Спорт | 12:56 / 19.10.2022
27111
8 дақиқада ўқилади

Анчелотти тўртинчи футболчини «Олтин тўп»га олиб борди, Шевченко, Кака, Роналду ва Бензема – сара коллекция

Фото: Getty Images

Карло Анчелотти навбатдаги ютуққа эришди: Бензема «Олтин тўп» билан тақдирлангач, мураббий қўл остида ушбу совринга эришган футболчилар сони 4 нафарга етди. Шу пайтгача ҳеч бир италиялик мутахассис бундай кўрсаткични қайд этмаган эди.

2004 йил – Андрей Шевченко (Анчелотти қўли остида 2001-2006, 2008-2009 йилларда ўйнаган)

Ҳаммаси 2000-йилларнинг кучли «Милан»ида бошланди, Анчелотти у билан икки марта Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди. Шевченко «Челси»га ўтиб кетишдан олдин, 2003 йилда Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди. 2004 йилда «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Ўша мавсумда украиналик футболчи 24 та гол билан А Сериянинг энг яхши тўпурари бўлди ва «Милан»га 5 йил ичида биринчи марта чемпионликни қўлга киритишга ёрдам берди. Шева 2004 йил август ойида Италия Суперкубогида ҳам хет-трик қайд этган ҳолда ғалаба қозонган эди.

«Олтин тўп» учун курашда ҳужумчи Деко, Роналдиньо ва Анрини ортда қолдирди.

Яқинда «Реал» Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонгач, Шевченко Анчелоттини илиқ табриклади:

«Табриклайман, мистер. Сизга ўхшаш бошқа мураббий йўқ! Биринчи марта – 19 йил олдин Манчестерда. Чемпионлар Лигасида тўртта ғалаба, сиз тарихни ёздингиз».

2007 – Кака (Анчелотти қўли остида 2003-2009 йилларда ўйнаган)

Анчелотти Кака билан йиллар давомида бирга ишлади ва уни дунё даражасидаги футболчига айлантирди. Бразилиялик футболчи 2007 йилда «Милан»нинг Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишида муҳим рол ўйнади: 10 та гол уриб, энг яхши тўпурар бўлди, турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Ўша йили «Милан» УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб чиқди.

«Олтин тўп» учун курашда Кака (444 балл) ишончли тарзда Роналду (277) ва Мессидан (255) ўзиб кетди.

2020 йилда Кака Анчелоттини фаолиятидаги энг яхши мураббий деб айтди:

«Ҳар бир мураббийимдан нимадир ўргандим. Аммо Карло мен учун энг зўр эди, чунки у энг яхши хислатларимни юзага чиқарди. Унинг энг муҳим қобилияти – футболчиларни бошқара олиши. Бу жуда муҳим. Албатта, у тактика ва ўйинни тушунишда ҳам яхши, лекин асосийси – футболчилар билан ишлаши.

Таркибда 25 футболчи бор, улардан фақат 11 нафари майдонда ўйнайди, қолганларини нима қилиш керак? Қандай қилиб уларнинг иштиёқини ўлдирмайсиз? Футболчилар уни ҳар доим илиқ сўзлар билан эслашади».

2014 йил – Криштиану Роналду (Анчелотти билан 2013-2015 йилларда бирга ишлаган)

Анчелотти ва Роналду биргаликда 4 та совринни қўлга киритишди ва «Реал»ни Чемпионлар Лигасидаги 10-ғалабасига олиб келишди (мадридликлар бу совринни 2002 йилдан бери қўлга киритолмаган эди). Криштиану Чемпионлар Лигасининг ўша мавсумида 17 та гол уриб, турнирнинг энг яхши футболчиси бўлди. Умумий ҳисобда ўша мавсумда 47 та ўйинда 51 та гол урган.

Роналду «Олтин тўп» учун курашда 37 фоиз овоз тўплади ва Месси (15 фоиз) билан Нойерни (15 фоиз) осонликча ортда қолдирди.

Португалиялик учун бу учинчи «Олтин тўп» эди. Кейинчалик уларнинг сони бештага етди.

«У ақл бовар қилмайдиган инсон», - деди Роналду Анчелотти ҳақида. «Ҳар бир футболчи у билан ишлаш имкониятига эга бўлиши керак. Чунки у фантастик инсон, фантастик мураббий. Уни жуда соғинаман, чунки биз биргаликда кўплаб совринларни қўлга киритдик».

2022 йил – Карим Бензема (Анчелотти қўли остида 2013-2015 йилларда ўйнаган ва 2021 йилдан буён ўйнамоқда)

Ва энди яна бир ғолиб. Роналду билан Кака сингари, Бензема ҳам зафарли мавсумда Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди ва энг яхши тўпурар бўлди. Франциялик футболчи 12 та ўйинда 15 та гол урди. Шунингдек, Карим Ла Лигада ғолиб чиқди ва 27 та гол билан энг яхши тўпурар совринини қўлга киритди.

«Реал» учун бу мавсумда 46 та ўйинда 44 та гол – бу жуда муносиб мукофот.

Бензема Анчелоттини дунёдаги энг яхши мураббий деб айтган. Италиялик мутахассис эса 34 ёшли ҳужумчи иккинчи «Олтин тўп» учун кураша олади, деб ҳисоблайди.

«Ўтган мавсумда у «Челси»га қарши ўйинда мени ҳайратга солди (Чемпионлар Лигаси 1/4 финалининг биринчи ўйини). У иккита гол урган бўлса-да, кийим алмаштириш хонасида жуда баджаҳл эди. Сабабини тушунмадим. Шунда у менга: «Яхши вазиятдан фойдалана олмадим, лекин ташвишланманг, яна бир гол ураман», деди. Ва бу голни урди! Бу унинг характери ва фидойилиги ҳақида кўп нарсани айтади.

34 ёшида у ҳамон профессионал, ишга тўғри муносабатда бўлади ва камтар. Бу жуда яхши. Бензема вақт ўтган сайин кучаймоқда. Мен унга иккинчи «Олтин тўп» учун курашишини тилайман. Карим нафақат тўпурар, балки футбол тимсолидир. Бундай футболчилар жуда кам», деди Анчелотти.

Анчелотти «Олтин тўп»нинг яна 6 нафар эгасига мураббийлик қилган

Месси ва Роналду 12 йил давомида «Олтин тўп»ни тақсимлаб олган бўлишига қарамай, Анчелотти ушбу совриннинг яна кўплаб эгаларига мураббийлик қилган. Улар мураббий билан бирга ишлашдан олдин ёки кейинроқ мукофотни қўлга киритишган.

  • 2006 – Фабио Каннаваро (Анчелотти қўл остида – 1996-1998 йилларда ўйнаган)
  • 1998 – Зайниддин Зидан (1999-2001)
  • 1999 – Ривалдо (2002-2003)
  • 1997, 2002 – Роналдо (2007-2008)
  • 2005 – Роналдиньо (2008-2009)
  • 2018 – Лука Модрич (2013-2015, 2021 йилдан)

Анчелотти қўл остида ҳамма ҳам ўйнаб кета олмаган, бразилиялик юлдузларда катта муаммолар бўлган. Масалан, Роналдиньо «Милан»даги биринчи мавсумида кўп вақтини зиёфатларга бағишлаган. Бу эса Карлога ёқмаган ва бразилияликни захира ўриндиғига ўтқазиб қўйган.

Аммо Рон, бошқалар сингари, италияликка ҳурматини сақлаб қолди. 2017 йилда Роналдиньо: «Карло ва Гвардиола – дунёдаги энг буюк мураббийлар», деди.

Каннаваро Анчелотти ҳақида шундай эслайди: «Биз жуда қадрдон эдик. 1998 йилда у «Парма»ни тарк этганида бутун жамоа йиғлади».

Бу эса Модричнинг эътирофи: «Реал»да ҳар бир мураббий билан ажойиб муносабатда бўлганман. Уларнинг барчаси менга профессионал ўсишга ёрдам берди, лекин энг яхшисини танлашим керак бўлса, Анчелоттини айтган бўлардим. Муносабатларимиз ажойиб эди ва ҳозир ҳам шундай».

Анчелотти футболчилик фаолиятида «Олтин тўп»нинг ўтмишдаги буюк эгалари – Паоло Росси, Рууд Гуллит, Марко ван Бастен ва Роберто Баджо билан бирга ўйнашга муваффақ бўлган. Умуман олганда, Карло билан боғлиқ совриндорлар сони 14 нафарга етяпти, улар 21 та «Олтин тўп»ни қўлга киритган.

Мавзуга оид