Коррупция фақат порахўрлик дегани эмас: Манфаатлар тўқнашуви қонунида нималар ёзилган?
Давлат берган ваколатдан фойдаланиб, уруғ-аймоғи билан бирга ноқонуний бойлик орттириш, ҳуқуқий тилда айтганда – манфаатлар тўқнашуви ниҳоят қонун билан тартибга солинади. Ҳозирча жиноий жавобгарлик масаласи йўқ: ҳатто бир йил ичида такроран содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун ҳам фақат маъмурий жарима белгиланяпти. Kun.uz Сенатга юборилган қонундаги асосий жиҳатлар билан таништиради.
25 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни учинчи ўқишда қабул қилиб, Сенатга юборди.
Хўш, минглаб давлат хизматчилари йўл қўяётган манфаатлар тўқнашувини бартараф этишни мақсад қилган қонунда нималар назарда тутилган? Kun.uz шу ҳақда тўлиқроқ маълумот беради.
Агар қонун Сенатда маъқулланиб, президент томонидан имзоланса ва кучга кирса, унинг талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ қилинади:
- давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига;
- давлат муассасаларига;
- давлат унитар корхоналарига;
- давлат мақсадли жамғармаларига;
- устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига.
Қонунда манфаатлар тўқнашуви тушунчасига шундай таъриф берилади:
“Манфаатлар тўқнашуви – шахсий манфаатдорлик шахснинг лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқаролар, ташкилотлар, жамият ёки давлат ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият”.
Ҳужжат билан қуйидаги шахслар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимига алоқадор шахслар деб эътироф қилинмоқда:
- давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимининг яқин қариндошлари (яқин қариндошлар деганда ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари тушунилади);
- ходим ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс;
- ходим ёки унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахс раҳбари ёки бошқарув органи аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.
Қонун билан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимининг манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги ва бунга қўл остидагиларни бевосита ёки билвосита мажбурламаслиги белгиланмоқда.
Шунингдек, манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, ходим ўз иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича қарор қабул қилингунига қадар раҳбари ёки махсус бўлинмани хабардор қилиши, бошқа ходимларнинг шу каби ҳаракатлари юзасидан ҳам хабар бериши керак.
Қонунда давлат органлари ходимлари акциядорлик жамиятларининг эркин муомалада бўлган акцияларининг 10 фоизигача эгалик қилиш ҳуқуқи берилмоқда.
Таклиф этилаётган нормаларга кўра, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари
- ўз хизмат мавқейини суиистеъмол қилиш орқали шахсий наф олишга ҳақли эмас;
- ходимлар ўзи ишлаётган ташкилот назорати остидаги ташкилотларнинг акцияларига ёки улушларига ўзининг ёки яқин қариндошларининг эгалик қилиши ва бошқарув органи аъзоси бўлиши мумкин эмас; бундай ҳолатларда улар ўз улушларини 1 ой ичида сотиши ёки бошқарув органлари аъзолигидан чиқиши керак;
- ўзи ишлаётган давлат ташкилотида ўзига тааллуқли бўлган ёки ўзига алоқадорларга тааллуқли ишларни кўриб чиқишда вакил сифатида иштирок этиши мумкин эмас;
- ўзи ёки ўзига алоқадор шахслар у фаолият олиб бораётган давлат ташкилотининг мол-мулкини сотиб олишда ёки ижарага олишда иштирок этиши мумкин эмас.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи бўлиб, у манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ахборотни ва материалларни давлат органларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан сўраб олади ҳамда соҳадаги фаолиятни мувофиқлаштиради.
Шунингдек, агентлик:
- манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда битим, қарорни ҳамда бошқа ҳужжатни бекор қилиш тўғрисида давлат органларига ва бошқа ташкилотларга тақдимнома киритади ёки уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга даъво киритади;
- манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарноманинг ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шаклларини тасдиқлайди;
- манфаатлар тўқнашуви натижасида фуқаролар, ташкилотлар, жамият ёки давлат манфаатларига етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланишига эришиш устидан назоратни амалга оширади;
- манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақида баённома тузади, уни судга кўриб чиқиш учун юборади ва бошқалар.
Бундан ташқари, хар бир давлат органи ва бошқа ташкилотларга ходимларини манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабардор қилиш, бундай қарорларни бекор қилиш ёки ўзгартириш, манфаатлар тўқнашуви натижасида етказилган зарар қопланишини таъминлаш каби вазифалар юкланмоқда.
Қонуннинг 13-19-моддалари билан манфаатлар тўқнашувига доир ахборотни ошкор қилиш, хабарнома ва уни кўриб чиқиш, декларациялаш каби процессуал ҳаракатлар тартибга солинади.
Қонунга кўра, манфаатлар тўқнашувлари қуйидаги манбалардан олинган маълумотлар орқали аниқланади:
- декларациялар;
- давлат харидлари давомида олинган таклифлар, саралаш ёки тендер комиссиялари мажлислари баённомалари, тузилган битимлар;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходими фаолиятидаги мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги мурожаатлари ёки хабарлари;
- тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари ва якуний наф олувчилари (бенефициарлари) рўйхатлари;
- Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш модули;
- “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизими;
- Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий меҳнат тизими;
- қимматли қоғозлар марказий депозитарийси;
- махсус ваколатли давлат органи томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича киритилган тақдимнома.
ОАВ ва интернет тармоғида манфаатлар тўқнашуви ҳақида маълумот тарқалганида, бу ҳолатлар тегишли тартибда ўрганиб чиқилади.
Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларида қуйидаги чоралардан бири кўрилади:
- раҳбарнинг бевосита бўйсунувидаги ходимни манфаатлар тўқнашуви юзага келмайдиган бошқа раҳбар бўйсунувига ўтказиш;
- ходимни манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган коллегиал орган таркибидан ихтиёрий ўзини ўзи рад этиши орқали ёки мажбуран четлаштириш;
- ходимнинг лавозим мажбуриятлари доирасини қайта кўриб чиқиш;
- ташкилотнинг манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган ахбороти ва ҳужжатларидан ходимнинг фойдаланишини чеклаш;
- якка тартибда қарорлар қабул қилишга доир ваколатлар устидан коллегиал назоратни таъминлаш;
- ходим томонидан ўзи ишлаётган ташкилотлар манфаатларига зид бўлган шахсий манфаатдорлигидан воз кечиши;
- шахсий манфаатдорлигини бартараф этиш мумкин бўлмаганда, ходимнинг розилиги билан уни аввалги лавозимига тенг бошқа лавозимга ўтказиш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш.
Муҳим жиҳати, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чоралар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимининг розилиги билан қабул қилинади. Бунда афзаллик, устунлик беришга ёхуд камситишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз ходими билан ўзаро келишувга кўра, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан қонунчиликда тақиқланмаган бошқа чораларни ҳам кўриши мумкин.
Бошқа қоидалар:
- манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва аниқлашда иштирок этадиган ходимлар ўзига ишониб топширилган ёки хизмат мажбуриятини бажаришда маълум бўлиб қолган шахсларнинг шахсга доир маълумотларини ошкор этиши мумкин эмас;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида ҳар бир мурожаати ёки хабари қонунчиликда белгиланган тартибда текширилади;
- давлат органлари ва бошқа ташкилотлар Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрини юритади.
Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган қарорлар ёки тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Бунда ушбу қарор қабул қилиниши ёки битим тузилиши натижасида олинган фойда, битим бўйича олинган ҳамма нарсани қайтариб бериш тўғрисида талаб қўйилмасдан, суд тартибида давлат даромадига ўтказилади. Унинг ижроси билан боғлиқ харажатлар ўрни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахс ҳисобидан қопланади. Манфаатлар тўқнашуви натижасида келтирилган зарар айбдор ходимдан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходими манфаатлар тўқнашуви юзасидан қабул қилинган қарор устидан юқори турувчи ташкилотга, Аксилкоррупция агентлигига ёки судга шикоят қилишга ҳақли.
Қонуннинг 29-моддасида манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган. Лекин айни вақтда Маъмурий ёки Жиноят кодексида бундай ҳуқуқбузарлик тури мавжуд эмас. Шу сабабли, ушбу қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 193-4-модда билан тўлдирилмоқда. Ушбу моддада манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаганлик учун (хусусан давлат харидлари соҳасида ҳам) турли классификацияга кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 30 бараваригача (ҳозирда 900 минг сўмдан 9 млн сўмгача) жарима солиниши кўрсатилган.
Таъкидлаб ўтиш керак, фаол жамоатчилик бундай ҳуқуқбузарликлар учун қаттиқроқ жазо чоралари, хусусан жиноий жавобгарлик белгиланишини кутган эди. Лекин қонун лойиҳаси муаллифлари ва депутатлар ҳуқуқбузарлик ҳатто бир йил ичида такроран содир этилган тақдирда ҳам жарима белгилаш билан чекланган.
Шунингдек, МЖтК 245-10-модда билан тўлдирилиб, унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахсларига ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳуқуқи берилмоқда. Баённомалар кўриб чиқиш учун судга юборилади.
Бундан ташқари, қонун тўғридан тўғри таъсир қилаётган Фуқаролик кодекси ва қатор ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилган. Қонун – расмий эълон қилинганидан 6 ой ўтгач кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, ҳужжат айни вақтда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган.
Аввалроқ Аксилкоррупция агентлиги ўрганишларида маълум бўлгандики, Самарқанд вилоятида 277 та ҳолатда 10,9 млрд сўмлик, Фарғона вилоятида 158 та ҳолатда 8,1 млрд сўмлик, Сирдарё вилоятида 20 та ҳолатда 1,6 млрд сўмлик, Қашқадарё вилоятида 66 та ҳолатда 1,1 млрд сўмлик, Навоий вилоятида 14 та ҳолатда 0,3 млрд сўмлик давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларда аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилган.
Март ойида агентлик директори Акмал Бурҳонов манфаатлар тўқнашувини автоматик аниқлайдиган тизим устида ишлар ҳали давом этаётганини айтганди.
Фаррух Абсаттаров тайёрлади.
Мавзуга оид
17:38 / 23.12.2024
Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш рейтингида 81-ўринни эгаллади
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
10:05 / 13.12.2024
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуннинг жамият ва давлат учун аҳамияти
12:00 / 11.12.2024