Ўзбекистон | 13:42 / 28.10.2022
6070
9 дақиқада ўқилади

Олий таълим тизимига маркетинг хизматини жорий этиш-давр талаби

Аксарият инсонлар “Маркетинг хизматидан фақат маҳсулот ишлаб чиқариш ва унинг реализациясини амалга оширишда фойдаланилади”, - деб ўйлашади. Аслида эса бугунги тез ўзгарувчан бозор шароитларида, шунингдек кучли рақобат муҳити яратилган барча тизимларда маркетинг хизматига бўлган эҳтиёж ўз-ўзидан ортиб боради. Чунки бундай муҳитда соғлом рақобат шартлари асосида устунликка эришишнинг ягона йўли бу маркетингни яхши йўлга қўйиш ҳисобланади.

Бугун юртимизда олий таълим олиш истагида ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўз ўрнида ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда давлат олий таълим муассасалари билан тенгма-тенг фаолият юритиб келаётган хусусий олий таълим муассасалари ва хорижий давлатлар университетларининг юртимиздаги филиаллари сони ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ёшларга олий таълим бериш соҳасида ҳам кучли рақобат муҳити вужудга келмоқда. Рақобат муҳити эса таълим сифатининг ошишига,етишиб келаётган кадрларнинг ҳар томонлама етук ва билимли бўлишига замин яратади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони эса соҳадаги мавжуд рақобат муҳитининг янада кучайишига олиб келиши турган гап. Чунки,  мазкур концепцияда олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларни жорий этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига кадрлар буюртмачиларини фаол жалб этиш каби масалалар билан бирга олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги ва барқарорлигини таъминлаш, моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш ҳам кўзда тутилган.

Ушбу концепцияда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг июль ойигача Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган ҳамда Тошкент давлат аграр университети ректори бўлган Жамшид Ходжаев бошчилигида университетнинг нуфузини нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам янада ошириш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, таълим жараёнига хорижий инновацион услубларни жорий этиш борасида қатор ишлар амалга оширилди ва бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда. Жумладан, университетнинг янги Маркетинг бўлими ташкил этилди. Раҳбар ва педагог ходимлар таркиби чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинди. Ходимларнинг таълим соҳасига қўйилаётган замонавий талабларга ва лавозим бўйича малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш, касбий маҳорати ва билимини, илмий йўналишдаги фаолиятини баҳолаш мақсадида аттестация ўтказилди. Аттестацияда университет ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган, таълим сифатини оширишга қодир кучли ва малакали мутахассислар таркиби шакллантирилди.

Хориждан кадрларни ишга қабул қилиш бўйича Recruting компаниялар ва хорижий давлатлардаги элчихоналар билан ҳамкорликда Россия, Латвия, Литва, Польша давлатларидан проректорлар, факультет декани ва бўлим бошлиғи лавозимларига профессионал бошқарувчиларни жалб этиш ва уларни танлов орқали ишга олиш кўзда тутилган. Шунингдек, қарорларни қабул қилиш бўйича бошқарувни марказдан ўрта ва қуйи бўғинга тушириш ҳам режалаштирилмокда.

Талабаларнинг олган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш ва уларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳақиқий иш жараёнини яқиндан ўрганишлари учун юртимиздаги агрокластерлар билан мутахассислик кафедраларнинг мустаҳкам ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Жумладан, Сирдарё вилоятидаги “Indorama” пахта-тўқимачилик кластери билан Деҳқончилик ва мелиорация кафедраси, Тошкент вилоятидаги “TCT CLUSTER” МЧЖ хорижий корхонаси билан Ўсимликшунослик, Селекция, Балиқчилик, Ўсимликларни ҳимоя қилиш кафедралари, Фарғона вилоятидаги “POSCO International textile” пахта-тўқимачилик компанияси билан Ўсимликшунослик, Ўсимликларни ҳимоя қилиш, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кафедралари, БМТнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти (FAO) билан Мева-сабзавотчилик, Механизация, Агрокимё ва Тупроқшунослик факультетлари, АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги USAID билан Мева-сабзавотчилик, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш факультетлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

Университет ҳудудида хорижий тилларни ва информацион технологияларни ўқитишга ихтисослашган ўқув курслари ташкил этилди. Бундан ташқари, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича 20 дан ортиқ касб ва спорт тўгараклари ташкил этилган. Талабаларни амалиётларга юбориш бўйича электрон платформа яратилди.

Шунингдек, юртимиздаги давлат олий таълим муассасалари орасида илк бор Тошкент давлат аграр университетида Маркетинг бўлими ташкил этилди. Ушбу бўлим томонидан 2022 йилнинг ўтган ойлари мобайнида самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, университет профессор ўқитувчилари ва талабалар ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Шунингдек,  олий ўқув юртининг янги расмий сайти яратилди ва факультетларнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари тартибга келтирилди. Университетни келгусида ривожлантиришнинг маркетинг стратегияси ишлаб чиқилди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, университет талабалари сони 2021 йилда 10 636 нафарни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 1644 тага кўпайган. 2022 йилда эса талабалар сони 11800 нафарни ташкил этди. Маркетинг стратегияси бўйича амалга ошириладиган ишлар натижасида бу кўрсаткич 2026 йилга бориб 13500 нафарни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Университетдаги хорижий талабалар сони 2021 йилда 20 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 75 нафарни ташкил этди. 2026 йилга бориб, университетдаги хорижий талабалар сони 200 нафарга етиши кутилмоқда.

2021 йилда университет илмий ходимлари томонидан 107 та ўқув адабиётлари яратилган. 2022 йилда бу кўрсаткич 200 тани ташкил этди. 2026 йилга бориб яратилган хорижий адабиётлар сони 250 тани ташкил этиши режалаштирилган. Университетдаги инфратузилмани яхшилаш мақсадида қиймати 2,6 млн долларга тенг бўлган “Экофизиологик тадқиқотлар” илмий лабораторияси олиб келинди. Талабалар турар жойига 456 млн сўмлик маиший техникалар харид қилинди. 14,8 миллиард сўмга тенг бўлган 7 та қозонхона ва 4 та ер остидан сув чиқариш иншооти қурилди. Ахборот-маслаҳат маркази (Extension center) фаолиятини такомиллаштириш бўйича концепция ишлаб чиқилди.

Шунингдек, университетнинг молия-иқтисодий ҳолатини кўтариш мақсадида  университет ҳудудидаги бўш турган объектларни “E-AUKSION” тизими орқали ижарага бериш йўлга қўйилди. Тошкент давлат аграр университетининг кузатув кенгаши фаолияти йўлга қўйилди. 2022 йил январдан университет молиявий мустақилликка ўтди ва 11,9 млрд сўм молиялаштириш манбаи аниқланди.

Бугунги кунда юртимизда фаолият юритаётган 177 та олий таълим муассасаларининг 45 таси айнан сўнгги йилларда ташкил этилган. Улардан 21 таси давлат олий таълим муассасалари бўлса, 19 таси нодавлат олий таълим муассасалари ҳисобланади. Бу кўрсаткичлар бундан кейин ҳам ошиб боришини ҳамда “Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”да белгилаб берилганидек, ҳар бир олий ўқув юртининг молиявий мустақиллиги таъминланишини ҳисобга олсак, олий таълим тизимида жиддий рақобат муҳити шаклланаётганини тан олмасдан иложимиз йўқ. Бундай шароитда ҳар бир олий ўқув юрти, хусусан, давлат олий ўқув юртлари ўз фаолиятини қайтадан кўриб чиқиши, юртимиздаги иш берувчиларнинг кадрларга бўлган талабидан келиб чиқиб, мутахассислик йўналишларини оптималлаштириши талаб этилади. Бунда эса ҳар қандай бозор иқтисодиёти шароитида, барча соҳаларга бирдек зарур бўлган маркетинг стратегияси алоҳида ўрин тутади. Зеро у хоҳ давлат олий ўқув юрти, хоҳ хусусий олий ўқув юрти бўлсин, бундан қатъий назар, айнан, рақобатбардош маркетинг стратегияси ва тўғри танланган маркетологлар билан биргаликда тобора кўпайиб бораётган олий таълим муассасалари орасида яратилган кучли рақобат муҳитида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлади.   

Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, “Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”да белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлашда ҳар бир олий таълим муассасаларида бугунги меҳнат бозори таклифларини таҳлил қила оладиган, иш берувчилар ва хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли шартлар асосида алоқаларни ўрната оладиган янги маркетинг хизматини йўлга қўйиш, мавжуд маркетинг бўлимлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш бугунги куннинг талабидир. Бу борада  Тошкент давлат аграр университетида маркетинг хизмати томонидан амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқлар юқоридаги фикримизнинг далили бўла олади.

Мавзуга оид