабар берди. Унга кўра, 13 сентябрга ўтар кечаси содир бўлган жанговар ҳаракатлар натижасида камида 50 нафар озарбойжонлик ҳарбий хизматчи, шу жумладан, саккиз нафар чегарачи ҳалок бўлган.
Расмий Бокуга кўра, тўқнашув Арманистоннинг «кенг кўламли провокациялари»га жавобан бошланган. Боку Арманистоннинг диверсив кучлари Озарбойжон армияси бўлинмалари позициялари орасидаги алоқа ва таъминот йўлларини миналаштирганини таъкидлади. Маълум қилинишича, ушбу ҳаракатларга жавобан Боку «шошилинч чоралар» кўрган ва бу тўқнашувлар бошланишига олиб келган.
Бу сафарги қарама-қаршиликни иккинчи Қорабоғ уруши тугаганидан кейинги энг жиддий кескинлик деб аташ мумкин.
Эксперт Тигран Григоряннинг қайд этишича, ҳатто ўша уруш даврида ҳам Озарбойжон томони арман шаҳарларини артиллериядан ўққа тутмаганди. «Бу бизнинг контекстдаги янгилик. Лекин мен минтақамизда рўй бераётган тўқнашувларга Россия-Украина уруши сабаб ҳудудда юзага келган куч бўшлиғи сабаб деб биламан», — деган эксперт.
Арманистон мудофаа вазирлиги 14 сентябрда Арманистон-Озарбойжон чегарасида жанговар ҳаракатлар қайта бошланганини маълум қилди. Озарбойжон кучларининг ҳужуми, хусусан, Жермук ва Верин Шоржи йўналишида бўлган. Озарбойжон кучлари артиллерия, миномётлар ва ҳужумчи дронлардан фойдаланган.
Томонлар ниҳоят Россия воситачилигида ўч очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришган.
Россиянинг ҳаракатсизлиги
Озарбойжонлик ҳарбий таҳлилчи Азад Исазода Арманистоннинг «провокациялари» борасида ўз мамлакати раҳбариятининг позициясини ҳимоя қилмоқда.
«Ҳар икки томон тинчлик шартномасини тузишга яқинлашаркан, биз ҳали яна шунга ўхшаш нохуш вазиятларга дуч келамиз», — деган у ўтган ойда юз берган тўқнашувларни эслатиб.
«Биз билишимиз керакки, қарама-қаршиликлар катта эҳтимол билан бутун қиш ва келгуси йилнинг бошида ҳам давом этиши мумкин ҳамда Озарбойжон армияси доимий шай ҳолатда», — дея қўшимча қилган Исазода.
Озарбойжон томонидан Арманистон ҳудуди ўққа тутгани ҳақидаги саволга жавобан Исазода бунга етарлича далиллар кўрмаётганини айтган: «Бундай айбловлар исботи билан бўлиши керак ва ҳозирги замонавий дунёда воқеаларни видеога олиш учун ҳамманинг чўнтагида телефон бор. Ва агар бундай далиллар бизга тақдим қилинса, биз нима бўлгани, ким ва нима учун буни қилганини муҳокама қилишимиз мумкин».
Тармоқда Арманистоннинг Жеремук курорт шаҳрида портлаш овозлари эшитилаётгани тасвирланган видео аллақачон пайдо бўлган.
Қорабоғ можароси тарихи бўйича мутахассис Ориф Юнус Озарбойжон қулай фурсатдан фойдаланиб, зарба бераётганига ишончи комил. У минтақадаги вазият кескинлашувини яқинда Брюсселда бўлиб ўтган Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев учрашувидаги муваффақиятсизлик билан боғлаган. Мутахассиснинг таъкидлашича, Озарбойжон Арманистондан Боку қўйган беш қоиданинг бажарилишини талаб қилмоқда.
Ушбу беш қоида қуйидагилардан иборат:
- суверенитетни, ҳудудий яхлитликни ўзаро тан олиш;
- бир-бирига ҳудудий даъволари йўқлигини тасдиқлаш;
- таҳдид ва куч ишлатишдан воз кечиш;
- давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш;
- транспорт коммуникацияларини очиш.
«Пашинян бу талабларни қабул қилиб бўлмайдиган деб атади. Қорабоғ масаласи очиқ қолмоқда ва бу ҳудудий яхлитлик эмас, балки инсон ҳуқуқлари масаласи ҳам», — дейди тарихчи. Унинг фикрича, айнан шу омил Алиевнинг ғазабига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
«Озарбойжон дунё ҳозирда Украинадаги уруш билан бандлиги ва Арманистон армияси кучсизлигидан фойдаланиб, зарба бериши аниқ эди», — дея қўшимча қилган Ориф Юнус.
Россия Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги асосий воситачи ҳисобланади. 2020 йилги урушдан сўнг Москва минтақадаги хавфсизликнинг асосий кафолатига айланди — Россия тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғдаги можаро зонасига киритилди ва улар ҳали ҳам шу ерда.
Арманистон чегарадаги вазият юзасидан аллақачон Россия, КҲШТга аъзо давлатлар ва БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилди. Арманистон Москвадан мамлакатлар ўртасидаги «Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам шартномаси»ни фаоллаштиришни сўради.
«Бироқ Россия ҳозир Украинадаги воқеалар билан банд. Яна бир можаро ёки улар айтганидек, «иккинчи фронт» очилиши Россия учун ноқулай. Натижада биз Россиянинг ҳаракатсизлигини кўрмоқдамиз. Агар илгари бир-икки қўнғироқ билан можаро ҳал қилинган бўлса, ҳозирда Россия бир неча ойдан бери давом этаётган ҳарбий ҳаракатларни тўхтата олмаяпти. Шундай қилиб, Россиянинг Украинада бандлиги бу ердаги вазиятни жиддий ўзгартирди», — дейди Жанубий Кавказ масалалари бўйича Халқаро инқироз гуруҳининг катта илмий ходими Олеся Вартанян.
«Аммо Украинага бостириб киришдан олдин ҳам Москва Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги можарога фаол аралашишни истамаган. Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги воситачи мақоми Россия учун муҳим. Аммо сўнгги ойларда Озарбойжоннинг Москва учун аҳамияти сезиларли даражада ошди», — дея қайд этган Тигран Григорян.
Бир неча кун аввал Бокуда Россия ва Озарбойжон вакиллари «Шимол – Жануб» халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича декларация имзолади.
«Бу Россия учун жуда муҳим транспорт йўналиши, ва у Озарбойжон ҳудудидан ҳам ўтади. Боку Москвага транспорт инфратузилмасини диверсификация (янгилаш, ўзгартириш) қилиш ва Европа экспортига қарамликни камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Озарбойжоннинг Россия учун аҳамияти ортиши Москванинг ушбу можарога фаол аралашувини амалда имконсизга айлантиради. Кремлда Озарбойжонни қандайдир тарзда жиловлаш истаги ҳам, имкони ҳам йўқ. Биз Украинадаги вазият қандайлиги, Россиянинг у ердаги муваффақиятсизликларини кўриб турибмиз. Ва тушунарлики, Жанубий Кавказ ҳозирда Москва учун устувор аҳамиятга эга эмас».
Буфер зона учун кураш кетмоқдами?
Минтақадаги сўнгги йирик уруш тугаганидан бир ярим йил ўтиб, ҳудудда на тинчлик ҳукм сурмоқда ва на уруш кетмоқда. Маҳаллий тўқнашувлар мунтазам равишда юз бериб туради ва тўқнашувларни бошлашда асосан Озарбойжон айбланади. Боку март ойида ҳатто можаро зонасидаги яна бир аҳоли пункти ва баландликни ўз назоратига олди.
Июл ойи охирида Қорабоғдаги вазият янада мураккаблашди.
Дастлаб тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси расмийлари озарбойжонликлар ўзаро тўқнашув чизиғини кесиб ўтишга уринаётганини маълум қилди. Кейинроқ Россия тинчликпарвар кучлари Озарбойжон томони «ўт очишни тўхтатиш режимини уч марта бузгани» ҳақида хабар берди. Шундан сўнг томонлар бир-бирини ўққа тутишда айблай бошлади.
BBC нашри билан суҳбатлашган экспертларнинг қайд этишича, Илҳом Алиев катта эҳтимол билан шу йўл орқали Ереванни баҳсли масалаларни имкон қадар тезроқ ҳал қилишга мажбур қилмоқчи.
Эксперт Олеся Вартаняннинг фикрича, Озарбойжон учун сўнгги ойлардаги тўқнашувлардан мақсад бир қанча стратегик тоғ чўққиларини эгаллаш бўлган ва бу амалга оширилган.
«Ҳарбий экспертларнинг таъкидлашича, ҳозирда Тоғли Қорабоғ ва Россия тинчликпарвар кучлари жойлашган ерлар деярли тўлиқ Озарбойжон ҳарбийлари назоратида. Шундай экан, Озарбойжон ҳарбийлари тинчликпарвар кучлар жойлашган бу ҳудуд ичида нималар бўлаётганини кўриши мумкин.
Бундан ташқари, Қорабоғ вакиллари ўзларини қуршовда ҳис қилмоқда ва улар Озарбойжон ўз позицияларини мустаҳкамлаб, келажакда қандайдир ҳарбий тўқнашув содир бўлса, янги ҳудудларни осонроқ эгаллашга ҳаракат қиляпти дея ҳисобламоқда», — дейди Тигран Вартанян.
Ёзда Лочин йўлаги асосий баҳсли масала бўлди. Ушбу олти километрлик тоғ йўли 2020 йилги уруш даврида Озарбойжон назорати остига ўтди, бироқ Қорабоғ учун муҳим аҳамият касб этишда давом этди. Бу йўлак тан олинмаган республикани Арманистон билан боғлаб туради.
Август ойи охирида Лочин йўлаги бўйлаб ҳаракатни тартибга солувчи Россия тинчликпарвар кучлари йўл назоратини Озарбойжонга топшириб, янги позицияларига жўнаб кетди.
Арманистонлик сиёсатшунос Тигран Григорян фикрича, эндиликда асосий масала Озарбойжонни Арманистоннинг Сюник вилояти орқали Нахичеван автоном республикаси билан боғлаши керак бўлган Зангезур йўлаги бўлади. Ёз бошида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Зангезур йўлаги «аллақачон ҳақиқатга айлангани»ни эълон қилди. Ереван эса Озарбойжоннинг ғарбий вилоятларидан Арманистон ҳудуди орқали Нахичеванга транспорт йўлаги очиш ғоясига қарши.
«Бундан ташқари, Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги тинчлик шартномаси ҳақида ҳам гапириш мумкин. Эндиликда кескинлашув жараёнида янги талқинлар пайдо бўлмоқда. Масалан, Озарбойжон мудофаа вазирлигига яқин манбалар Арманистон ва Озарбойжон ўртасида қандайдир буфер зона яратиш зарурлиги ҳақида гапирмоқда.
Кўриниб турибдики, ҳозирда Озарбойжон кучли босим ёрдамида музокаралар столи орқали эришиб бўлмайдиган сиёсий мақсадларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда», — деган эксперт.
Унинг фикрича, бу вазиятда ягона муҳим омил Ғарб давлатларининг кескин муносабати бўлиши мумкин, гарчи у расмий бўлмаса ҳам. 13 сентябр куни АҚШ Давлат котибининг Кавказ бўйича маслаҳатчиси Филипп Рикер Бокуга қўнгани маълум бўлди. ЕИ раҳбарининг Кавказ масалалари бўйича вакили Тойву Клаар ҳам минтақага йўл олган.
Мавзуга оид
10:44 / 14.12.2024
ГФРда ХДИ/ХСИнинг икки аъзоси Озарбойжонга пора эвазига ёрдам берганликда айбланмоқда
14:22 / 08.12.2024
Озарбойжонда мушкул вазиятда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди
09:23 / 05.12.2024
Пашинян: Арманистон КХШТ билан муносабатларда ҳал қилувчи нуқтадан ўтди
00:59 / 21.11.2024