Андижонда қарама-қарши йўналишга ўтиб кетган Cobalt ёниб кетди
Шаҳрихон туманида Spark ва Cobalt билан тўқнашган Cobalt ёниб кетди.
Андижон вилояти Шаҳрихон туманида 23 октябрь куни учта транспорт воситаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар беришича, 23 октябр куни соат 17:30 ларда Андижон вилояти Шаҳрихон тумани «Қўрғонча» МФЙ ҳудудидан ўтган, А-373 Тошкент—Ўш халқаро автомобил йўлининг 402-километрида Spark ва Cobalt русумли автомобиллар бир-бири билан тўқнашиши натижасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Оқибатда Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл ўртасидаги бетон тўсиққа урилган ва йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиб, бошқа бир Cobalt русумли автомобилга бориб урилган.
Натижада келиб урилган Cobalt’нинг двигател қисмида қисқа туташув содир бўлиб, автомашинада ёнғин келиб чиққан.
Қарама-қарши йўналишга ўтиб кетган Cobalt йўловчиси тан жароҳатлари билан туман ШТТЁБга юборилган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.