Ўзбекистон | 10:41 / 17.10.2022
22793
2 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари туманга ҳоким бўлди

Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани ҳокими ўзгарди.

17 октябр куни Халқ депутатлари Сардоба тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, вилоят ҳамда туман секторлари раҳбарлари, депутатлар, туман фаоллари иштирок этган сессия ишида ташкилий масала кўрилди.

Ғофуржон Мирзаев / Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Вилоят раҳбари сессиядаги нутқида Сардоба туманининг салоҳияти, саноат ишлаб чиқариш ва йирик лойиҳалар татбиқ этиш имкониятлари, шунингдек, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йўл қўйилган хато-камчиликларга эътибор қаратиб, танқидий таҳлил қилди. Бундан кейинги вазифаларга, ечимини кутаётган муаммоларга тўхталди.

Шундан сўнг, бугунга қадар Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Акмал Арзиевич Мирзаев номзоди туман ҳокими лавозимига тавсия этилди.

Акмал Мирзаев / Сирдарё вилояти ҳокимлиги

А.Мирзаев 1971 йилда Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. 1997 йилда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини, 2003 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи-молиячи.

Меҳнат фаолияти давомида турли йилларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида масъул лавозимларда фаолият юритган, 2018 йил майида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарлигига тайинланганди.

Депутатлар Акмал Мирзаев номзодини туман ҳокими лавозимига бир овоздан тасдиқлади.

Бунгача Сардоба туманига Абдуазим Хидиров раҳбарлик қилиб келаётганди.

Абдуазим Хидиров / Kun.uz

Мавзуга оид