Ўзбекистон | 10:24 / 30.10.2022
10658
5 дақиқада ўқилади

Фото: Нукусда жанговар бўлинмаларни чўлда жойлаштириш бўйича машғулот ўтказилди

Фото: Шимолий-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан чўл ҳудудларида жанговар ҳаракатларни олиб бориш, қўшинларнинг нотаниш ҳудудларда жойлашуви ҳамда ҳар томонлама таъминотини ташкил этиш масалаларига қаратилган кўргазмали ўқув машғулоти ташкил этилди.

Машғулот Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида чўл шароитида жанговар ҳаракатларга тайёргарлик кўришнинг ўзига хос томонларини тадқиқ этиш мақсадида ўтказилган илмий-амалий конференция билан бошланди. Унда мудофаа вазирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари полковник Қодир Турсунов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳод Шерматов, вазирлик ҳамда ҳарбий округларнинг масъул офицерлари, Қуролли кучлар куч тузилмалари вакиллари иштирок этди.

Чўлларнинг табиий-иқлим шароити одамнинг яшаши ва фаолияти учун унчалик қулай бўлмаган ҳудуд саналади. Аммо кўплаб замонавий урушлар бугунги кунда чўл ҳудудларида олиб борилаётгани сабаб қўшинларнинг саҳрода ҳаракат қилиши ва жанг олиб боришининг ўзига хосликларини тадқиқ этишни тақозо этади.

Дунё бўйлаб ҳар йили 12 миллион гектар, 1 дақиқада эса 23 гектар ер чўлланади. Айни вақтда ер юзининг қарийб 75 фоизи чўлланиб қолган. Чўлланган сувли ҳудудларнинг 87 фоизи охирги 300 йил ичида шундай ҳолга келган. Охирги ҳисоботларга қараганда, Ўзбекистон ҳудудининг 70 фоизидан кўпроқ қисми чўлдан иборат.

Ўсимлик дунёсининг камлиги, шамол ва тўғридан-тўғри қуёш нурларини тўсувчи тўсиқларнинг йўқлиги, сув топиш имконияти мавжуд эмаслиги ҳам чўл шароитида жанговар ҳаракатларни олиб боришда қўшинларга қўшимча ноқулайликлар яратиши мумкин.

Илмий-амалий конференция ишида чўл шароитида мудофаа жангини олиб боришда бўлинмаларни тайёрлашнинг ўзига хосликлари, шахсий таркибнинг психологик зўриқишларини ечиш, чўлда ҳаракатланиш ва жанг олиб бориш учун техникаларни тайёрлаш, моддий-техник таъминотни ташкил этиш, махсус қўшинларни қўллаш ҳамда алоқани ташкил этиш, артиллерия имкониятидан фойдаланиш ҳамда жанговар тайёргарликнинг бошқа масалалари хусусида мутахассисларнинг маърузалари тингланди.

Дунё бўйлаб чўл ҳудудларида ўтказилган жанговар операциялар ва уларнинг натижалари чуқур таҳлил этилиб, тадқиқот натижалари атрофлича муҳокама этилди. Чўл шароитида мудофаа жангини ташкил этиш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар берилди.

Кўргазмали машғулотнинг иккинчи қисми «Нукус» умумқўшин полигонида давом этди. У ерда ташкил этилган ўқув нуқталарида иштирокчилар чўл шароитида табиий ва сунъий воситалардан фойдаланган ҳолда муҳандислик талаблари асосида кенг майдонда жиҳозланган мотоўқчи батальонларининг жамланиш ҳудуди билан яқиндан танишди.

Шахсий таркиб ва техникаларни жойлаштириш, барча турдаги таъминот масалаларини йўлга қўйиш, ўқ-дори ва қуролларни сақлаш, ҳудудга мос равишда ниқобланишни ташкил этиш, озиқ-овқат захирасини яратиш, дала шароитида овқат тайёрлаш ҳамда бошқа масалаларни қамраб олган ҳудуд бўлинма доимий жойлашган жойидан узоқда, нотаниш ҳудудда бемалол жойлашиши ва фаолиятини давом эттириши мумкинлигини кўргазмали тарзда намойиш этди.

Нисбатан текис рельефга эга бўлган чўллар қўшинларнинг ҳар хил йўллардан ҳаракатланишига шароит яратиши билан ҳарбий операцияларни ўтказишда кенг миқёсда манёвр қилиш ва қайта гуруҳланишга имкон бера олади. Бошқа томондан қараганда эса чўл қумли паст-баландликлар ҳамда бўшашган қўм ва тўпроқ зарраларининг кўплиги сабаб ўтувчанлиги паст ҳудудлардан иборат бўлади. Бу эса, ўз навбатида, жанговар ва ҳарбий техникалар ҳаракатини чеклаб, ўтувчанликнинг пасайишига олиб келади.

Чўл ҳудудида барпо этилган вақтинчалик ҳарбий госпиталда ярадор ва жароҳатланганларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналардан унумли фойдаланиш, дала шароитида жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти кўрсатилди.

Иштирокчилар дала шароитида овқат тайёрлаш, нон пишириш заводининг имкониятлари, кийим-кечак устахонаси, омборхоналар жиҳозланиши, техник таъминотни ташкил этиш масалалари, шикаст етган техникаларни таъмирлаш ҳамда сафга қайтариш, бир вақтнинг ўзида дала шароитида 20 та техникага оммавий ёқилғи қўйиш ҳудудининг фаолияти билан таништирилди.

Чўлда мудофаа жангини ташкил этишда ҳудудга мос ниқобланишни ташкил этиш ҳамда жанговар техника ва шахсий таркиб учун ҳандакларни тош, ғишт, қўм ва бошқа маҳаллий предметлар ёрдамида жиҳозлаш бўйича ўқув жойлари кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, мудофаа вазири ўринбосари раҳбарлигида Қорақалпоғистонда жойлашган куч тузилмалари мансабдор шахслари билан хизмат йиғилиши ўтказилиб, ҳар бир йўналиш бўйича ҳудуддаги вазият тўғрисида ҳисоботлар эшитилди.

Мавзуга оид