Ўзбекистон | 11:08 / 24.09.2022
4333
3 дақиқада ўқилади

Meta компанияси вакиллари АКТ вазири ва АОКА директори билан учрашди

23 cентябр куни ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Meta компаниясининг Хитой, Мўғулистон ва Марказий Осиёдаги давлат сиёсати бўйича бошқарувчи директори Жорж Чен бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Фото: АОКА

Маълум қилинишича, учрашувдан мақсад – Ўзбекистонни минтақавий IT хабга айлантириш бўйича президент топшириғи ижросини таъминлаш ҳамда Meta компанияси билан ҳамкорликда ёшларга қўшимча онлайн даромад топиш имкониятларини яратиш.

Учрашувда Meta компанияси вакили томонидан «Metaverse» лойиҳаси доирасида қўшма тренинглар ўтказиш, инновацион ишланмаларни республикага жалб қилиш, шунингдек, миллий IT хизматларнинг экспорт қилиш имкониятлари бўйича таклифлар берилган.

Шунингдек, компания вакили Марказий Осиёда биринчи марта Meta Blueprint рақамли маркетинг бўйича махсус ўқитиш ва сертификатлаш дастури расман тайёр эканини билдирди. Мазкур дастур доирасида тингловчилар «Facebook» ва «Instagram» ижтимоий тармоқларида бизнесни илгари суриш, реклама самарадорлигини ошириш самарадорлиги методологиялари ва ушбу платформалар тизими ишлаш тамойиллари бўйича билим олишлари мумкин. Бундан ташқари, тадбиркор аёллар фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида электрон тижорат платформалари имкониятлари бўйича ўқув-семинарларини ташкил қилиш имкониятлари мавжуд экани айтилди.

23 сентябрь куни Meta компанияси делегацияси билан АОКА директори Асад Хўжаев ҳам учрашув ўтказди. Учрашувда Meta компанияси маҳсулотларини Ўзбекистонда кенг оммалаштириш масалалари ва бу борада ҳамкорлик кўриб чиқилган.

«Ўз ўрнида, Асад Хўжаев ижтимоий тармоқларда мамлакат ёшлари учун давлат тилида фойдали маълумотларни чоп этишни кўпайтириш, шунингдек, фейк маълумотлар, терроризм, экстремизмга оид ва бошқа қонунчилик билан тақиқланган материалларни тарқатишни чеклаш бўйича янада кенгроқ ҳамкорлик ўрнатиш лозимлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди», – дейилади АОКА хабарида.

Эслатиб ўтамиз, ўз ичига Facebook ва Instagram ижтимоий тармоғи, WhatsApp мессенжери, Oculus ва бошқа сервисларни олган Facebook компанияси 2021 йилда ребрендинг қилган ҳамда ўз номини Meta’га ўзгартирган эди.

Мавзуга оид