Ўзбекистон | 16:30 / 17.12.2019
20280
9 дақиқада ўқилади

Сайлов: бизнинг фикримиз кимга қизиқ?

Блогер Шаҳноза Соатова «Сайлов: бизнинг фикримиз кимга қизиқ?» сарлавҳали мақоласида сайловолди тарғиботи вақтида жамиятда жамоатчилик фикрига эътибор қай аҳволдалиги юзасидан мулоҳазаларини баён этди.

Бугун сайлов ўтказилса, қайси партия ғолиб бўлар эди? У ёки бу партиянинг рейтинги қандай (борми ўзи)? Бу рейтингга нима таъсир қилади? Партиялар ўзлари ва рақиблари ҳақида жамоатчилик фикрини биладиларми? Умуман, улар сайловолди кампаниясини нимага асосланиб ва ким учун олиб борадилар?

Бу саволларнинг бари демократиянинг муҳим инструментларидан бўлган жамоатчилик фикри ва уни ўрганиш масаласига бориб тақалади.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш нима учун керак?

Машҳур социолог Жорж Галлап жамоатчилик фикрини ўрганиш «демократияни ҳаққоний ва ишонарли» қилади, яъни асослайди деган эди. Шунингдек, у жамиятнинг кайфияти ва қарорларига бевосита таъсир кўрсатадиган воситадир.

Эсингизда бўлса, «Insider.uz« каналининг бош вазирликка номзодлардан қайси бири яхши деган мазмундаги сўровномаси анча шов-шувга сабаб бўлган эди.

Шундан сўнг Адлия вазирлиги махсус баёнот билан чиқиб, бош вазирни тайинлаш процедураларини ҳам эслатди ва бундай нопрофессионал сўровномалар ўтказмасликка чақирди.

Бундан ташқари, машҳур блогерларнинг каналларида сайловга доир бир нечта сўровномаларга кўзим тушди. Ўзим ҳам «Сайловда қатнашасизми?» деб ўқувчиларимдан сўрадим. Албатта, бундай виртуал сўровномаларда кўп одам иштирок этади (масалан, «Insider.uz»нинг сўровномасини 143 минг одам кўрган, 33 мингдан ортиқ одам овоз берган).

Бироқ телеграмда сўровномалар билан қилинадиган спекуляциялар кўплиги учун, уларнинг натижаларини жамоатчилик фикрининг кўзгуси деб ишониб бўлмайди.

Кўчага микрофон кўтариб чиқиб ярим соатда 20 нафар ўткинчидан сўраладиган саволлар эса умуман муҳокамамиз мавзуси бўла олмайди.

Нопрофессионал сўровномалар одамларни чалғитади, нотўғри фикр пайдо қилади ва реструктив характерга эга бўлади. Бу рост.

Аммо Ўзбекистонда профессионал сўровномалар ўтказиладими?

Кунора блогерларнинг «телеграм полл» ташкил қилишидан (ҳатто шу орқали муштарий кўпайтиришга ружу қўйганидан) кўриниб турибдики, жамоатчиликнинг ўзи ўзининг фикрини билишга иштиёқманд. Шундай вазиятда нега жамоатчилик фикрини ўрганиш жуда суст ва хира олиб бориляпти?

Ҳатто бутун бошли Сайлов кодексида ҳам сайловолди жараёнларида жамоатчилик фикрини ўрганиш масаласи тилга олинмаган экан. Савол: нега бу соҳа эътиборсиз қолиб кетяпти?

Демократик давлатларда ҳукумат жамоатчилик фикри билан ҳисоблашади, уни ўрганиб, биринчидан, ўз хатти-ҳаракатларини таҳрирлайди, иккинчидан, жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишга ҳаракат қилади.

Жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганиб бориш ҳокимиятнинг ўз халқи фикрини эътиборга олиши, ҳурмат қилиши ва у билан ҳисоблашиши белгисидир.

Ҳар қандай жамият, агар у яккаҳокимлик эмас, халқ ҳокимияти асосида мавжуд бўлса ёки мавжуд бўлишни истаса, жамоатчилик фикрини профессионал ва илмий асосланган тарзда мунтазам ўрганиб бориши ва ўрганиш натижаларини иложи борича баланд овозда жар солиши керак. Демократия шаффофлиги аслида шу бўлади. Сайлов олди жараёнларида бу жуда муҳим.

Жамоатчилик фикрига ҳурмат ва эътибор шуми?

Олдимизда бир катта умумсўров турибди – сайловлар! Биз унда ўз қароримизни берамиз, бир нималарни ҳал қиламиз. Ҳар ҳолда, шунга қайсидир маънода ишонамиз. Аммо биз шу қарорга қандай келдик? Ўзимиз онгли равишда келдикми? Умуман, қарор бердикми ё бермадикми?

Ушбу муҳим саволларга жавобни жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали билишимиз мумкин эди.

Афсуски, мана сайловларга бир неча кун қолгада ҳам, қўлимизда у ёки бу блогер томонидан телеграм каналларида ўтказилган, илмий асосланмаган, хулосаланмаган «ҳашаки сўровнома» натижалари бор, холос.

Э, узр, ундай эмас экан.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази 6 босқичли сайловолди сўровномаси ўтказибди.

Сентябрдан декабргача бўлган муддатда 864 одам (!) иштирокида телефон орқали (!!) ўтказилган ушбу сўровнома ҳақида сиз билармидингиз? Мен билмасдим, масалан.

Шу мақолани ёзиш учун изланганимда, сўровнома натижалари ўзбек тилида «Ижтимоий фикр» ва ХДП сайтларида кўринди, холос (рус тилида кўпроқ, бу ҳам айрим хулосаларга етаклайди!). Бу атайлаб қилинганми ё бехосдан шунақа бўлиб қолдими?

Аслида, жамоатчилик фикрини тўғри ўрганиб, натижалари эълон қилиб борилса, бу сайлов тарғиботи учун жуда яхши иш бўларди. Асосийси, одамлар уларнинг фикри билан қизиқишаётганини билишарди, сиёсий жараёнларга ўзларининг дахлдорлигини ҳис этарди, сайловда фуқароларнинг фаоллиги ошарди. Негадир бу иш қилинмади? Ўтказилган заифгина сўровномалар натижалари ҳам пиар қилинмади. Нега?

Партияларга ишонч даражаси қандай?

Майли, қўлимизда бор натижалар орқали хулоса қилишга уриниб кўрамиз. Ўша «Ижтимоий фикр»нинг пиар қилинмаган сўровномасида нима ҳақида гап боради ва у қандай хулосаларга етаклайди?

Эътироф этиш керак, «Ижтимоий фикр» сўровномасига сайлов олдидан ўтказилган нисбатан ишончли (илмий асосланганлиги, тажрибали мутахассислар томонидан ўтказилганлиги туфайли) манба сифатида қараш мумкин. Натижалар жуда қизиқ хулосаларга олиб бормоқда.

Сўровномада респондентларга 4та муҳим савол берилган: 1) сайлов жараёнини кузатиб боряпсизми?; 2) сайлов ҳақида қайси ахборот манбаидан маълумот оласиз?; 3) сайловларда шахсан ўзингиз иштирок этасизми?; 4) агар сайлов эртага бўлса, қайси сиёсий партияга овоз берасиз?

Шу саволлар маълум вақт оралиғида такрор-такрор, жами 6 марта, респондентларга бериб борилган. Сайловларга бир неча кун қолгани учун мени асосан 3 ва 4-саволлар қизиқтирди.

Сайловларда иштирок этиш масаласида сўнгги уч босқич натижаларини кўрсак, одамларнинг фикри прогрессив, яъни ўсиб борган. Бошида «иштирок этмайман» деганлар кўп бўлса, охирги босқичга келиб «иштирок этаман» деганлар сони ортган.

Партиялар рейтингида эса сезиларли ўзгариш йўқ, биринчи ўринда доим ХДП, иккинчи ўринда ЎзЛиДеп ва ҳоказо. Аммо охирги босқичга қараб ҳамма партияларнинг рейтинги тушиб, «ҳали ҳал қилмадим» деган жавоб варианти кўрсаткичи ортиб борган.

Партияларнинг дебатлардаги ва турли чиқишлардаги қовун туширишлари бунга сабабми ё бошқа нарсами, билмадим. Аммо натижалардан кўриниб турибдики, партияларимиз сиёсат ўйинини ўйнашни билишмайди, сиёсатчилик қила олишмайди, оғизларини очишлари билан, обрўси тушиб боряпти.

Бу биздаги сиёсий жараёнларнинг эндигина тетапоя бўлаётган ҳолати. Мана, жамоатчилик фикрини ўрганиш нима учун керак.

Сайловда қатнашиш нима учун муҳим?

Шу ўринда «сайловга қатнашасизми» деган саволга ўз жавобимни бериб ўтсам. Мен пропискам бўйича шаҳарнинг бир чеккасида, реал яшаш жойим бошқа чеккада бўлса ҳам, сайловга бораман. Чунки ҳозир энг ёмони ва биздан айримлар энг кўп кутаётгани ҳам шу – бефарқлигимиз.

Интернетда бўш қолган сайлов бюллетенларини сайлов участкасидагилар дасталаб қутиларга ташлаб қўйишаётгани, натижаларни сохталаштиришда айнан сайловга келмаганларнинг овозларидан фойдаланаётганликларини кўрган бўлсангиз керак (албатта, бошқа давлатларда). Сайловга шахсан қатнашиш бизнинг демократияга қўшган ҳиссамиз бўлади, чунки бу сайловда айримлар амалга оширмоқчи бўлган кулранг схемаларни бузиш деганидир.

Сайловга боринглар, ўзингизга маъқул, ишонган одамларга овоз беринглар, чунки айнан шулар эртага нархлар ошишиш, бюджет тасдиқланиши, касалхона ё мактаб қурилиши ёки лоббистларга имтиёз берилиши ҳақидаги қонунларга овоз беради. Сиз билан бизнинг ихтиёримиз ё ихтиёрсизлигимизни шу депутатлар ифодалайди. Сиз давлатга эмас, давлат сизга хизмат қилишини истасангиз, сиёсатга бефарқ бўлманг.

Сайлов кодексига кўра, сайловга 1 кун қолганда жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларини эълон қилиш мумкин эмас. Демак, ушбу мақола бу масаладаги биринчи ва балки охирги обзорлардан бири бўлар. Лекин бундай тадқиқотлар ва хулосалар кўп бўлиши керак. Чунки жамоатчилик фикрига қулоқ тутилмас экан, ғафлатда қоламиз. Ғафлат – энг ёмон душман. 

Мавзуга оид