Жамият | 21:03 / 24.10.2022
88025
1 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида сумкасида бомба борлигини айтган қиз ҳибсга олинди

Маълум бўлишича, ҳодиса 22 октябрь куни Тошкент метросининг “Алишер Навоий” бекатида содир бўлган. Автоматик ўтказиш пунктида тўхтатилган қиз сумкасини кўрсатишни сўраган ички ишлар ходимига унда бомба борлигини айтган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментининг маълум қилишича, автоматик ўтказиш пунктида тўхтатилиб, сумкаси кўздан кечирилган қиз 19 ёшда. У сумкасида бомба борлигини айтгач, Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари зудлик билан яқин атрофдаги ҳудудни ўраб олган ва воқеа ҳақида навбатчилик бўлимига хабар беришган.

Шундан сўнг воқеа жойига ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси гуруҳи етиб келган. Сумкани кўздан кечириш чоғида ундан портловчи мослама топилмаган. Рўй берган ҳолат ва текширув натижаси юзасидан далолатнома тузилган.

Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш учун масъул ходим қиздан нима учун сумкасида бомба борлигини айтганини сўраганида у кайфияти яхши бўлгани учун шу тарзда ҳазил қилишга қарор қилганини айтган. Вақтинча ҳибсга олинган қиз пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани 3-сонли ички ишлар бўлимига олиб кетилган. 

Мавзуга оид