Жамият | 19:00 / 16.09.2022
64936
4 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро кинофестивали матбуот хизмати турк киноижодкорлари билан боғлиқ ҳолат юзасидан баёнот берди 

Фото: Тошкент халқаро кинофестивали

“Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивали матбуот хизмати 15 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро анжуманлар саройида ўтказилган “Турк киноси кунлари”нинг очилиш маросимида юз берган ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

1. Ижтимоий тармоқларда “Турк киноси кунлари”да турк актёрлари ўртасида юзага келган ўзаро келишмовчилик сабабли гўёки ушбу тадбир  ўтказилмай қолгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. 

Бу хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. 

Учрашувлар дастур асосида ўтказилди. Ижодий учрашув давомида сўзга чиқиши керак бўлган актёрларнинг барчаси сўзга чиқди.

2. Турк киноижодкорлари ўртасидаги ҳодиса қуйидагича юз берди: Ижодий учрашув модераторлари ва бошловчилар дастлаб актёрларни белгиланган тартиб бўйича таклиф қилишди. Уларнинг ҳар бири учун махсус ўриндиқлар ажратилди. Саҳнага турк делегацияси вакиллари - Назиф Тунч ва Мустафа Уғур Ягчиоғлу, сценарийнавис Пинар Яғичолу, актёр ва актрисалар Туба Унсал, Сердар Туран, Сердар Гўкхан, Желал Ал, Мурат Айдин, Гизем Лидия Денизжи, 2002 йилдаги “Дунё гўзали” Азра Акин чиқиб келишди. 

Навбат Бурак Ўзчивит ва Нургул Яшилчайга келганида, улар алоҳида чиқишларини маълум қилишди. Улардан аввал саҳнага чиққан киноижодкорлар залдагилар билан мулоқот қилишди. Модераторлар ва залдагиларнинг саволларига батафсил  жавоб қайтарилди. Томошабинлар уларни гулдирос қарсаклар билан олқишлаб туришди. Учрашувдан сўнг турк делегацияси вакиллари залга тушишди ва ўзаро маслаҳатлашиб, агар Бурак Ўзчивит  бир даврада ўтиришни истамаса, ўз навбатида улар ҳам Бурак билан битта залда ўтирмасликларини маълум қилишди. Шундан сўнг турк делагацияси зални тарк этишди ва Халқаро анжуманлар саройининг фойесидан жой олишди. 

Бу пайтда залда Нургул Яшилчай билан учрашув бошланди. Актриса томошабинларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтарди. Томошабинлар ҳар бир жавобдан сўнг уни олқишлаб туришди. Охирида саҳнага Бурак Ўзчивит чиқди, учрашувни юқори даражада ўтказди, кўпгина мухлислар билан суратга ҳам тушди. 

3. Тадбир якуни бўйича Туркия Республикаси маданият ва туризм вазирининг ўринбосари Аҳмет Мисбаҳ Демиркан ҳамда делегациянинг бошқа аъзолари юз берган ҳолат учун кинофестиваль дирекциясидан узр сўради. 

«Биз турк киноси юлдузлари билан учрашувни ташкил этишга яқиндан ҳамкорлик қилгани учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўз миннатдорлигмизни билдирамиз. Туркиядан келган меҳмонларимизга барча шарт-шароит яратиб берилди. Агар актёрлар шахсий сабабларга кўра, битта саҳнада ёки залда ўтиришни исташмаган экан, бу уларнинг шахсий иши. Қолаверса, биз меҳмон санъаткорларга босим ўтказа олмаймиз. Энг муҳими, ваъда қилинган барча актёрлар тадбирга таклиф этилди ва учрашувлар тўхтаб қолгани йўқ. 

Яхши биламизки, жаҳон тажрибасидан маълумки, йирик тадбирларда ижодкорлар ўртасида навбат талашиш ҳоллари тез-тез кузатилади. Зотан, бу ҳолат фақатгина турк киноижодкорларига тааллуқли эмас. Туркиялик меҳмонларнинг узр сўраганликларини инобатга олиб, ОАВ ходимлари ҳамда блогерларни вазиятни холисона баҳолашга, нотўғри талқин қилмасликка чақирамиз”, деди XIV Тошкент халқаро кинофестивали бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Мавзуга оид