Ўзбекистон | 15:03 / 22.09.2022
20083
2 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими этиб тасдиқланди 

Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сессияда Тошкент вилоятига ҳоким тайинлаш бўйича ташкилий масала кўриб чиқилди. Президент 2021 йил ноябрь ойидан буён Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Зойир Мирзаев номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.

Тошкент вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими этиб тасдиқланди. 

Сессия якунида президент халқ вакиллари томонидан юксак ишонч билдирилган Зойир Мирзаев энди ўз фаолиятида адолат, садоқат, ҳалоллик, масъулият, фидойилик каби хислатларни намоён этиб, Тошкент вилояти аҳлига астойдил хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.

Бунда, энг аввало, халқ дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал этиш, инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш бўйича ишларни амалга ошириши зарурлиги қайд этилди.

2021 йил ноябр ойида Тошкент вилояти ҳокимлигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда 2021 йил январидан буён Тошкент вилоятига раҳбарлик қилиб келган Даврон Ҳидоятов лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнига Қашқадарё вилоятига раҳбарлик қилиб келган Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Тошкент вилоятида мустақиллик йилларида жами 14 нафар ҳоким ишлаган ва вилоят бу борада республикада биринчи ўринда (бундан кейинги натижа Самарқанд вилоятига тегишли - вилоятнинг ҳозирги раҳбари Эркин Турдимов 12-раҳбар бўлиб турибди).

Мавзуга оид