Иқтисодиёт | 15:05 / 21.02.2023
28348
5 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонликларни тинглаймиз” — Жаҳон банки навбатдаги сўров натижаларини эълон қилди

Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, фуқароларда коррупцияга қарши курашдан қониқиш даражаси пасайяпти. Сўровлардан кўринишича, аҳолининг энг некбин кайфияти 2019 йил баҳор-ёз ойларига тўғри келади. Ўзини камбағал деб ҳисобловчилар сони 4 йил ичида 2 баробарга камайган.

Жаҳон банки ўзбекистонликлар ўртасида энергия узилишлари, инфляция ва коррупцияни идрок этиш, шунингдек, некбинлик, барқарорлик ва даромадлар ўсиши борасида сўровнома ўтказди.

Банк сўровларни "Тараққиёт стратегияси" маркази ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил қилган.

Жаҳон банки иқтисодчиси Уилям Зейтцнинг ёзишича, халқаро молия ташкилоти “Ўзбекистонликларни тинглаб” сўровномасини 5 йилдан бери ўтказмоқда.

Навбатдаги сўровнома натижалари 2018 йил сентябрдан 2022 йил охиригача бўлган даврни қамраб олган. Kun.uz сўров натижалари акс этган айрим графикаларни қисман ўзбек тилига ўгирди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда давлат сиёсатининг аҳоли ўртасида қўллаб-қувватланиши юқори даражада сақланиб қолмоқда. Респондентларнинг аксарияти “Мамлакат ислоҳотларнинг тўғри йўлидан кетяпти” деган фикрга қўшилишини билдирган.

Жаҳон банкининг аниқлашича, ўзбекистонликларнинг иқтисодий ҳолати пандемия ва урушдан кейин тиклана бошлаган. 2021 йил охирида 60 фоиз респондент ҳеч қандай жамғармаси йўқлигини айтган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йил охирида 57 фоизга тушган. Яъни 2023 йил декабрдаги сўров иштирокчиларининг 43 фоизи молиявий жамғармаси борлигини айтган.

Аҳамиятлиси, 2021 йил январ–апрел ойларида жамғармага эга бўлмаганлар улуши 55 фоиздан кам бўлмаган. Бунга тескари, 2022 йилнинг январидан сентябргача бўлган даврда жамғармаси йўқ респондентлар улуши 57 фоиздан пастга тушмаган.

“Ҳозир – иш топиш ва бизнес бошлаш учун қулай фурсат” деб ҳисобловчилар сони умумий тенденцияда камайиб боряпти. Ўзбекистонликлар 2019 йилнинг ёзида бу борада энг некбин бўлганини кўриш мумкин. Ўшанда “ҳозир иш топиш осон” деб ҳисобловчилар 65 фоиздан, “ҳозир бизнес бошлаш осон” деб ҳисобловчилар эса 80 фоиздан ошган.

2019 йилнинг баҳор ва ёз ойларида ўзбекистонликларда некбинлик анча юқори бўлганини бошқа кўрсаткичлар ҳам тасдиқлайди. Ўша вақтда “инфляция – мамлакат олдидаги асосий муаммо” деган фикрдаги инсонлар улуши 25 фоизгача тушган (ҳозир – 90 фоиз).

“Нархлар ҳаддан ташқари тез ўсяпти” деган фикрга қўшиладиганлар улуши эса 50 фоиздан паст бўлган (ҳозир – қарийб 90 фоиз).

Сўнгги сўровларда ҳукуматнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятидан 75 фоиз респондент қониқиш билдирган. 2018 йил сентябрда бу кўрсаткич 95 фоиз бўлгани эътиборга молик.

Айни пайтда, ўзини камбағал деб ҳисобловчилар сони камайиб боряпти. 2018 йил охиридаги сўровларда 22 фоиз респондент ўзини камбағал деб ҳисоблашини билдирган бўлса, орадан 4 йил ўтиб бу рақам 10 фоизга тушган.

Аҳоли даромадлари инфляцияга қараганда сезиларли равишда тезроқ ўсмоқда.

Россиянинг Украинага босқини оқибатлари ўз оиласига ёки Ўзбекистонга таъсир қилишидан хавотир билдирган ўзбекистонликлар улуши 2022 йил баҳорида 65-75 фоиз бўлган бўлса, кейинроқ хавотир кўлами сезиларли камайган.

Уилям Зейтцнинг қайд этишича, 2022 йилда Марказий Осиёдаги уй хўжаликларининг пул ўтказмалари орқали олган даромадлари ўсиб, камбағалликнинг қисқаришида муҳим ўринга эга бўлган. Бу борада ҳудудлар ўртасидаги фарқ қисқариб бораётгани кузатилмоқда.

Сўров натижаларига кўра, Украинада уруш бошланганидан кейин, Ўзбекистонда бир ёки бир неча аъзоси муҳожирликда бўлган оилалар улуши 2022 йил январдаги 8 фоиздан 2022 йил мартида 3 фоизга тушиб кетган. Шундан кейинги ойларда муҳожирларнинг оилалари улуши яна 9 фоизгача ўсиб, сентябр ойида – Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилингач уч ой ичида 6 фоизгача тушган.

2022 йил куз-қиш мавсумидаги кенг кўламли энергия узилишларидан кейинги аҳоли кайфияти Жаҳон банки сўровномасида ҳам акс этди. 2022 йил декабр натижаларига кўра, 60 фоиздан кўпроқ респондент электр энергиясини жиддий муаммо деб ҳисоблайди. Таққослаш учун, бир йил олдинги қишда бу кўрсаткич икки баробар паст – 30 фоиз бўлган.

Жаҳон банки энергетика ислоҳотига ҳам эътибор қаратган. Ўзбекистонда аксарият коммунал хизматлар, жумладан, электр, газ ва сув учун тарифлар ҳозирда хизмат кўрсатиш нархидан пастроқ қилиб белгиланган. Давлат тарифларни бюджетдан субсидиялайди.

Халқаро ташкилот бу тарздаги қўллаб-қувватлаш регрессив шакл эканини билдиради. Улар кам таъминланганларга қараганда юқори даромадли одамларга кўпроқ фойда келтиради. Тарифлар бозор нархидан паст ва улар харажатларни қоплай олмайди. Натижада техник хизмат кўрсатиш кечикади ва бу соҳалар инвестицияларни жалб қилмайди. Хусусий сектор (бу йўналишларга) киришга қийналмоқда, чунки инвестиция имкониятлари чекланган. Бу, ўз навбатида, тизимда узилишларни юзага келтиради.

Иситиш мавсумида узилишлар кўпайса-да, 80 фоиз респондент тариф ислоҳотини қўллаб-қувватламаслигини айтган.

Шу билан бирга, қўллаб-қувватловчилар улуши ошяпти. Хизмат сифатини яхшилаш учун электр энергияси ва газ тарифларини ошириш керак деган фикрга қўшилувчилар 2022 йил ноябр ойида тегишлича 21 ва 18 фоиз бўлган. 2020 йил баҳорида эса – 5 фоиз.

Мавзуга оид