Жамият | 16:14 / 25.09.2022
103075
6 дақиқада ўқилади

Нургул Яшилчой ва Сардор Кўкхон Тошкент кинофестивалидаги можаро бўйича интервью берди

“Кўсем” ва “Севги изтироблари” фильмлари орқали танилган Нургул Яшилчой ва Бурак Ўзчивит билан Тошкент кинофестивалида бўлган кўнгилсиз воқеа айрим саволларни ўртага чиқарганди. Нургул ва фестивалдан чиқиб кетган Сардор Кўкхон турк нашрларига берган интервьюсида воқеага ойдинлик киритишга ҳаракат қилган.

Сардор Кўкхон ва Нургул Яшилчой

Тошкентда 13-18 сентябр кунлари ўтказилган “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг турк киноси кунлари ўзбек томошабинлари томонидан юқори қизиқиш билан қарши олинганди. Шу билан бирга, икки машҳур турк актёри Нургул Яшилчой ва Бурак Ўзчивитнинг қолган турк актёрлари билан битта саҳнага чиқишни хоҳламагани шов-шувларга сабаб бўлишга ҳам улгурди.

Тадбирда иштирок этган киношунос–журналист Шоҳира Ҳамро икки ҳамкасби улар билан ўтиришни хоҳламагач, бошқа турк актёрлари саҳнани тарк этгани ҳақида ёзганди. Актёрлар ортидан Туркия элчихонаси вакиллари ҳам залдан чиқиб кетишган.

Воқеа қандай бўлганди?

Daryo.uz нашрида эълон қилинган кинофестивал видеосида турк актёрлари учун саҳнада 12 стул қўйилганини кўриш мумкин. Актёрлар бирма-бир эълон қилиниб, 9 актёр жойларини эгаллашган. Кейин Нургул Яшилчой, ундан сўнг Бурак Ўзчивит саҳнага таклиф қилинган.

Бошловчи икки марта исмини эълон қилгач, Нургул Яшилчой саҳнага чиқиб, томошабинлар билан саломлашиб, яна саҳна ортига ўтиб кетган. Турк актёрлари билан суҳбат тугагач, саҳнага битта стул қўйилиб, Яшилчойнинг ўзини таклиф қилишган. Туркиялик 76 ёшли актёр Сардор Кўкхон бу ҳолатни ҳурматсизлик деб қабул қилиб, қолган турк актёрлари билан зални тарк этишади. Шундан кейин бошловчи Шаҳзода Муҳаммедова микрофонни олиб, Яшилчой ва Ўзчивитни тадбирнинг кулминацион нуқтаси учун фестивал охирига сақлаб туришганини айтади.

Лекин кейинроқ кинофестивал ташкилотчилари бошқачароқ баёнот билан чиқишди. Унга кўра, саҳнага чиқмаслик Яшилчой ва Буракнинг танлови бўлган.

“Туркиядан келган меҳмонларимизга барча шарт-шароит яратиб берилди. Агар актёрлар шахсий сабабларга кўра, битта саҳнада ёки залда ўтиришни исташмаган экан, бу уларнинг шахсий иши. Қолаверса, биз меҳмон санъаткорларга босим ўтказа олмаймиз”, – дея маълум қилганди XIV Тошкент халқаро кинофестивали бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Воқеадан кейин тадбир якуни бўйича Туркия Республикаси маданият ва туризм вазирининг ўринбосари Аҳмад Мисбаҳ Демиркан ҳамда делегациянинг бошқа аъзолари юз берган ҳолат учун кинофестивал дирекциясидан узр сўраб чиқди.

Нургул Яшилчойнинг жавоби

Шу кунларда Нургул Яшилчой турк нашрига берган интервьюсида бу тушунмовчилик ташкиллаштириш жараёни билан боғлиқ эканини айтган. У Сардор Кўкхонни “бош тожимиз”, дея унга беҳурматлик қилишга қаршилигини билдирди.

“Бу ташкиллаштиришдаги муаммо эди. Шундай воқеа бўлиши мумкинми? Сардорбей бизнинг бош тожимиздир. Уни ким ранжитса, қаршисида мени кўради”, – деган Яшилчой.

Шу ўринда қўшимча қилиш керакки, фестивалда якка ўзи саҳнага чиққан Яшилчой низо бошланмасидан олдинроқ томошабинлардан узр ҳам сўраган эди.

“Аввало, мен ҳаммадан узр сўрайман, мени бу ёққа жўнатяптилар, боряпман, қоч деяптилар, чиқиб кетяпман, билмайман. Нима дейишса, шуни қиляпман”, – деган актриса.

“Саҳна орқасида мен бормайман, мен чиқмайман, деган овоз эшитилди”

Хўш, бу Нургул айтганидек тадбирни ташкиллаштиришдаги хато бўлса, Сардор Кўкхоннинг TV8 канали “2-саҳифа” кўрсатувида берган интервьюси нимадан дарак?

Бурак ва Яшилчойнинг бошқа турк актёрларига нисбатан муносабати ҳақида бир неча турк нашрларида ҳам ёзилди. Жумладан, Кўкхоннинг TV8  каналига берган интервьюсида воқеага ойдинлик киритилган.

“Тошкент кинофестивалга Туркия вакили сифатида бордик. 12 актёрни саҳнага чақирдилар. Икки бўш стулга икки дўстимиз ўтириши керак эди. Маданият вазирлигимиз томонидан биз юборилган фестивалда ёнимизда ўтиришни хоҳламадилар.

Саҳна орқасида "Мен бормайман, мен чиқмайман" деган эркак киши товуши эшитилди. Орқада Буракдан бошқа яна ким бор эди, фақат у бор эди. Бир турк югуриб бориши керак бўлган бошқа туркнинг Ватанига пул учун кетяпсиз. Бу қандай турклик? У пул олдими-йўқми билмайман, лекин биз ҳеч бир манфаатcиз ўша ерда эдик. Бу дўстларимизнинг ниятини тушунолмадик, кайфиятимиз бузилди. Кейин мен унга ҳасад қилганим айтилиб, миш-мишлар тарқалди. Мен унинг нимасига ҳасад қиламан", – деган Сардор Кўкхон.

Воқеа бўйича айрим тахминлар

Шу ўринда айрим саволлар очиқ қоляпти ва айрим тахминлар ўртага чиқяпти.

Нургул айтганидек, англашилмовчилик ташкилотчиларнинг айби бўлса, актёрлар сценарий билан қисман таниш бўлмаганми?

Биринчи тахминга кўра, саҳнада 12 стулнинг қўйилгани ва Яшилчой 2 марта такрордан чақирилгани сценарий бўйича ҳамма турк актёрлари бирга чиқиши керак бўлганини кўрсатади. Яшилчой ва Бурак таклиф қилингач, 2 турк актёри инжиқлик қилиб қолган. Сардор Кўкхон айтганидек, улардан саҳнага чиқиш талаб қилинган-у, улар буни рад этган.

Ёки актёрлар сценарий билан таниш бўлмаган ёки воқеа бундай тус олишини билмаган. Бир юртдан келаётган актёрлар ўзлари билан кимлар келаётганини билиши, ички низоси бўлса, буни ташкилотчиларга билдириб қўйиши керак эмасмиди?

Яна бир тахмин шуки, афтидан Нургул чиқишни истаган-у, Бурак истамаган. Охирги дақиқаларда асл сценарий бошловчи Шаҳзода Муҳаммедова айтган сценарийга ўзгариб қолган. Бундай дейилишига асос Нургул саҳнага чиққач томошабинлардан узр сўрагани, кейин ҳам Сардорбейни ҳурмат қилишини айтиб чиққани бўлади. Бироқ ҳали воқеага Бурак Ўзчивит бирор муносабат билдирмади.

Мавзуга оид