Жаҳон | 09:13 / 19.09.2022
11771
3 дақиқада ўқилади

Ереванда намойишчилар Арманистоннинг КХШТдан чиқишини талаб қилди

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқса, Ереван Ғарбдан ҳарбий ёрдам олиши мумкин, дея маълум қилди намойишчилар. Уларнинг акцияси Нэнси Пелосининг Арманистонга ташрифи чоғида содир бўлди.

Фото: ТАСС

18 сентябр, якшанба куни Ереван марказидаги Озодлик майдонида митинг бўлиб ўтди, унда иштирокчилар Арманистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)дан чиқишини талаб қилди. ТАСС хабарига кўра, митингга бир неча юз киши йиғилган. 

Яна бир неча юзлаб фаоллар аввалроқ АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси келган «Гафесчян» санъат маркази яқинида митинг ўтказди. Улар, жумладан, Арманистон КХШТдан чиқса, Ғарбдан ҳарбий ёрдам олиши мумкинлигини таъкидлаган. 

Акцияларда Арманистон Европа партияси (АЕП)нинг раис Тигран Хзмалян бошчилигидаги вакиллари иштирок этди, деб ёзади «Интерфакс». Хзмаляннинг сўзларига кўра, Россия ва Туркия «арманларга қарши шартнома» имзолаган, натижада Тоғли Қорабоғ қўлдан чиқарилди. «Агар биз КХШТ ва Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)дан чиқиб, НАТО ва ЕИга қўшилсак, ўшанда йўқотилган ерларимизни қайтарамиз», — деди журналистларга АЕП раҳбари. 

Нэнси Пелоси 17 сентябр куни Озарбойжон билан чегарадаги можаро авж олган бир пайтда Арманистонга учиб кетди. Якшанба куни «Гафесчян» санъат марказида нутқ сўзлаб, у АҚШ Арманистон хавфсизлиги ва демократиясини қўллаб-қувватлашига ишонтирди. 

Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Пелосининг баёнотларини танқид қилди. Унинг Боку Ереван билан чегарада можаро бошлагани ҳақидаги баёноти «Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга жиддий зарба бўлди», дея билдирди Озарбойжон ТИВ. «Бундай бир томонлама қадамлар ва асоссиз баёнотлар минтақадаги мўрт тинчликни мустаҳкамлашга эмас, аксинча, кескинликни кучайтиришга хизмат қилади», — дейилади ТИВ баёнотида. 

13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон-Озарбойжон чегарасида можаро авж олди. Жанглар натижасида 230 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Ереван Бокуни чегарадаги шаҳар ва қишлоқларни ўққа тутишда айблади. Озарбойжон ўққа тутилиши Арманистоннинг «кенг кўламли провокацияси»га жавоб эканлигини айтди. 15 сентябрга ўтар кечаси томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди. 

Арманистон расман ёрдам сўраб Россия ва КХШТга аъзо давлатларга мурожаат қилди. Бунга жавобан КХШТ «мавжуд вазиятни баҳолаш» учун ўз миссиясини юборишга қарор қилди. 

Мавзуга оид