Ўзбекистон | 19:54 / 05.10.2022
25296
8 дақиқада ўқилади

Евроиттифоққа учинчи ташриф. Мирзиёевнинг Будапештга сафарида нималарга келишилди?

Венгрия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги янги стратегик шеригига айланди. Хусусан, Жиззахда қурилажак АЭСда Венгриянинг совитиш тизимларидан фойдаланилади. Шавкат Мирзиёевнинг Будапештга ташрифининг асосий жиҳатлари – Kun.uz шарҳида.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 3–4 октябрь кунлари расмий ташриф билан Венгрияда бўлди.

Ўзбекистон делегацияси Будапешт шаҳрида Венгрия президенти Каталин Новак ва бош вазир Виктор Орбан билан музокаралар ўтказди.

Янги стратегик шериклар

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати
Фото: Венгрия президентининг матбуот хизмати

Ўзбекистон–Венгрия муносабатлари 2021 йил март ойида, Виктор Орбаннинг Тошкентга ташрифи вақтида стратегик шериклик даражасига кўтарилган эди. Мирзиёевнинг Будапештга сафари бунга жавоб ташрифи бўлди.

Мулоқотларда икки давлат муносабатлари ҳеч қачон ҳозиргичалик яқин бўлмагани бот-бот таъкидланди. Хусусан, Виктор Орбан Ўзбекистонни Венгриянинг Марказий Осиё минтақасидаги “ўта муҳим шериги” деб атади.

“Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий, хавфсизлик, иқтисодий ва энергетик нуқтайи назарлардан стратегик мақомга эга”, деди можарлар ҳукумати раҳбари.

Виктор Орбан билан тор доирадаги музокара / Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Бундан ташқари, турли йўналишларда 15 та ҳужжат қабул қилинди.

Савдо алоқалари ҳозирча анча суст

Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси охирги 5 йилда салкам 3 баробарга ўсган бўлса ҳам, рақамларни катта деб бўлмайди: 2021 йилда ўзаро савдо-сотиқ 60 млн доллар бўлган. Таққослаш учун, ўтган йили Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари топ-20талигида охирги ўринда бўлган Франция билан савдо айланмаси 280 млн доллар эди.

Будапештдаги музокараларда томонлар келажакда икки томонлама товар айирбошлашни 500 млн долларга етказишга келишиб олди. Бунда Ўзбекистон Евроиттифоқнинг “GSP+” дастурига қабул қилингани муҳим рол ўйнаши қайд этилди.

Венгрия учун алоҳида саноат зонаси

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Музокараларда ўзаро савдо-сотиқдан ташқари, сармоявий ҳамкорлик ҳақида ҳам сўз борди.

Асосий йўналишлар – қишлоқ хўжалиги, транспорт, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, сувни тежаш ва саноат соҳаларидаги кооперацияни жонлантиришга келишилди. Устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд тузиладиган бўлди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда фақат Венгрия компаниялари учун мўлжалланган алоҳида саноат зонаси яратилиши мумкин. Зона барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминланиши режа қилинмоқда.

Фото: Венгрия президентининг матбуот хизмати

Эришилган келишувлар ижросига кўмаклашиш учун Будапештда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси очиладиган бўлди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Можаристоннинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан мулоқот қилиб, уларни Ўзбекистон билан қизиқишга чақирди.

Қўшимча қилиш лозим, ташриф олдидан бўлиб ўтган бизнес-форумда қиймати 1 млрд доллардан зиёд бўлган инвестиция ва савдо битимлари имзоланган эди.

Имзоланган ҳужжатлар

Икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари / Фото: Венгрия ТИВ матбуот хизмати

Ҳужжатлар пакетида 2023-2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур, фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режаси алоҳида аҳамиятга эга.

Шунингдек, 2 та битимга ҳам имзо чекилди: “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”, “Фанни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”.

Қолган ҳужжатлар – меморандумлар. Божхона, адлия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги, узумчилик, инвестиция соҳаларида; Ўзбекистон Давлат бошқаруви академияси ва Венгрия Давлат хизмати университети, Самарқанд вилояти ва Хайду-Бихар округи, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Ташқи ишлар ва савдо институти, Тошкент давлат аграр университети ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар шулар жумласидан.

Ядро соҳасидаги ҳамкорлик

Фото: Венгрия ҳукумати матбуот хизмати

Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралардан ташқари, Ўзбекистон ва Венгрия вазирлари ва бошқа расмий шахслари ўртасида ҳам алоҳида учрашувлар бўлиб ўтди.

Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийяртонинг ўзбекистонлик ҳамкасби Владимир Норов билан ўтказган учрашувдан кейин маълум қилишича, ядровий энергетика соҳасида комплекс ҳамкорлик дастури – икки давлат стратегик ҳамкорлигининг муҳим асосларидан бири бўлади.

“У учта қисмдан иборат бўлади. Биринчиси, Ўзбекистонда қурилаётган АЭСда Венгрия совитиш тизимларидан фойдаланилади. Бундан ташқари, ушбу комплекс ҳамкорлик учун таълим асоси бўлади. Венгрия ҳар йили ўзбекистонлик олий ўқув юртлари талабаларига 170 та стипендия ажратади. Уларнинг бир қисми, ядровий энергетика соҳасидаги бўлажак инженер ва экспертлар Венгрияда тайёрланади”, – деди Сийярто.

Новак ва Орбан Ўзбекистонга келади

Шавкат Мирзиёев Қаҳрамонлар майдонидаги хотира устуни пойига гулчамбар қўйди. Будапешт / Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Венгрия президенти ва бош вазирини Ўзбекистонга таклиф қилди.

Каталин Новак Ўзбекистон етакчисининг ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга келиш таклифига жавобан, Twitter саҳифасида Тошкентга бўлажак расмий ташрифини “интиқлик билан кутаётгани”ни ёзиб қолдирди.

Виктор Орбан эса 11 ноябр куни Самарқандда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида иштирок этади. Эслатиб ўтамиз, бу ташкилот Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг ўрнига тузилган. Венгрия ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Таъкидлаш лозим, Ўзбекистон президентининг Будапештга сафарини Туркий давлатлар ташкилотида ижобий қарши олишди. Ташкилот матбуот котиби Қаҳрамон Ҳалисчелик 4 октябрни “биродар туркий давлатлар учун яна бир тарихий кун” деб атади.

Венгрия ТИВнинг Туркий давлатлар ташкилоти бўйича расмий вакили Жулиа Попелич Шавкат Мирзиёевнинг президент сифатида иккинчи муддатга сайланганидан кейин Европа Иттифоқига илк сафари айнан Венгрияга бўлганига урғу берди.

Евроиттифоқ давлатларига учинчи ташриф

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Венгрия – Шавкат Мирзиёев президент сифатида борган, Европа Иттифоқига аъзо учинчи давлат бўлди.

У бунгача 2018 йил октябрда Францияга, 2019 йил январида Германияга ташриф буюрганди.

Эътиборлиси, бу ҳар учала ташриф ҳам давлат ташрифи эмас, расмий ташриф мақомида бўлди.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Эндиликда Шавкат Мирзиёев ё ишчи ташриф, ё расмий ташриф, ёки давлат ташрифи билан борган мамлакатлар сони 19 тага етди. Ўзбекистоннинг иккинчи президенти ҳозирча энг кўп Россияга – 9 марта борган. У ҳозирга қадар Қозоғистон ва Туркманистонга 8 мартадан, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитойга эса 4 мартадан, Туркияга 3 марта ташрифни амалга оширди.

Давлат раҳбари Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Жанубий Корея, БАА ва АҚШга 2 мартадан борган бўлса, Франция, Германия, Венгрия, Озарбойжон, Беларус, Покистон ва Японияга 1 мартадан ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев шу йил охиригача илк марта Белгияга ташриф буюриб, Брюсселда Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янгиланган битимни имзолаши мумкин.

Мавзуга оид