Ўзбекистон | 12:08 / 01.10.2022
12902
7 дақиқада ўқилади

“Ҳозирги ўқувчиларга қаттиққўллик кифоя эмас, мақтов ва ширин сўз ҳам керак” — тажрибали педагог билан суҳбат

Нодирахон Аҳмаджонова узоқ йиллардан буён Асака туманидаги 55-мактабда дарс бериб келади. У тонг соат 6да болаларга бепул қўшимча дарслар ўтиб, ОТМга тайёрлайди. Тажрибали педагог Kun.uz билан суҳбатда ўқувчиларнинг мактабдаги ва репетитордаги ўзлаштириши ва давомати турлича экани, бунинг сабаблари ҳақида гапириб берди.

Андижон вилояти Асака туманидаги 55-умумтаълим мактаби 1938 йил қурилган. Мактаб туманнинг қоқ марказида жойлашган бўлишига қарамай, узоқ йиллар давомида капитал таъмирланмасдан қолмоқда.

Ҳозир бу ерда 2177 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактаб эса аслида 1060 нафар ўқувчига мўлжалланган.

Эски мактабда умрини ўқитувчиликка бағишлаган Нодирахон Аҳмаджонова узоқ йиллар давомида болаларга она тили ва адабиёти фанидан дарс бериб келяпти. 1 октябр – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Нодирахон опанинг фаолиятига назар солдик.

1997 йил илк бора болаларга дарс беришни бошлаган устоз минглаб шогирдлар етиштирган. У тонгги 6 дан бошлаб болаларга бепул қўшимча дарслар ўтиб, олий таълим муассасасига тайёрлайди.

“Ҳар ҳафтада 2 соатдан, бир ойда 8 соат ўқувчиларга бепул қўшимча дарс ўтаман. Аввалига 2 йил мобайнида мактабда қилиб кўрдим, бу йилдан бошлаб эса ўқув маркази ташкил қилиб, ўқув марказида ўтяпман. Шунда ҳам кимдир ҳаракат қилиб яхши ўқийди, кимдир эса йўқ, мажбурлагандек келишади.

Шу дарсни курсда қандай ўтсам, мактабдаги дарсда ҳам шундай ўтаман, назаримда тизимни ўзгартириш керакми, деб ўйлаб қоламан: синфда ўқувчилар олаётган билим билан репетиторлик курсларида олинаётган билимнинг фарқи анчагина. Репетиторга келган ўқувчи дарсни мукаммалроқ ўзлаштиради.

Синфдаги ўқувчиларнинг ҳаммасиям тилчи, таржимон ёки иқтисодчи бўлавермайди. Масалан, иқтисодчи бўлмоқчи бўлган ўқувчидан мумтоз адабиётни талаб қилолмаймиз. Ўқувчиларни иқтидорли ёки иқтидорсиз қилиб эмас, уларнинг қизиқиш ва хоҳишларни инобатга олган ҳолда синфлар ташкил қилиш керак, шундагина кутилган натижани бериши мумкин. Ўқувчи ўзи қизиққан соҳа бўйича ўқиса яхшироқ менимча, чунки унда мақсад бўлади. Ҳозирги умумий таълимимизда ўқувчида мақсад йўқ деёлмайман, лекин улар гўёки ҳамма фанни ўқишга мажбурдек.

2 йил давомида бепул, ихтиёрий, ҳафтада 3 мартадан, бир ойда 12 соат тонг саҳар эрталабдан уйқумдан воз кечиб келиб дарс ўтдим. Мен ҳайрон қолдим – 30 та ўқувчи билан бошлаган бўлсам, бир кун 25 та, бир куни 24 та, бир куни 30та, ҳар куни кимдир келмай қолаверади, ота-она масъулият билан жўнатмайди ёки ўқувчининг ўзида масъулият йўқ, буни мактабда тўлиқлигича англаб етишмас экан. Лекин ўқув марказида ўтаётган пулли курсимга тўлиқлигича, вақтида келишади. Иккаласида ҳам бир хил тизим, бир хил китобдан тест ишлатиб ўтаман дарсни. Бундан хулоса қилиб айтишим мумкин, қачонки ўқитувчи билан ўқувчининг мақсади бирлашсагина, у ўз мевасини беради”.

Нодира Аҳмаджонованинг ўқитувчи бўлишига унинг оиласидаги муҳит, шунингдек, қайнота-қайнонасининг етарли имконият яратиб бергани ва биринчи устозининг турткиси сабаб бўлган.

“Бу касбни танлашимга раҳматли устозим Мақсуда опа сабабчи бўлган. Аслида болалигимдан дизайнер-чевар бўлишни орзу қилганман. 4-5-синфдан бошлаб, укаларимга кийим тика бошлаганман, кийимларнинг андазасини ўзим чизиб, ўзим бичиб тикардим. Дадам қувонсалар бундан завқланардим. Устозим танлаган касбларимизни ёзаётганда: “Сен туғма ўқитувчисан, сендан ўқитувчи бўлишинг керак”, дегандилар. Бу онамнинг ҳам орзуси эди, улар ҳам ўқитувчи бўлишни орзу қилганлар лекин у пайтда қизларнинг ўқишини кўпчилик хоҳламагани сабабли уларнинг орзулари ушалмаган. Шу сабаблими онам ҳам менинг шу касбни эгаллашимни истаганди. Устозимнинг тавсияси ва онамнинг орзуси билан мен она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлганман.

Бу касбни эгаллашимнинг яна бир сабабчиси – дадам. Дадам заводда инженер бўлиб ишлаганлар. Касби инженер бўлса-да, уйимизда 2 мингдан ортиқ китоблари бўларди. Дадамнинг ўзининг шахсий муҳри бўлган. Бизнинг кутубхонамизда ҳеч қандай қоғоз юритилмаса-да бутун маҳалла аҳли келиб китоб олиб ўқирди. Дадамнинг китобларини ўқиб, адабиётга бўлган меҳрим янада ошган. Келин бўлиб келган уйимда ҳам қайнотам физика ўқитувчиси, қайнонам уй бекаси, лекин уйда ҳар куни Яссавий ҳикматлари, Сўфи Оллоёр, Машраб ғазаллари ўқиб таҳлил қилинаётган бўлар эди.

Бизнинг давримизда мумтоз адабиёт фани яхши ўқитилмаган, чунки ўзбек адабиётининг энг яхши, ҳақиқий асарлари халқдан яширин тутилган даврга тўғри келган ўқувчилик давримиз. Мен ўтишга қийналадиган мавзуларимни ҳеч қандай маълумоти йўқ қайнонамдан ўрганиб, дарс ўтган кунларим бўлган”.

Нодира опа ҳаёти давомида бирор марта ўз касбидан нолиган эмас. Доимо касбини севган ва уни ардоқлаган. Ҳозирда танасида дард билан курашаётганига қарамасдан, болаларга дарс ўтишни севади.

“Шу пайтга қадар бирор марта касбимдан нолимаганман. Ҳозирда соғлигимда озгина муаммолар бор. Уйда ўтирсам ҳам куним ўтади, лекин мен уйда ўтирсам оғриб қоламан. Мактабга келиб ўқувчиларни кўрсам руҳиятим кўтарилади. Дейлик, бошим оғриб мактабга келдим, ўқувчилар ва устозлар билан мулоқот давомида оғриқни ҳам унутаман. Бу менинг касбимга бўлган меҳримдан далолат. Яна қайта касб танлаш имконияти берилганда албатта ўқитувчилик касбини танлаган бўлардим”.

Қаҳрамонимиз нафақат ўқувчилар балки тумандаги ўқитувчиларнинг ҳам малакасини ошишига доимий тарзда ўз ҳиссасини қўшиб келади. Йиллар давомида тўплаган тажрибасини ҳамкасблари билан ўртоқлашади. Бундан ташқари, унинг дарсига ўқувчиларнинг давомади доимий тўлиқ бўлади. Бунинг сабабини қуйидагича изоҳлади:

“Аввалги ўқувчиларга қаттиққўллик қилардик, лекин ҳозирги ҳолатдаги ўқувчига қаттиққўллик кифоя эмас, уларни ширин сўз билан, мақтов билан, мотивация билан ушлаб туриш мумкин, қаттиққўллик билан эмас. 10 йил олдин битирган ўқувчиларимга бир оғиз гап кифоя бўлган. Ҳозирги ўқувчиларнинг диққатини тортиб оладиган нарсалар кўп, уларнинг диққатини жалб этиш ўқитувчидан катта маҳорат талаб қилади”.

Узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган Нодира Аҳмаджонова моддийлик ёки унвон ортидан қувмаган. Минглаб шогирдларга устозлик қилган ўқитувчининг мақтангулик унвони йўқ. У доим ўз шогирдларининг ютуқлари билан қувонади. Унинг медали ҳам, унвони ҳам шогирдлари кўплигидир.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.

Мавзуга оид