Жаҳон | 09:32 / 03.10.2022
8398
1 дақиқада ўқилади

Британия: Лиманнинг йўқотилиши - Россия учун жиддий сиёсий муваффақиятсизлик

Россия қўшинларининг Лимандан чекиниши, Россия «озод қилмоқчи» ва уни қўшиб олишга ҳаракат қилаётган Донецк областида жойлашгани ҳисобга олинса, РФ учун жиддий сиёсий муваффақиятсизликдир. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазирлиги эълон қилган ҳисоботда айтилади.

Фото: AFP

Вазирликнинг таъкидлашича, бу қарор аллақачон юқори мартабали амалдорлар томонидан Россия ҳарбий раҳбариятини жамоатчилик олдида ошкора танқид қилишнинг янги тўлқинига олиб келган.

«Ноқонуний босиб олинган ҳудудларда ерларнинг кейинги йўқотилиши жамоатчиликнинг яна бир танқидига ва олий қўмондонликка босимнинг кучайишига олиб келиши мумкин», дейилади ҳисоботда.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг Ғарбий ва Марказий ҳарбий округларининг кам сонли бўлинмалари, шунингдек сафарбар этилган захирадаги аскарлар Лиманда жойлашган бўлиши мумкин.

Бундан олдин Украина қуролли кучлари Донецк областидаги Лиман шаҳрини қайтариб олганди. 

Россия Мудофаа вазирлиги ушбу шаҳар устидан назорат бой берилганини тан олди ва бу Рамзон Қодиров ҳамда Россиядаги урушнинг бошқа тарафдорлари томонидан кескин танқид қилинди.

Мавзуга оид