«ДХР»да ўлимга ҳукм қилинган ёлланма жангчилар асирликдан озод қилинди
Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «Донецк халқ республикаси» ҳукумати Украина учун жанглар давомида асир тушган 10 нафар хорижлик ёлланма жангчиларни, жумладан беш нафар британияликни қўйиб юборди. Бунга Саудия Арабистони томони воситачилигида эришилган; улар Россия ва Украина ўртасидаги йирик асирлар алмашинуви жараёнининг бир қисми бўлган.
Беш мамлакат фуқаролари бўлган ўн нафар кўнгилли озод қилингани ҳақида чоршанба куни Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги эълон қилди, гап Марокаш, АҚШ, Британия, Швеция ва Хорватия фуқаролари ҳақида кетаётгани айтилди, аммо хабарда уларнинг шахсига аниқлик киритилмади.
Вазирлик баёнотида хорижлик кўнгиллилар валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон воситачилигида Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий асирлар алмашинуви доирасида амалга оширилгани маълум қилинган.
Кейинроқ, Украина раҳбарияти украиналик ҳарбий асирларнинг катта гуруҳи озод қилингани, улар орасида «Азовстал» мудофаасида иштирок этган қўмондонлар ҳам борлигини эълон қилганида кимлар кимларга алмаштирилгани аён бўлди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермакнинг баёнотларидан маълум бўлишича, хорижлик ёлланма жангчилар 55 нафар россиялик ҳарбий асир ва Путиннинг яқин одами Виктор Медведчукка алмаштирилган. Бу келишув доирасида яна 200 нафар украиналик ҳарбий ва «Азовстал»ни мудофаа қилган «Азов» полкининг беш нафар қўмондони ҳам асирликдан қайтган.
Британия соғлиқни сақлаш вазири Роберт Женрик озод қилинган британияликлардан бирининг шахсини ошкор қилди - Эйден Аслин.
«Мен ўзимнинг сайлов округимда истиқомат қилган Эйден Аслин ва Россия ҳукумати тутиб турган бошқа британиялик ҳарбий асирлар ниҳоят озодликка чиққани ва Британияга қайтаётганидан мамнунман» деб ёзди вазир.
Қолганларнинг номлари расман эълон қилинмаган, аммо «ДХР»да бу асирларнинг суд жараёни саҳналаштирилганидан келиб чиқиб, BBC ва бошқа нашрлар катта эҳтимол билан гап Шон Пиннер, Жон Ҳардинг, Эндрю Ҳилл ва Дилан Ҳили ҳақида кетаётганини ёзмоқда.
Июн ойида Эйден Аслин ва Шон Пиннер билан биргаликда марокашлик Саадун Иброҳим ўлимга ҳукм қилинганди. Марокашлик асир ҳам айни вақтда Саудия Арабистонида бўлиб турибди.
Бундан ташқари, Хорватия фуқароси Векослав Пребег ва швециялик кўнгилли Матиас Густавссон асирга тушгани ҳақида хабар қилинганди. Шунингдек, ОАВга Украина учун жанглар вақтида асир тушган икки америкалик номи ҳам маълум - Александр Дрюке ва Энди Ҳюн.
Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли британияликлар озод этилгани муносабати билан баёнот берган, аммо у ҳам уларнинг исмларини ошкор қилмаган. Ўз баёнотида Клеверли саудияликлардан фарқли равишда бу жараёнда бошқа шахслар ҳам муҳим ўрин тутганини айтиб ўтган.
«Президент Зеленский ва унинг жамоасига асирларни озод этишдаги иштироки учун, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ва унинг жамоасига кўрсатилган ёрдам учун миннатдорчилик билдираман», деган британиялик вазир.
Клеверли британиялик кўнгилли Пол Юри июл ойида асирликда вафот этганини афсус билан эслаб ўтган.
Мавзуга оид
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22 / 24.12.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024