Жаҳон | 17:10 / 28.11.2024
2935
2 дақиқада ўқилади

Марк Цукерберг Трамп билан унинг Мар-а-Лаго қароргоҳида учрашди

Meta вакилига кўра, Цукерберг «кечки овқат вақтида президент Трамп жамоасига қўшилиш таклифидан ва унинг аъзолари билан учрашиш имконияти тақдим этилганидан миннатдор эканини билдирган».

Фото: AFP

Facebook асосчиси Марк Цукерберг АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп билан унинг Мар-а-Лагодаги қароргоҳида учрашди. Бу ҳақда Трампнинг маслаҳатчиси Стивен Миллерга таяниб Fox News хабар берди.

«Марк Цукерберг кўриб турганимиздек, Доналд Трамп бошчилигида бутун Америка, бутун дунёда содир бўлаётган ўзгаришлар тарафдори ва иштирокчиси бўлиш ниятини жуда аниқ билдириб ўтди», — дейди Миллер.

Унинг қўшимча қилишича, Цукербергнинг «ўз манфаатлари бор», аммо Трампнинг иккинчи муддатини Facebook асосчиси «миллий янгиланиш» имконияти сифатида кўрмоқда.

Трамп билан бўлиб ўтган учрашувни Мета вакили CBS News’га тасдиқлаб, Цукерберг «кечки овқат вақтида президент Трамп жамоасига қўшилиш таклифидан ва унинг аъзолари билан учрашиш имконияти тақдим этилганидан миннатдорлигини билдирган».

2021 йил 6 январ куни Капитолийга бостириб кирилганидан кейин Facebook Трампни блоклаб қўйганди. Бунга у ёзган постлар зўравонликни тарғиб қилгани айтилган. 2023 йил бошида собиқ президентнинг Facebook ва Instagramʼдаги аккаунтлари қайта тикланган, аммо маълум бир чекловлар билан. Июлда Meta ушбу чекловларни олиб ташлаган.

2024 йил августда Трамп ўзининг «Американи қутқариш» китобида Цукерберг билан учрашгани ва 2020 йилги сайловларда унга қарши «ҳақиқий фитнани режалаштиргани» ҳақида ёзган. Гап Цукерберг ва унинг рафиқаси Приссилла Чан бутун мамлакат бўйлаб ҳукумат сайлов комиссияларига ёрдам бериш учун иккита нотижорий ташкилотга 400 миллион доллар хайрия қилгани ҳақида кетмоқда. Ушбу китобида Трамп Цукербергга яна бир бор шу ишни такрорласа, у «умрининг охиригача қамоқда ўтириши»ни ваъда қилган.

Сайловолди кампанияси доирасида Цукерберг бирор-бир номзодни қўллаб-қувватлашдан бош тортиб, сайловларда қандайдир йўллар билан иштирок этишни «режалаштирмаётганини» айтганди.

Мавзуга оид