200 долларлик фотосурат, “иш битирган” курка болалари ва қўшмачининг “танка”си – ноодатий поралар
Қашқадарёда эр ва хотиннинг телефон орқали суҳбати энг қиммат алоқа сифатида рекордлар рўйхатига киритилишига даъвогарлик қилиши мумкин: аёл турмуш ўртоғи билан қўнғироқлашиш учун 1 500 доллар тўлашига тўғри келди. Аммо алоқа компаниясига эмас. Kun.uz “Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” муносабати билан Ўзбекистонда содир қилинган бироз ноодатий коррупцион ҳолатларни тўплади.
Ўзбекистонда коррупцион ҳолатларнинг аксарияти соҳалар кесимида бир-бирига жуда ўхшаш: таълим ва тиббиёт тизимида ишга жойлаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида жиноятни яшириш, “дело” очмаслик, маҳаллий ҳокимликлар ва кадастр йўналишида ер олиб бериш, ҳужжатлаштириш, экология тизимида эса чора кўрмаслик билан боғлиқ порахўрлик ҳолатлари кўп учрайди. Бироқ баъзида булардан фарқли равишда ноодатий порахўрлик ҳолатлари ҳам содир этилади.
3 минг долларлик “алоқа”
Қашқадарёда турмуш ўртоғи билан телефонда гаплашмоқчи бўлган аёлдан 3 минг АҚШ доллари пора сўралди. Негаки, аёлнинг эри жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган эди.
Гап шундаки, ИИВ Жазони ижро этиш Департаменти, 6-минтақавий ҳудуд, 1-сонли жазони ижро этиш колониясида тарбиявий ишлар бўлими катта инспектори лавозимида ишлаб келган Жасур Юнусов (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) “алоқачи”лик қилиб пул топмоқчи бўлган.
У жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг 2015 йил 1 апрелдаги ҳукми билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва жазо муддатини ўтаётган маҳкумга оила аъзолари ва яқин танишлари билан яширин равишда телефон орқали алоқага киришишга шароит яратиб берган. Жумладан, Жасур Юнусов маҳкумни ўзида сақлаб келган телефон аппарати орқали турмуш ўртоғи билан гаплаштириб келган.
Жасур Юнусов яқинлари билан гаплашиш учун телефон тақдим қилиши эвазига маҳкумдан 3 минг АҚШ доллар талаб қилган. У 2024 йил 2 август куни Қарши шаҳрида киракаш орқали маҳкумнинг турмуш ўртоғидан 1 500 АҚШ доллари олган вақтида тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.
Суд ҳукми билан “алоқачи” инспектор Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
“Тўёначи” раҳбар
Пора гоҳида совға, тўёна, кўрмана ва бошқа номларга ўзгариб туради. Бу одатда “хавфсизлик” учун қилинади. Аммо Кадастр агентлигининг Тўрақўрғон туман бўлими бошлиғининг шундай ҳаракати иш бермади.
Суд ҳукмида баён қилинишича, Собир Учқунов ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб, фойдаланиб келган фуқарога унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳолда 51 млн сўм жарима қўлланишини билдирган. Фуқаро 2024 йил 21 август куни Кадастр агентлиги Тўрақўрғон туман бўлимига келиб, Собир Учқунов билан учрашган ҳамда 51 млн сўм маъмурий жарима қўлламасликни сўраган. У томорқасининг ер участкасига тегишли ҳужжатларини расмийлаштираётганини, тез орада уларни тақдим этишини айтган.
Собир Учқунов эса бир ходимининг тўйи бўлаётганини айтиб, фуқародан ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширгани учун иш қўзғатмаслик эвазига тўёна беришини талаб қилган. Фуқаро фарзандларига ўқув қуроллари олиш учун бир танишидан 100 доллар қарз кўтарганини, шу маблағни беришини, бошқа пули йўқлигини маълум қилган. Бўлим бошлиғи тамагирлик йўли билан яна 300 доллар “тўёна” сўраган.
2024 йил 22 август куни фуқаронинг аризаси асосида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Собир Учқунов Тўрақўрғон тумани Оқтош маҳалласи ҳудудида ўзининг Lacetti машинасида 300 долларни пора тариқасида олган. Сўнгра машинасини ҳаракатлантириб, ИИБ ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, 300 долларни машина ойнасидан улоқтирганича воқеа жойидан қочган. Аммо у пулни олгани Наманган вилоят ИИБ ЭКБнинг хулосаси билан тасдиғини топган.
Суд ҳукми билан Собир Учқунов Жиноят кодекси 210-моддаси 2-қисмининг “в” бандида (тамагирлик йўли билан пора олиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда, шу жумладан Кадастр агентлиги тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
200 долларлик фотосурат
Ушбу порахўрлик ҳолати янада қизиқроқ. Негаки, Қоракўл туман ИИБ 1-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган Рустам Истамов коррупцион вазиятни ўзи “ижод қилиб” яратган.
Суд ҳукмида келтирилишича, Рустам Истамов ички ишлар тизимида 2002 йил июл ойидан, Қоракўл туман ИИБ 1-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида эса 2020 йил ноябр ойидан буён ишлаб келган. У жазо муддатини ўтаб чиққан фуқаронинг фотосуратини қўл остидаги профилактика инспекторлари ҳамда уларнинг ёрдамчилари орқали “Эҳтиёт бўлинг, фирибгар” ёзуви остида Қоракўл тумани Жиғачи маҳалласи ҳудудида жойлашган жамоатчилик назорат маскани ва бошқа аҳоли гавжум жойлардаги эълонлар тахтасига жойлаштирган.
Фуқаро фотосуратини олиб ташлаш борасида бир неча бор мурожаат қилган. Бироқ Рустам Истамов гарчи ушбу фотосурат эълонлар тахтасига ноқонуний жойлаштирилганлигини билса-да, уни олиб ташлашни пайсалга солиб келган.
Шу тариқа у фуқарони пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан тушириб, ундан пора сифатида 200 АҚШ доллари талаб қилган. У келишилган пулни Қоракўл тумани Қорақулончи маҳалласи ҳудудида Gobalt машинасида олганда ушланган.
Дастлабки суд инстанциясининг ҳукми билан Рустам Истамовга 1 йил ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Кейинчалик суд ҳукми ўзгартирилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.
“Иш битирган” курка болалари
Қоракўл тумани мудофаа бўлимининг собиқ бошлиғи пора тариқасида 12 бош курка боласини олган.
1976 йилда туғилган Олим Саидов ўзга бир фуқарони алдаб, уни вилоят мудофаа бошқармаси сафарбарлик чақирув резерви бўлими нозири вазифасига ишга жойлаштирганлиги учун тамагирлик қилган. У ўзининг яшаш хонадонида фуқародан кимёвий ишлов берилган 100 AҚШ доллари ва 12 бош курка боласини пора тариқасида олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.
Ишни кўриб чиққан ҳарбий суд унга 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаганди.
Қўшмачининг “танка”си
ИИБ тизимида “кўз юмганлик” учун пора олиш ҳолатлари кўп учрайди. Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Аъзам Қўлдошев шундай ҳолатнинг “қаҳрамони”.
Суд ҳукмида келтирилишича, Аъзам Қўлдошев Ф.А. исмли аёлдан Шайхонтоҳур туман ҳудудида фоҳишалик билан шуғулланишга шароит яратиб бериш, қонуний чора кўрмаслик ҳамда унга раҳнамолик қилиб туриши эвазига ҳар ойда 1 500 АҚШ доллар беришни талаб қилган.
Аъзам Қўлдошев аёлдан бир ой учун олдиндан 1 500 АҚШ долларини хизмат хонасида олган вақтда ашёвий далиллар билан тезкор тадбирда ушланган.
Суд Аъзам Қўлдошевни пора олиш жиноятини содир қилганликда айбли деб топган. Унга 2 йил ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
«Замҳоким»нинг миллион доллари
2024 йилда тезкор тадбирларда пора билан қўлга олинган амалдорлар кўп. Улар орасида энг кўп пора талаб қилган амалдорлардан бири Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари ҳисобланади.
“Замҳоким” хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда кластер шаклидаги савдо мажмуаси ташкил этиш учун 40 млн доллар миқдорида инвестиция киритиш шарти билан шаҳар ҳокимлиги захирасидаги 20 гектар ер майдонини аукцион савдога чиқартириб, ютиб бериш ва 49 йил муддатга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига 2 млн доллар талаб қилган. У олдиндан 1 млн долларни ўз ҳайдовчиси орқали олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.
Жуда кўп миқдорда пора олган ҳоким ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ҳамда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Шунингдек, йил бошида 90 минг АҚШ доллари олаётганда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган Когон тумани прокурори Баҳодир Ғуломов ҳам кўп миқдорда пора олган амалдорлардан биридир.
Мавзуга оид
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
12:00 / 11.12.2024
Нетаняҳу коррупция бўйича иш юзасидан судда кўрсатма беришни бошлади
19:25 / 02.12.2024
Навоийда пора олган ИИБ ходими озодликдан маҳрум қилинди
12:07 / 30.11.2024