Жамият | 17:30 / 25.09.2022
20102
5 дақиқада ўқилади

Жамоатчилик ғалабаси: омма фикри билан ҳисоблашилаётгани ростми?

Ҳар қандай демократик давлат борки аҳолининг фикри мунтазам ўрганилиб борилади. Муҳим сиёсий масалалар бўйича тўлақонли институтлар ишлайди, жамоатчилик кайфияти, трендга чиққан масалалар кузатилади, раҳбариятга мунтазам ахборот ва ечимлар борасида таклифлар киритилади. Ўзбекистонда ҳам шундай жараёнлар йўлга қўйилаётгани қувонарли. Бундай дейишга асос бор – жамоатчилик фикри бир неча йўналишларда конкрет натижаларга эришди.

Фото: Cemile Bingol/Getty Images

Тонировка

Бу масала ҳам жуда узоқ “чайналди”. Қизиқ жиҳати – маълум онларда ҳатто UzAuto Motors монополиясидан ҳам кўпроқ муҳокама қилинди. Автомобили борлар ҳам, йўқлар ҳам шу қадар норозилик билдиришдики, “бахт мезони қорайтирилган ойнада” деб ўйлаб қолиш даражасига етилди.

Ва ниҳоят бу ерда ҳам муаммо президент даражасига олиб чиқилди ва бир кунда, бир дақиқада ечим топди. 1 июлдан автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш бепул бўлди, олд ва орқа ён ойналарни тўлиқ қорайтириш тўловлари 6 баробаргача арзонлаштирилди. Ўша кунлари бир ажиотаж бўлгани рост. Аммо ҳозирга келиб тонировка қилиш ҳам, унга қизиқиш ҳам анча сусайган. Аслини олганда ўша тақиқлар ва қиммат нархларгина катта эътиборни жалб қилиб тургани аён бўлмоқда.

Мактаб формаси

Ҳар мавсумда такрор бўладиган бу муаммо аслида тугал ечилмаган. Шунчаки тиш оғриғи қолдирилди, даволанмади. Чунки мактаб формаси бўйича қарор амалда, унга кўра рўмол масаласи очиқ турибди. Ҳар бир мактаб раҳбари вақти келса антиқаҳрамонга айланиб қолиши мумкин.

Мактаб формаси, айниқса рўмол ёз бўйи муҳокама марказида бўлди ва мактаблар очилиши олдидан ечим топилди. Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов миллий қадриятлардан келиб чиқиб, ўқувчи-қизларнинг мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келиши ман этилмаслигини билдирди. Аммо тез орада бу баёнот ҳукумат қарорига зидлиги эсга олинди.

Яна вазирнинг ўзи бу масала ҳам ечилишини маълум қилди ва жорий йил 8 август куни ҳукумат қарорига тегишли ўзгаришлар албатта киритилиши, бу фақат вақт масаласи эканини айтди.

Экологик фаоллик

Бу кўпроқ глобал муаммонинг локал кўринишларига жамоатчиликнинг кескин реакцияси билан намоён бўлмоқда. Дарахтлар кесилиши, уларга зарар етказилиши ҳамон катта масштабларда давом этаётган бўлса-да, ҳолатларга аҳоли норозилиги акс этиши, бунинг ортида турли чоралар кўрилиши ҳам кўп кўзга ташланяпти.

Энг кўзга кўринарли ҳолат пойтахтнинг Чилонзор туманида содир бўлди. Чилонзор кўчасидаги дарахтларга зарар етказилиши ортидан нафақат ҳоким, балки туман прокурори ҳам лавозимидан четлатилди. Катта шов-шув кўтарилганидан кўп ўтмай бу ҳолат янада оғирроқ шаклда қайтарилди. Чилонзорда жойлашган шаҳар прокуратурасининг шундоққина рўпарасида “Dream House Stroy” МЧЖга тегишли, қурилиш учун ажратилган 0,20 гектар ер майдонидаги 58 дона ҳар хил турдаги манзарали дарахт бир кечада кесиб ташланди. Тез орада табиатга етказилган 797,7 млн сўм зарар қурувчи ташкилот раҳбари томонидан тўлиқ қопланган, жиноят иши доирасида 3 нафар гумонланувчи шахс ушлангани маълум қилинди.

Кесаётганлар шу жаримага тортилиши, яна терговда ҳам озгина овора бўлишларини яхши билишгани аниқ. Ердан, қурилишдан келадиган даромад бу “майда-чуйдалар”га чидашга арзийди.

Китоблар ижараси

Жуда катта шов-шув кўтарган ва жуда жиддий натижа. Ўзи китоблар ижараси учун пул ундириш 20 йилдирки амал қилиб келаётганди. Кўпчилик буни бепул таълим кафолатланган конституцияга зид ҳисоблар, озчилик эса бош қомусда айнан таълим назарда тутилгани, китоблар ва бошқа ашёлар учун тўлов зарурлигини таъкидларди.

2022-2023 ўқув йилида бу масала катта муҳокамалар марказига чиқиб кетгани китоблар ижарасининг бирданига 3 баробардан ортиқ қимматлаб кетиши жиддий норозиликлар келтириб чиқарди. Дастлаб тегишли вазирлик ва ташкилотлар бу ҳолатни турли шаклда изоҳлашга ҳаракат қилишди. Аммо жамоатчилик босими сусаймади ва яна масала энг юқори даражага олиб чиқилди ва президент нафақат бу йил, балки келажакда ҳам дарсликлар бепул берилиши, харажатлар бюджетдан қопланиши зарурлиги бўйича топшириқ берди. Бу қарор аҳоли ўртасида хурсандчилик билан кутиб олинди.

Ўзбекистонда жамоатчилик фикри билан ишлаш тажрибаси энди шаклланиб бормоқда. Узоқ йиллар давомида бу нарсага эътибор берилмаган, панжа ортидан қаралган. Албатта, ҳозирча ютуқлар ҳам камтарона. Автомобиллар ишлаб чиқариш монополияси, растаможка, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” нархлари ва танлов қолдирмаётгани, коррупция ортидан юқори эшелонларда терговлар бошланмагани афсусланарли. Лекин умид бор, энг муҳими – жамоатчилик фикри тош боса бошлади.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид