Жаҳон | 15:34 / 26.10.2022
11072
3 дақиқада ўқилади

Mercedes-Benz Россия бозоридан чиқишини эълон қилди

Германиянинг Mercedes-Benz автомобиль ишлаб чиқарувчисининг бешта шуъба корхонаси «Автопром» дилерлик холдингига ўтади. Шунингдек, Москва яқинидаги Есиповодаги Mercedes заводи сотилмоқда. 

Фото: Getty Images

Германиянинг Mercedes-Benz автомобиль ишлаб чиқарувчиси Россиядан чиқишини ва маҳаллий шуъба корхоналари улушларини «Автопром» дилерлик холдингига сотишини эълон қилди. Концерн «Мерседес-Бенц РУС» ОАЖ, «Мерседес-Бенц Мануфэкчуринг Рус» МЧЖ (Москва вилоятидаги завод), «Мерседес-Бенц Файненшл Сервисез Рус» МЧЖ, «Мерседес-Бенц Банк Рус» МЧЖ ва «Мерседес-Бенц Капитал Рус» акциялари билан хайрлашмоқда. Бу ҳақда 26 октябр, чоршанба куни Mercedes-Benz компаниясининг Россия ваколатхонаси хабар берди. 

Ушбу битимнинг бажарилиши барча тегишли органлар томонидан тасдиқланиши керак. Битим шартларини келишишнинг асосий устувор йўналишлари Россиядан келган мижозлар олдидаги сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш ва молиявий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги мажбуриятларнинг максимал даражада бажарилишини таъминлаш, шунингдек, ходимлар учун иш жойларини сақлаб қолиш бўлади, деди «Мерседес-Бенц Рус» ОАЖ бош директори Наталья Королева ўз матбуот хизмати орқали.

Россия Саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизматига кўра, «Автодом» Mercedes-Benz рус бўлинмаларининг янги эгаси сифатида Москва яқинидаги автомобиль заводида қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун бошқа компанияларни шерик сифатида жалб қилиши мумкин. Вазирлик компанияга технологик ҳамкор танлаб бериш ҳақида ваъда қилган.

Mercedes-Benz Group AG март ойи бошида Россияда автомобиллар экспорти ва ишлаб чиқаришни тўхтатаётганини эълон қилган сўнгги Европа автомобиль ишлаб чиқарувчиси бўлди. Бундан сал олдинроқ, 2021 йил декабрь ойида Mercedes-Benz компаниясидан ажралиб чиққан Daimler Truck Holding AG ҳам Россиядаги фаолиятини тўхтатиб, Набережние Челни шаҳрида «КамАЗ» билан қўшма корхона қуриш истиқболларини қайта кўриб чиқишини маълум қилган эди. 

Mercedes-Benz Россияни тарк этган учинчи йирик хорижий автомобиль ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Аввалроқ Renault ва Nissan ўз активларини номинал тўлов эвазига давлат мулкига ўтказиб, Россия бозорини тарк этган эди. 

Москва яқинидаги Есиповодаги Mercedes-Benz заводи 2019 йилда иш бошлаган. У йилига 25-30 минг дона премиум хорижий автомобиль ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Конвейерга тушган биринчи модель Mercedes E-Klasse эди. Лойиҳага киритилган инвестициялар 19 миллиард рублни ташкил этди. 2021 йилда Россияда Mercedes-Benz савдоси 11 фоизга ошиб, 43 011 та автомобилни ташкил этди. Март ойи бошида, Украинадаги уруш фонида, немис компанияси Москва вилоятида автомобиллар ишлаб чиқаришни ва Россияга импорт қилишни тўхтатди. 

Мавзуга оид