Ўзбекистон | 11:15 / 23.10.2022
52884
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёдаги ҳарбий омбор портлаши — тафсилотлар

Kun.uz мухбири 22 октябр куни соат 4:55 да Сирдарё вилояти Сирдарё туманининг Малик қишлоғига яқин ҳарбий омбордаги портлашдан атрофдаги аҳолига қанчалик зарар етгани бўйича ўрганиш олиб борди.

Портлаш катта радиусда аҳоли хонадонлари, ижтимоий ва хусусий бино объектларига жиддий зарар етказган. Сирдарё вилояти ҳокимлигининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, 3742 та турар ва нотурар жойларнинг томи, шифти, дераза ва эшик ромларига қисман талафот етгани аниқланди.

Малик қишлоғида яшовчи Абдуқаюм Тошпўлатов портлаш бўлган жойдан 1,5 км масофада яшайди. Эрта тонгда намозга турган Абдуқаюм Тошпўлатов аввалига трансформатор пункти портлади деб ўйлаган. Портлаш кучи катталигини кўриб, бошқачароқ вазият эканини пайқаган. Унинг уйидаги шифтнинг бир қисми қулаб тушган. 

Дарвозахонасидаги шифтнинг каттагина қисми қулаб тушган Рустам Орзиқулов портлаш товуши овозидан уйғониб кетиб, набиралари ётган уй томон югурган. 

«Кўчага чиққанимда атроф чанг-тўзон. Осмон қип-қизил бўлиб турарди», — дейди у. 

Замира Ҳайдарова эса аввалига ер қимирлаяпти деб ўйлаган. Унинг сўзларига кўра, портлашдан сўнг маҳалла аҳли кўчага чиқиб олган. Маҳалладаги кўплаб хонадонларга зарар етган. Асосан ойналар синган. 

Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Санъат Қодировнинг айтишича, шифокорлар 16 кишига тиббий хизмат кўрсатишган. Улардан икки нафари қўрқиш ҳолати билан мурожаат қилган. 5 нафар фуқаро вилоят шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига юборилган. Қолганлари эса енгил турдаги кесилиш жароҳатлари билан муолажа қилинган. 

Мудофаа вазири матбуот котиби Отабек Йўлдошев портлашдан зарар кўрган хонадонлардаги зарар миқдори ўрганилаётгани ва уни қоплаш ишлари бошланганини маълум қилди. Матбуот котиби аҳоли ва ҳарбийлар ўртасида жиддий жароҳат олганлар йўқлигини таъкидлаган.

Мавзуга оид