Ўзбекистон | 20:00 / 03.10.2022
23202
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ҳайдовчи тракторга 14 та пахта ортилган тиркама тақиб ҳаракатланди

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида трактор 14 та пахта ортилган тиркама билан ҳаракатлангани тасвирланган видео тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати тракторни бошқарган шахсга чора кўрилганини маълум қилди.

Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида қоидабузар тракторчи Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган 4Р38 Жиззах-Учтепа-Навбаҳор автомобил йўлида ҳаракатлангани аниқланган.

Жиззах вилояти Пахтакор тумани Сувонобод маҳалласида яшовчи, 1990 йилда туғилган ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, “Беларус-80Х” русумли, 25ҒА314 давлат белгили тракторга 14 та тиркама тақиб ҳаракатланган.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳар йили пахта териш мавсумида тракторчилар томонидан йўл-ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланиш ҳолатлари, тиркамаларга нур қайтарувчи чироқ ёки лента тортмасдан ҳаракатланиш ҳолатлари кўпаяди. Оқибатда, енгил машиналарнинг тракторларга тақилган тиркамаларга бориб уриш ҳолатлари содир бўлади.

Жумладан, 2022 йил 1 сентябр куни тунда Андижон вилоятига тегишли Cobalt ўзидан олдинда кетаётган тракторнинг тиркамасига бориб урилган. Оқибатда икки нафар йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳайдовчи ва яна икки нафар йўловчи тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.

Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг маълум қилишича, айни вақтда Наманган вилояти миқёсида ЙҲХБ масъуллари томонидан трактор ҳайдовчилари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, тунги вақтда ёритиш чироқлари ва нур қайтаргичлар соз ҳолда ҳаракатланиш бўйича қатъий назорат қилинмоқда.

Мавзуга оид