Жаҳон | 21:14 / 21.09.2022
17587
2 дақиқада ўқилади

Бен Уоллес: «Украина бу урушда ғалаба қозонмоқда»

Буюк Британия мудофаа вазири РФ сафарбарлик эълон қилиши — босқин муваффақиятсизликка учраганини тан олиш ҳисобланишини айтди.

Фото: Defence Secretary in Olsztyn

Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллеснинг ҳисоблашича, Россияда сафарбарлик эълон қилинганини Кремл Украинага босқин муваффақиятсизликка учраганини тан олиши сифатида баҳолаш мумкин.

«Путин ва унинг мудофаа вазири ёмон қуролланган ва ёмон тайёрланган ўн минглаб фуқароларини ўлимга йўллади. Ҳеч қандай таҳдид ва тарғибот Украина бу урушда ғалаба қозонаётгани, халқаро ҳамжамият бирлашгани ва Россия глобал қувғиндига айланаётганини яшира олмайди», — дейилади Уоллеснинг Reuters агентлиги келтирган баёнотида.

Владимир Путин Россияда 21 сентябр куни «қисман сафарбарлик» эълон қилди. Ҳукумат захирадагилардан 300 минг кишини сафарбар қилишни режалаштирмоқда. Биринчи галда армияда ҳарбий хизматни ўтаб, захирада қолиш учун шартнома тузганлар, кейин — захирадагилар чақирилиши тахмин қилинмоқда. Ҳозирча РФ ҳукумати сафарбарликнинг аниқ параметрларини ошкор этмади.

Буюк Британия — урушда Украинани фаол қўллаётган давлатлардан биридир. Британия ҳукумати Украинага қурол-яроғ етказиб бермоқда, молиявий ва моддий ёрдам кўрсатмоқда, шунингдек, Украинага босқинга жавобан Россияга қарши бир қанча санкциялар пакетини қабул қилган.

Мавзуга оид