Жамият | 19:20 / 29.10.2022
31959
13 дақиқада ўқилади

«Синовлар одамни улғайтираркан» — ўқитувчи қиз кечинмалари

Инсон ички оламини ташқи кўринишига қараб баҳолаб бўлмайди. Гоҳида ташвиш нималигини билмайдигандек кўринган инсон билан яқинроқ танишсак, уни ғам-қайғулар улғайтирганига гувоҳ бўламиз. «Ҳаётий ҳикоялар» рукнининг бугуни қаҳрамони ҳам ана шундай одамлардан.

Юзидан табассум аримайдиган, қувноқ ҳазиллари билан барчанинг кўнглини кўтарадиган Ясминани кўрган одам отаси тирик бўлатуриб, отасизлик азобини тортиб катта бўлган демайди. Кўнглидаги бу кемтикни тўлдириш учун қилган ҳаракатлари натижасида бугун Буюк Британияда таҳсилни давом эттираётган қизнинг муваффақиятли қадамлари ва мағлубият аламлари ҳақида ўзидан эшитамиз.

Боболаримни ўйласам, ичим ёришиб кетади

Икки бобом ҳам жуда яхши инсонлар эди. Мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашарди. Нимага қизиқсам, ким бўламан десам, «Худо хоҳласа, албатта эришасан», дейишарди. Ҳеч қачон «бизнинг оиладан унақа одам чиқмаган, сен бундай бўлишинг керак», деб тақиқ қўйишмаган. Тарбиявий томондан ҳам, илм томонидан ҳам кўп нарса ўргатишган. Шу сабабданми ҳалигача уларни ўйласам кўнглим ёришиб кетади.

Онамнинг оталари ҳаёт. Ҳамон бирор иш бошлашдан олдин бобом билан маслаҳатлашаман. Буюк Биртанияга битирув маросимига олиб келишни ният қиляпман. Бобом ўқитувчи бўлган ва ўқишга меҳр қўйиб, ўқитувчилик касбини танлашимга сабабчи бўлган.

Менинг отам бор эди...

Ота-онанинг ажралиши дунёнинг тугаши эмас. Ҳаёт давом этаверади. Уларнинг бу қарорида болаларнинг айби йўқ. Турмуш ўртоқ билан ажралиш бу оила билан, фарзандлар билан ҳам ажралиш дегани эмас. Лекин кичиклигимда буни тушунмасдим. Ота-онам бир-бири билан чиқиша олмагани сабаб ажрашишган. Шу билан отам ҳаётимиздан чиқиб кетди. Мен ва укам онам билан қолганмиз.

Отам биздан хабар олмасди. Ўшанда айни ўтиш даврида, 12–13 ёшлардаги ўсмир эдим. Бу менга жуда ёмон таъсир қилган. Мактабда ўғил бола синфдошларимга қарамай, улар билан саломлашмай қўйганман. Йигитларнинг барчаси ёмон, деган фикр миямда шаклланиб қолганди. Тинимсиз йиғлардим. Лекин ҳеч кимга кўрсатмасдим. Ожизлигимни билишларини истамасдим. Ҳатто онамга ҳам кўз ёшимни кўрсатгим келмасди. Битта хонага беркиниб олиб йиғлардим.

Айниқса, мактабда нимадир бўлса, синфдошларим акасини, отасини чақириб келишарди. Ўша вақтларда кўнглим ўксирди. Қанийди, мениям дадам келса, деб эзилардим.

Аламимни тадбирлардан олардим. Мактабда нима тадбир, танлов бўлса қатнашардим. Бошловчилик қилардим. Шеърлар ёзардим. Шу билан ўзимни овутардим. Балки ич-ичимдан отам мен билан фахрланишини истагандирман.

6-синфлигимда газетада шеърим чоп этилганидан сўнг қизиқишим ортиб кетди. Ҳар сафар мақола ёки шеърим чоп этилганда, яхши ўқиганим учун чорак якунида фахрий ёрлиқ беришганда бундан қувват олардим.

Отам иккинчи марта турмуш қурди. Лекин турмушидан фарзанди бўлмади. Ўшанда кичик ёшли қизалоқни асраб олганини эшитиб жуда қаттиқ хафа бўлгандим. Кўнглим оғриганди.

Ахир унинг қизи, мен борман-ку. Нега қиз асраб олади?! Фарзандга эҳтиёжи бор экан, келиб ҳолимиздан хабар олса, отасиз ўтаётган кунларимизни оталик меҳри билан ёритса бўларди-ку, деб кўп ўйлаганман. Анча вақтгача ичимдаги хафачилик тарқамаган. Балки отамни қизғангандирман, билмайман. Аммо буни қабул қилишимга жуда кўп вақт кетган.

Мен доим банд эдим

Ўсмирлик даврим, отамга муҳтож вақтимда ёлғиз эдим. Онам мени бу ҳолатдан чиқариш учун банд қилиб ташлади. Бир дақиқа бўлсин бекорчи вақтим қолмаганди. Мактабдан ташқари мусиқа мактабига борардим. Пианино чалиб қўшиқ айтардим.

Таҳририят ходимлари билан ҳам таништириб қўйгандилар. Нима бўлса ёзардим. Қандайдир муаммо кўрдим дегунча қўлимга қалам олардим. Таҳририятда ўргатишарди, бундай ёз, бу ерини тўғрила, деб. Кейин ундан кичиккина мақола пайдо бўларди. Чоп этилганда жуда қувонардим. Бундан ташқари, спортга, теннисга борардим.

Бирорта ҳам дугонам йўқ эди. Кечинмаларимни кундалик тутиб ёзиб юрардим. Кун келиб машҳур одам бўлсам, руҳий кечинмаларимни китоб қилиб чоп этаман, деб ҳар куни кундалик ёзиб қўярдим. Уни ҳеч ким кўрмайдиган жойга беркитардим.

«Ғийбат қилишни билмайман»

Лицейга киргунимча бирорта ҳам дугонам бўлмагани сабаб менда ғийбат қилиш кўникмаси шаклланмай қолиб кетган. Бу яхши бўлган, албатта. Лицейда танишган дугоналарим яхши қизлар эди. Улардан кўп нарса ўрганганман. Намозни ҳам ана шу пайтда бошладим.

Дардларимни Худога айтишни бошлаганимдан кейин кундаликка кўп ҳам ёзмай қўйдим. Руҳимда енгиллик ҳис қилдим. Излаган нарсамни топгандим ўшанда.

«Ўқишга кирмасанг, эрга бераман»

Лицейни тамомлаганимдан сўнг биринчи йил ўқишга кира олмадим. Онамнинг онаси агар бюджетга ўқишга кирмасам эрга бериб юборишини айтди.

Ўқиш борасида менга қаттиқ туришарди. Болалигимдан китоб бериб ўқишимни айтишарди. Ўқиб бўлганимдан кейин мазмунини айтиб беришим мажбурий эди. Бошида жуда ёмон кўрардим. Мени қийнашаётгандек туюларди. Лекин бора-бора бу иш ўзимга ҳам ёқиб қолди.

Хуллас, ота-онам ажрашгани учун менда оила қуришдан қўрқиш фобияси шаклланиб қолган. Турмуш қуришдан қўрқаман. Бувим «ўқишга кирмасанг, эрга бериб юбораман», деганлари учун жон-жаҳдим билан ўқишга тайёрлана бошладим. Келаси йил бюджетга ўқишга кирдим.

Бу қўрқув менда ҳали ҳам бор. Ҳаётимни боғлайдиган одам отамга ўхшаса, фарзандларим отасиз ўсишга мажбур бўлади. Менинг онам ва укамдан бошқа ҳеч кимим йўқ, оила қурганимдан сўнг эрим мени ташлаб кетса, менга ким ёрдам беради? Болаларимнинг келажагини таъминлай оладиган даражага етганимдан сўнггина оила қуришим керак, деб қарор қилдим.

Онлайн психологик курсларга ёзилдим, ўз устимда кўп ишладим. Ва бир нарсага амин бўлдимки, ҳамма нарсани Яратганга таваккал қилиб, хайрлисини сўраб қилиш керак экан. Қўрқувларимнинг устида ҳалиям ишлаяпман.

«Отасиз ўсган қиздан нима ҳам кутиш мумкин»

2018 йилда Вестминстерда ва Вебстрда ўқирдим. Халқаро мактабда ишлардим. Чиқарган китобларим, ижодий ишларимга ишонганим учун «Зулфия» давлат мукофотига ҳужжат топширдим. Республика босқичига чиқдим. Лекин жуда катта ноҳақликлар бўлди. Республика босқичига ўтказмаймиз дейишганига апелляцияга топширгандим.

Эрталаб соат саккизга ҳокимиятга чақиришди. Бир хонага олиб кириб устимдан қулфлаб қўйишди. Соат кечки олтида очиб, навбатингиз келди деб, бошқа бир хонага бошлаб боришди. Йигирмага яқин комиссия аъзолари ўтирган экан. Мени «сизнинг нима ҳаққингиз бор бизнинг устимиздан ёзиб беришга?» деб кутиб олишди.

Менга психологик жиҳатдан таъсир қилишга ўтишди. «Ёлғиз аёлнинг қизи нима бўларди», «Сиз буларни китоб деяпсизми? Мен фан докториман, ҳали бунча китоб чиқармаганман» каби гапларни айтишди. Аризамни қайтиб оламан, деб тилхат ёздириб олмоқчи бўлишди. Мазам бўлмай қолди. Гаплари жуда қаттиқ таъсир қилганди.

Чиқиб кетишимдан олдин комиссия аъзоларига шундай дедим: «Бу танлов кичкиналигимдаги орзум эди. Лекин унда шундай аёллар ҳакам бўлади, деб ўйламаган эдим. Менга мукофот ҳам, имтиёз ҳам керакмас. Насиб қилса, мен ўзим фонд очаман, лекин у бунақа эмас, ҳақиқий иқтидорларни қўллаб-қувватлайдиган фонд бўлади».

Шу билан уйга бориб мазам қочиб қолди.

«Синовлар одамни улғайтираркан»

Ўқув курси очиб ўз ишимни бошладим. Аввалига фақат ўзим ишладим. Ўқувчиларим сони саксон нафарга етди. Аста-секин ўқитувчилар сонини кўпайтира бошладим. Чин кўнгилдан ишлардим.

Ўқувчиларим хорижга ўқишга кирар, хорижий компанияларга ишга қабул қилинарди. Уларнинг ҳар бирининг тақдири, келажаги билан қизиққанман. Халқаро мактабларнинг координаторлари мени яхши танийди. Шу сабабли ҳам марказимда ўқиганлар ишини тез топиб кетишарди.

Одамлар астойдил, самимий ишлаганимизни билишарди. Лекин давлат идоралари қаршилик қила бошлади. Бир йил улар билан курашдик. Халқ биз томон бўлгани ишончимизга ишонч қўшарди. Лекин уларнинг бўҳтонларидан жуда чарчадим. Ҳозир келажагимни Ўзбекистонда тасаввур қилолмайман.

Менинг ва жамоамнинг юртимиз ривожига қўшаётган ҳиссалари ўз юртимда қадрланмагани иштиёқимни тобора сўндирмоқда ва ҳафсаламни пир қилди. Ўзимни оқлашдан чарчадим. Инсон қадри ва унинг меҳнатлари қадрланиши керак.

Чет эл сари йўл

Хорижга чиқишни доим орзу қилганман. Қиз бола бакалаврни тамомлаб, бир оиланинг бекаси бўлса, шундан ортиқ бахт йўқ, деб ҳисоблашади. Биринчи марта Хитойга грант ютиб олганимда шу тушунча билан боришимга рухсат беришмаган. Бир ўзимни жўнатгилари келмаган.

2016 йилда Кореяга грант ютиб олдим. Унда ҳам рухсат беришмади. Кейин лицейда ишладим. Бир жойни ижарага олиб, қўшимча дарс беришни бошладим. Ўқувчиларим жуда кўпайиб кетди. Даромадим ҳам сезиларли кўпайди. Хорижга чиқиш учун пул йиға бошладим.

2017 йилда яна Кореяга грант ютдим. Бобом «чет элга кетсанг, рози бўлмайман, тўйингни кўргим келяпти», дедилар. Жуда таъсирли ва бироз қаттиқ гапирдилар. Ерга қараб жимгина йиғлаб ўтирганман. Чунки ич-ичимдан хоҳлаган, ҳаракат қилган ишимни қилолмаётган эдим.

Шундай кунларнинг бирида Лондонга икки ҳафталик малака ошириш курслари борлигини эшитиб қолдим. Шунга бораман деб ҳаракатни бошладим. Чипта, визаларни олиб бўлганимдан сўнг бобомга айтдим. Бироз ёлғон гапиришимга тўғри келди. Ишхонадан жўнатишяпти, дедим. Ҳеч бўлмаса икки ҳафтага бориб келишимдан хурсанд эдим. Бу ер мен кичиклигимдан орзу қилган жойим эди.

Хорижга йўл очилди

Биринчи марта бориб келганимдан кейин хорижга чиқишим осон бўлди. Бобомнинг рухсати билан курсда ўқишга келдим. Ҳам ишлаб, ҳам ўқидим. Ўшанда уч ярим ойга келгандим. Бой оиладан эмасман. Олиб келган пулим шунча вақт туришимга етмасди.

Ишни меҳмонхонада хона тозаловчи бўлиб ишладим. Бу ерда меҳнат қадрланади. Қабулхонадан кўра хона тозаловчи кўпроқ пул топади. Бир ярим ой давомида шу ишни қилдим. Ундан кейин coffee shop’да ишладим. Тушгача иш, ундан кейин ўқишга борардим.

Курсни тамомлаб қайтганимдан сўнг, магистратурада ўқишга келишни ният қилдим. Бир неча марта маблағ масаласи туфайли ортга қайтишимга тўғри келди. Кейин халқаро мактабда ишладим. Бир вақтнинг ўзида кичикроқ жойни ижарага олиб дарс ўта бошладим. Ҳатто шанба ва якшанба кунлари ҳам дарс ўтардим. Лекин ич-ичимдан хорижга кетиш учун ҳаракат қилардим.

Дунё бўйлаб

2018 йилда ўқитувчилар учун халқаро ташкилотлардан бирини Ўзбекиcтонда ташкил қилиш бўйича таклиф билдиришди. Мен ҳали ўз устимда ишлашим керак, тайёр эмасман, деб ўйладим. Директор мени Боку шаҳрида бўладиган конференцияга таклиф қилди. Онам билан укам қўллаб-қувватлаши ортидан Бокуга бориб келдим.

Конференцияда муваффақиятга эришган мутахассислар билан танишиб, улардан кўп нарса ўргандим.

2018 йилдан Озарбойжондаги ўқитувчилар малакасини ошириш марказининг Ўзбекистондаги вакили бўлиб ишлай бошладим. Бу қўшимча ишларимдан бири бўлди.

Пандемиядан сўнг шу соҳа бўйича ўз фирмамни очдим. Бошида ўзим ишладим ва битта ўқитувчини ишга олдим. Ундан сўнг администратор олдим. Шундай қилиб, аста-секин иш ўринлари ва жойни кенгайтириб бордим.

Марказимизда қирққа яқин одам ишларди. Қаршиликлар бўлавергач, даромад кескин камайди ва иш ўрнини қисқартиришга мажбур бўлдим. Ҳозир 20 га яқин одам ишлаяпти.

Соҳам бўйича Украина, Франция, Англия, Ирландия, Россия, Туркия, БАА, Қозоғистон, Грузия ва Германия давлатларига қисқа муддатли тренинг курслар ва халқаро конференцияларга бориб келдим. Британияга 2022 йил январ ойида магистратура босқичига ўқишга келдим. Ҳозир бу ерда магистратурада таҳсил оляпман. Шу билан бирга мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаяпман.

Сизга қараб бутун миллат ҳақида хулоса қилишади

Бу ерда турли мамлакатлардан дўстларим бор. Ўзлигини асраб қолиш ўзини таниган инсон учун қийин эмас. Самимий, инсонпарвар бўлсангиз, сизни ҳеч қаерда ажратишмайди. Дунёда одамгарчилик, виждонийлик ва самимийлик миллат, дин танламайдиган инсоний сифатлардир. Ким бўлишингиздан қатъи назар, сизни шу жиҳатларингизга қараб қадрлашади. Мен ҳамиша юриш-туришимга, ўзимни тутишим, кийинишимга қараб бутун ўзбек қизлари ҳақида хулоса қилишларини ёдда тутаман.

Чарос Маннонова суҳбатлашди

Мавзуга оид