Жаҳон | 20:42 / 17.12.2024
801
2 дақиқада ўқилади

Ирландия регулятори Meta компаниясини 251 млн евро жаримага тортди

Ирландиянинг маълумотлар ҳимоя қилиш комиссияси Facebook ижтимоий тармоғидан маълумотлар сизиб чиқиб кетгани учун жарима белгилади. Ушбу воқеа 2018 йилда содир бўлган эди.

Фото: AP

Ирландиянинг маълумотлар ҳимоя қилиш комиссияси Facebook ижтимоий тармоғидан маълумотлар сизиб чиқиб кетгани учун Meta компаниясини 251 миллион евро жаримага тортди.

Регулятор хабарида қайд этилишича, гап 2018 йил сентябрда юз берган ҳолат тўғрисида кетмоқда. Ўшанда ҳакерлар ҳужуми натижасида Facebookʼнинг 29 миллионга яқин фойдаланувчисининг, жумладан, Европа Иттифоқидаги 3 миллион фойдаланувчининг шахсий маълумотлари тарқалиб кетган.

Европа Иттифоқининг 27 давлати бўйлаб ўрнатилган қатъий махфийлик режимига кўра, Ирландия регулятори Meta’нинг махфийлик сиёсатини тартибга солувчи асосий орган ҳисобланади, чунки компаниянинг минтақавий штаб-квартираси Дублинда жойлашган.

Компания чиқарилган жарима қарори юзасидан апелляция киритишини маълум қилди. «Ушбу қарор 2018 йилги воқеага боғлиқ. Биз муаммо аниқланган заҳоти уни бартараф этиш чораларини кўрганмиз», — дейилади компания хабарида.

Эслатиб ўтамиз, октябр охирларида Ирландиянинг маълумотлар ҳимоя қилиш комиссияси фойдаланувчиларга тегишли шахсий маълумотларни ноқонуний равишда қайта ишлаган LinkedIn ижтимоий тармоғини 310 миллион евро миқдорида жаримага тортганди.

Мавзуга оид