Олег Тиньков Россия фуқаролигидан воз кечди
«Тинькофф банк»нинг собиқ эгаси Олег Тиньков Россия фуқаролигидан воз кечди. Баҳорда ушбу тадбиркор Россиянинг Украинага босқинини кескин қоралаган, кейинроқ банкдаги ўз улушини сотишга мажбур бўлганди.
«Мен Россия фуқаролигидан расман воз кечдим», деб ёзган у ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида. У инстаграмида 26 октябр куни берилган фуқароликдан чиқиш тўғрисидаги маълумотнома суратини ҳам жойлаган.
«Бу воқеаларни кўришни ва Путин фашизмига алоқадор бўлишни истамайман. Собиқ ватандошларимнинг шунчаки тинч аҳолини ўлдираётганини, мулкини талон-торож қилаётганини кўришни истамайман. Сўнгги 3 йил давомида чеккан азиятлардан кейин бу воқеаларни унутишни истайман. Умид қиламанки, янада кўпроқ тадбиркорлар бизнес ва фуқаролигидан воз кечиб, фашизм учун ишлашни бас қилишади», деб ёзган айни вақтда Лондонда истиқомат қилаётган Тиньков.
Олег Тиньков Россиянинг «Тинькофф банк» компанияси асосчиси ва собиқ раҳбари ҳисобланади.
2021 йилда Тиньков АҚШда солиқ жиноятларини содир этишда айбланган эди. Шундан сўнг, АҚШ суди билан келишувга эришиб, етказилган зарар учун компенсация сифатида 506 млн доллар тўлашга рози бўлди.
Олег Тиньковда Кипр Республикаси фуқаролиги ҳам бор.
Душанба куни бошқа бир банкир - Revolut финтех-стартапи асосчиси Николай Сторонский ҳам Россия паспортидан воз кечгани маълум бўлди. Унда Буюк Британия фуқаролиги ҳам бўлган. Октябр ойида бошқа россиялик миллиардерлар - DST Global фонди раҳбари Юрий Мильнер, Freedom Finance компанияси раҳбари Тимур Турлов, «Тройка Диалог» компаниясининг собиқ раҳбари Рубен Варданян ҳам Россия фуқаролигидан намойишкорона воз кечган эди.
Урушга қарши чиқишлар
28 феврал куни, Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан тўрт кун ўтиб Тиньков шундай ёзганди: «Ҳозир Украинада бегуноҳ одамлар ўлмоқда, ҳар куни, бу ақлга сиғмас ва йўл қўйиб бўлмас иш! Давлат пулни урушга эмас, одамларни даволашга, саратон устидан ғалаба қозониш учун тадқиқотларга сарфлаши керак. Биз бу урушларга қаршимиз!»
Апрел ойида у янада кескинроқ чиқиш қилади. Ўшанда у Россия армиясининг ҳарбий тайёргарлиги даражасига кескин сўзлар билан баҳо берганди. «Бу бемаъни урушни қўллаётган бирор кишини кўрмадим. Оддий одамлар, аскарлар ўлмоқда. Генераллар сармастликдан ўзига келиб қарасаки, армиялари ҳеч нарсага ярамайди. Ахир қолган ҳамма соҳа расво бўлиб ётганда, армия қандай яхши бўлсин? Кремлдаги амалдорлар нафақат ўзлари, ҳатто болалари ҳам Ўрта Ер денгизида чўмила олмаслигидан ҳайратда, тадбиркорлар охирги мулкини сақлаб қолишга уринмоқда. Албатта, Z чизиб олган ахмоқлар ҳам бор, лекин унутмангки, ахмоқлар ҳамма ерда кўпи билан 10 фоизни ташкил қилади. 90 фоиз россияликлар бу урушга қарши», деганди банкир.
Шундан икки ҳафтага яқин вақт ўтганидан кейин Олег Тиньков оиласи «Тинкофф» гуруҳининг асосий тузилмаси бўлган TCS Group Holding’нинг 35 фоиз акциясини Владимир Потаниннинг «Интеррос» гуруҳига сотгани маълум бўлди. Келишув қиймати очиқланмади, аммо Тиньков кейинроқ берган интервьюларидан бирида улушини бозор нархидан анча арзонроққа сотганини айтиб ўтди.
Кейинчалик, компаниянинг янги эгалари ребрендинг ўтказиб, «Тинькофф банк» номини ўзгартирмоқчи эканини эълон қилишди.
Мавзуга оид
11:08 / 10.12.2024
2015 йилдан бери Сурияда 540 нафардан ортиқ Россия ҳарбийси ҳалок бўлди
21:19 / 09.12.2024
Украина расмийлари Telegram иловасидан фойдаланишни камайтирди – ОАВ
18:06 / 09.12.2024
«Мен ва Путин» - Туркия президенти дунёда фақат икки етакчи қолганини айтди
16:51 / 09.12.2024