Жамият | 15:18 / 21.09.2022
12651
2 дақиқада ўқилади

“Болам яшаши учун имкон излайман”: бир ёшга тўлмай туриб уч операция қилинган гўдакнинг онаси

Сусанна ёлғиз гўдагининг яшаб кетиши учун курашмоқда. Унинг қизи Ўлмасой ҳали 1 ёшга ҳам тўлмаган. Аммо гўдак она сутини ҳам юта олмайди. Сабаби қизалоқ қизилўнгачнинг туғма хасталиги билан дунёга келган.

Бу касаллик жуда ноёб, шу боис даволаниши ҳам мураккаб. Ҳозир чақалоқ ошқозонига ўрнатилган махсус мослама орқали сунъий овқатлантирилади. Бу унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона чораси. Лекин бу дарднинг давоси топилмаса, боланинг ҳаёти хавф остида қолади.

“2022 йилнинг феврал ойида қизим дунёга келди. Афсуски туғуруқхонада шифокорлар унинг ўзи мустақил овқат юта олмаслигини айтишди. Ўзим мусулмон бўлганлигим учун унга Ўлмасой деб исм қўйдим. Узоқ текширувлардан кейин қизилўнгачида тешик борлиги маълум бўлди. Операция қилиш кераклиги айтилгач, бир амаллаб биринчи операцияни ўтказдик. Ҳаммаси яхши ўтди, аммо қизилўнгачдаги тешик ёпилмади. Иккинчи операциядан кейин ҳам шу аҳвол такрорланди. Учинчи марта хорижлик шифокорлар томонидан жарроҳлик йўли билан қизимга ташқаридан овқатлантириш учун қизилўнгачига эзофагостома ва ошқозонига гастростома ўрнатилди.

Яъни у ўзи овқатлана олмайди, ошқозонига ўрнатилган махсус тешик орқали озиқланади. Яна битта мураккаб операциядан сўнг болам мустақил овқатлана олиши мумкин. Бу операциямиз ноябр ойининг бошларида Москвада ўтказилиши керак. Унга бошқа қизилўнгач ўрнатилади. Бу жуда мураккаб амалиёт бўлиб, операция 6 соат давом этишини айтишди. Операция харажатлари катта маблағ талаб қилади, битта операциянинг ўзига 20 минг АҚШ доллари атрофида маблағ сарфланар экан. Лекин менда бу пул йўқлиги учун ёрдам сўраяпман. Ўзим ёлғиз онаман, шу қизимдан бошқа фарзандим йўқ. Унинг яшашини жудаям хоҳлайман”, - дейди Сусанна Измайлова.

Ўлмасой Измайлованинг онаси Сусанна Измайловага тегишли карталар:

Uzcard: 8600 0604 7406 3493

Ҳумо: 9860 0801 1002 9461

Виза: 4195 2500 4835 0951

Манзил: Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, 23-квартал, 2-уй, 19-хонадон.

Мавзуга оид