Ўзбекистон | 13:49 / 29.10.2022
22639
4 дақиқада ўқилади

138 нафар ҳоким ва ўринбосарлари, мингдан ортиқ ҳоким ёрдамчилари қонунга зид равишда бизнес қилмоқда — Аксилкоррупция агентлиги

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўтказган текширувларга кўра, 10 та вилоятда жами 1378 нафар давлат хизматчиси давлат хизмати билан бирга раҳбар ёки таъсисчи сифатида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Шунингдек, юзлаб ҳолатларда давлат ташкилотларининг мансабдор шахслари ва қариндошларига тегишли корхоналар давлат харидларида ғолиб бўлган.

Фото: Владимир Федоренко

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2022 йил сентябрь-октябрь ойларида Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келинаётгани ҳолатларини ўрганди.

Маълум қилинишича, ушбу 10 та вилоятда жами 1378 нафар давлат хизматчилари: 138 нафари ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, 148 нафари давлат банклари бошқарувчиси ва уларнинг ўринбосарлари, 1092 нафари ҳоким ёрдамчилари давлат хизмати билан бирга раҳбар ёки таъсисчи сифатида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.

Агентлик «бизнес» қилаётган ҳокимлар ва ёрдамчиларини туманлар миқёсида очиқламаган.

Шунингдек, давлат харидлари соҳасида ўтказилган ўрганишларда ҳудудларда давлат ташкилотларининг мансабдор шахслари ва уларнинг яқин қариндошларига тегишли корхоналар давлат харидларида иштирок этиб, ғолиб бўлгани аниқланди.

Хусусан, 2021-2022 йилнинг 6 ойи давомида Бухоро вилоятида 340 та ҳолатда 34,3 млрд сўмлик давлат харидларидан 19 та ҳолатда ташкилот раҳбари ва молиявий масалалар бўйича ўринбосарлари, 72 та ҳолатда бухгалтерия ходимлари, 24 та ҳолатда омбор мудири ва таъминот ходимлари, 30 та ҳолатда инженер ва техник назоратчилар, 20 та ҳолатда шартномалар ҳуқуқий экспертизасини амалга оширувчи юристлар ва қолган ҳолатда бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлган.

Сурхондарё вилоятида эса 155 та ҳолатда 16,1 млрд сўмлик давлат харидларидан 67 та ҳолатда бош ҳисобчи, ҳисобчи ва иқтисодчилар, 60 та ҳолатда хўжалик ва омбор мудирлари, 28 та ҳолатда бўлим бошлиқлари ва бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлгани аниқланди. Хусусан:

  • Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан 2021 йилда амалга оширилган Термиз шаҳридаги 6-мактаб биносини реконструкция қилиш бўйича 8 млрд сўмлик давлат харидида ушбу компаниянинг етакчи мутахассиси таъсисчилигидаги масъулияти чекланган жамият билан тўғридан-тўғри шартнома тузилган;

Самарқанд вилоятида 277 та ҳолатда 10,9 млрд сўмлик, Фарғона вилоятида 158 та ҳолатда 8,1 млрд сўмлик, Сирдарё вилоятида 20 та ҳолатда 1,6 млрд сўмлик, Қашқадарё вилоятида 66 та ҳолатда 1,1 млрд сўмлик, Навоий вилоятида 14 та ҳолатда 0,3 млрд сўмлик давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларда аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилган.

Агентлик томонидан ҳолатларни бартараф қилиш ва келгусида йўл қўймаслик ҳақида тақдимномалар киритилди ҳамда давлат харидларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди.

Бундан ташқари, 1 триллион сўмга ер ижарага олган Пискент тумани ҳокими Раҳимжон Рихсиев билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш ҳамда тегишли чораларни кўриш юзасидан Тошкент вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритилди.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги «Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида»ги 103-сонли қарорида давлат бошқарув органлари ходимлари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган. 2022 йил 8 август куни қабул қилинган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги ҳақидаги қоида мавжуд. Мазкур қонун 2022 йил 8 ноябрда кучга киради.

Бундан ташқари, ҳукуматнинг 595-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари»да давлат хизматчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланиши ҳамда ушбу қоидалар бузилиши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ интизомий ва бошқа турдаги жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланиши кўрсатилган.

Аксилкоррупция агентлиги давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш орқали коррупциявий хавф-хатарларга йўл қўйилишининг олдини олиш ва бартараф қилишга қаратилган тадбирлар давом эттирилишини билдирди.

Мавзуга оид