Жаҳон | 16:39 / 29.10.2022
31853
11 дақиқада ўқилади

Хитой мўъжизаси туркумидан: Такла-Макон чўлидаги йўл ва унинг четидаги яшил ҳудуд қандай барпо этилганди?

Сўнгги бир неча ўн йилда Хитой кескин иқтисодий тараққиётга эришди. Мамлакатда амалга оширилаётган улкан қурилишлар дунёни лол қолдирмоқда. Шу жумладан, Шинжон-Уйғур автоном райони ҳудудида жойлашган Такла-Макон чўлида қурилган йўл ҳам бугун барчани ҳайратлантирмоқда. Узунлиги 500 километрдан ошиқроқ бўлган бу йўл қурилгандан сўнг Хитой унинг икки томонини яшил ҳудудга айлантирган. Ана шу жиҳатдан мазкур йўл дунёда тенги йўқ ҳисобланади.

Хитой ярим аср аввал қаттиқ қопламали йўллар масаласида дунёдаги энг қолоқ давлатлардан бири эди. Ўша пайтларда Хитой ҳукумати йўлларга етарли даражада эътибор бермас, мамлакатдаги йўлларнинг бор-йўғи 25 фоизи асфалт қопламали бўлиб, уларнинг 60 фоизи ўта ёмон аҳволда эди.

Вазият Мао Цзедун вафотидан кейин ўзгарди. «Буюк йўлбошчи» ўрнига келган янги раҳбарлар сифатли йўллар қурмасдан мамлакатни ривожлантириб бўлмаслигини англаб етишади. Чин ўлкасида «Ривожланишни хоҳласак, аввало сифатли йўллар қуришимиз керак», деган шиор илгари сурилиб, йўл қуриш стандарти ишлаб чиқилади. Йўл қурилиши учун жуда катта пуллар ажратила бошланди.

1985 йил йўл қурилиши учун алоҳида қонун ҳам қабул қилинади. Унга кўра, йўл қурилиши учун олинган хорижий кредитларни қоплаш мақсадида юқори тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган йўлларнинг бир қисми пулли бўлиши белгиланади.

Ҳукумат 1988-2020 йилларда автомобилларга катта тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган йўллар, автомагистраллар қурилиши режасини тасдиқлайди. Бундай йўлларнинг биринчиси 1988 йилда очилган 18,5 километрли Шанхай-Дзяцин трассаси эди.

Шу тариқа, автомобил йўллари қурилишида «Хитой мўъжизаси» бошланади. Ўтган асрнинг охирги декадасида Хитой йўл қурилиши учун шунчалик кўп маблағ сарфлайдики, бу бутун бошли Европа ва АҚШ ХХ асрнинг сўнгги 50 йилида йўл учун сарфлаган пулидан ҳам кўпроқ эди.

Бир пайтлар Хитойда йўлларни кам ҳақ тўланадиган миллионлаб ишчилар оддий белкурак, замбилғалтак ва қўлда бошқариладиган асфальт босадиган мосламалар билан қурган. Янги даврда йўлсозлар қўлбола асбоблар ўрнига мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган замонавий техникаларга эга бўлади.

Тез ҳаракатланишга мослашган илк йўл 1988 йил қурилган бўлса, XXI аср бошида бундай йўлларнинг умумий узунлиги 10 минг километрдан ошиб кетади. Бу кўрсаткич 2002 йилда 20 минг километр, 2008 йилда 60 минг километрдан ошди. Биргина 2008 йилнинг ўзида Хитой йўлсозлари 8 минг километр узунликдаги катта тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган магистрал йўл қуришади.

Сўнгги ўттиз йилда Хитойда мамлакатнинг турли ҳудудларини ўзаро боғлаш учун ўтиш қийин бўлган баланд тоғлар ёки чўллар орқали ўтадиган йўллар ҳам қурилди. Такла-Макон чўлини кесиб ўтган «Тарим шоссеси» деб номланувчи йўл ҳам ана шундай йўллардан бири ҳисобланади.

Фото: alamy.com

Такла-Макон чўли ҳақида

Такла-Макон чўли Хитойнинг шимолий-ғарбида Шинжон-Уйғур автоном райони ҳудудида, Тарим текислиги ҳудудида жойлашган. Унинг ҳудуди қарийб 400 минг километр квадратни ташкил этади (Таққослаш учун Германия ҳудуди 357 408 километр квадрат).

Азалдан бу чўл «қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди» деб таърифланган. Такла-Макон ёзда жуда иссиқ, қишда жуда совуқ бўлишдан ташқари, у ерда йил давомида қум бўронлари содир бўлиб туради.

Такла-Макон чўлининг сунъий йўлдошдан олинган сурати. / Фото: guokr.com

Фан ва техника ривожланишидан аввал ғарбдан шарққа, шарқдан ғарбга қараб ҳаракатланган карвонлар ана шу қум бўронлари туфайли бу чўлдан жуда қийинчилик билан ўтишган.

Такла-Макон чўли ҳудуди шимолдан жанубга 400 километр, ғарбдан шарққа қарийб 1,5 минг километрга чўзилиб кетган.

Чўлнинг номи «Ташландиқ жой» маъносини англатади. Уйғурлар уни «Таклимакан қумлиги» деб аташади. Такла-Макон чўли Ер юзидаги энг қурғоқ жойлардан бири ҳисобланади.

Бу ерда чўл юзасини асосан учиб юрувчи қумлар қоплаган. Шу сабабли унинг катта қисмида ҳеч нарса ўсмайди. Шунингдек, ҳайвонот дунёси ҳам жуда сийрак.

Такла-Маконда ҳаво ҳарорати ёзда 40 градусдан баландроқ бўлади. Энг иссиқ кунларда чўл юзасидаги қум 90-100 градусгача қизиб кетиши мумкин.

Такла-Макон чўлининг юзаси асосан кўчиб юрувчи қумлардан иборат / Фото: alamy.com

Тарим йўли (Тарим шоссеси)

1984 йилда хитойлик геологлар Такла-Макон чўлида нефт ва газ захиралари борлигини аниқлашади. Аммо чўл ҳудудида, оғир шароитда конларни ишга тушириш, нефт ва газни қазиб олиб, уни қайта ишлаш корхоналарига етказиб бериш осон бўлмайди.

Шундан сўнг 1980-йиллар охирида Такла-Макон орқали йўл қуриш режалаштирилади. Ўша пайтда бу иш учун катта миқдорда маблағ керак бўларди. Аммо Хитой барибир бу йўл қурилиши учун маблағ ажратди.

1990-йиллар бошида Хитой ҳукумати анча қолоқ бўлган мамлакат ғарбини иқтисодий ривожлантириш учун Такла-Макон чўли орқали шимолдан жанубга автомобил йўли қуриш лойиҳасини тасдиқлайди.

Йўл Шинжон-Уйғур автоном райони таркибида бўлган Боён-Ғул-Муғул автоном округида жойлашган Бугур шаҳрини автоном район жанубидаги Ния шаҳри билан боғлаши керак эди.

Фото: guokr.com

Лойиҳага кўра йўлнинг узунлиги 552 километр бўлиши ва шундан 446 километри Такла-Макон чўли орқали ўтиши режалаштирилганди.

Лойиҳалар тайёр бўлгач Хитой ҳукумати йўл қурилиши учун маблағ ажратади. 1993 йилда ишлар бошлаб юборилади. Ўшанда Такла-Маконда қуриладиган йўлнинг ҳар километрига 14 миллион доллар сарфланган.

Такла-Маконда ёз жуда иссиқ, қиш эса анча совуқ бўлади. Бунинг устига бу ерда йил давомида кучли шамоллар эсиб, тез-тез қум бўронлари кўтарилади.

Йўлсозлар икки йил давомида ана шундай оғир шароитларда ишлашади ва 1995 йилда йўл қурилиши қисман битказилади.

Фото: alamy.com

Йўл фойдаланишга топширилгач лойиҳа учун сарфланган жуда катта маблағ ҳавога учиб кетиши мумкинлиги аён бўлади. Гап шундаки, Такла-Макон чўлида тез-тез содир бўладиган қум бўронлари туфайли Тарим шоссеси батамом қум остида қолиб кетиши хавфи юзага келади.

Йўлсозлар йўлларни қумдан тозалашга улгурмай қолишади. Йўлнинг турли участкаларини қум боса бошлайди. Бу эса йўлдан нефт ва газ хомашёсини ташиётган юк машиналари учун хавф туғдирарди.

Шунда Хитой йўлсозлари йўлни қум бўронларидан ҳимоя қилиш мақсадида унинг икки томонига дарахт экиб, табиий тўсиқ қилиш керак деган қарорга келади. Аммо бу осон эмасди.

Фақат қумдан иборат чўлда қурғоқчиликка анча чидамли бўлган саксовул яхши ўсиши мумкин эди. Хитойлик мутахассислар аввалига шоссенинг олти километрида йўл четига саксовул экиб парвариш қилиб кўришади. Кўчатлар яхши униб кетгач жуда катта масштабли ишлар бошлаб юборилади.

Фото: jobspapa.com

2003 йилда Хитой ҳукумати Тарим шоссесининг икки четини яшил ҳудудга айлантириш бўйича лойиҳаларни тасдиқлайди ва унга маблағ ажратади. Шундан сўнг қисқа муддатда йўлнинг барча қисмига бир неча қатордан саксовул ва бошқа камсувликка чидовчи дарахт кўчатлари экилади.

Экилаётган дарахтларнинг яхши униб кетиши учун сув керак эди. Хитойликлар ер остидан сув олиш учун артезиан қудуқлар қазишади. Сўнг қатор қилиб саксовул кўчатлари экилади ва уларни томчилаб суғориб туриш учун қувурлар тортилади. Шу тариқа йўлнинг икки четида саксовул дарахтларидан иборат табиий ҳимоя тўсиғи пайдо бўлади.

Аввалига 2-3 қатор саксовул ўстириб олингач, кейинчалик бу иш давом эттирилади ва қаторлар сони кўпайтириб борилаверади. Айни дамда йўлнинг ҳар икки томонида 70 метрдан жой яшил ҳудудга айлантирилган. Бу ерда 2005 йилга келибоқ 20 миллион туп дарахт кўчатлари экилганди ва бу иш ҳанузгача давом эттириляпти.

Хитой ҳукумати келажакда Тарим шоссесининг икки томонида яшил ҳудудни кенгайтириб бораверишни режалаштирган.

Йўлнинг икки томони дарахтзор қилингач бу ерда турли хизмат кўрсатиш манзиллари ва ёқилғи қуйиш шохобчалари қурила бошланади. Ҳозирги кунда йўлнинг ҳар 4 километрида ана шундай хизмат кўрсатиш манзиллари тикланган.

Фото: AP

Келажакда Тарим шоссеси бўйлаб юзга яқин қуёш электростанциялари қуриш ва ҳудуддаги хизмат кўрсатиш манзиллари ҳамда артезиан қудуқларини электр энергияси билан таъминловчи нимстанцияларни дизел ёқилғисидан муқобил энергияга ўтказиш режа қилинган.

Ҳозирги кунда Тарим шоссеси учта йўлдан иборат. Улардан иккитаси асосий ва биттаси қўшимча йўл.

Бугунги кунда Такла-Макон чўлининг спутникдан олинган суратларига диққат билан қаралса, унда Тарим шоссесининг икки четида ўстирилган дарахтлар ҳам кўринади.

Йўлнинг аҳамияти

Тарим шоссеси минтақанинг иқтисодий ривожланиши учун жуда муҳим. Авваллари Хитойнинг шимолий-ғарбий қисмидан жанубий-ғарбий қисмига автомобил йўли орқали келиш учун камида 1,5 минг километр йўл босиларди. Энди бу учун Тарим шоссеси орқали 550-600 километр йўл юрилса кифоя.

Қолаверса, хитойлик геологлар 1980-йиллар ўрталарида Тарим текислигининг Такла-Макон чўли жойлашган ҳудудидан жуда катта нефт ва газ захираларини топишган. Маълумотларга кўра, Хитойда аниқланган нефт ва газ захираларининг 30 фоизи Такла-Макон ҳудудида жойлашган.

Ўша пайтларда ҳудуддан қазиб олинган нефт ва газ қийин шароитда минглаб километр йўл босилиб, қайта ишловчи корхоналарга етказилган. Энди эса углеводородлар махсус юк автомобиллари ёрдамида айнан Тарим шоссеси орқали қисқароқ йўл билан қайта ишлаш корхоналарига юборилмоқда.

Нефт ва газни қайта ишлаш заводлари улар қазиб олинаётган конлар яқинига қурилса ҳам Тарим шоссесининг аҳамияти пасаймайди, аксинча ошади.

Бундан ташқари, Тарим шоссесида турли хизмат кўрсатиш марказларининг очилиши ортидан бу ерда сайёҳлик ва хизмат кўрсатиш кўрсаткичлари кескин ошди.

Кейинги йилларда Хитойнинг турли ҳудудларидан кўплаб сайёҳлар ўз машиналарида Такла-Макон чўлини кўриш учун келишмоқда. Бу ҳам Тарим шоссесининг аҳамиятини оширмоқда.

Маълумот ўрнида, Хитой 2018 йилда Такла-Макон чўлини кесиб ўтадиган темирйўл қурилишини бошлади. У Шинжон-Уйғур автоном райони таркибига кирувчи Боён-Ғул-Муғул автоном округидаги Чарклик шаҳридан Шинжон-Уйғур автоном районидаги Хўтан шаҳрига қараб тортилмоқда.

Хўтан-Чарклик темирйўли деб номланувчи мазкур темирйўл линиясининг умумий узунлиги 825 километрни ташкил этади. Шундан 534 километри Такла-Макон чўли орқали ўтмоқда.

Худди Тарим йўлида бўлгани каби, Хўтан-Чарклик темирйўлининг икки томонига темирйўлни қум босиб қолишидан асраш учун дарахт экилмоқда. Маълумотларга кўра бу ерда 50 миллион метр квадрат майдонга 13 миллион туп қурғоқчиликка чидамли дарахт кўчатлари ўтқазилган. Темирйўл бўйлаб яшил ҳудуд ташкил қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид