Жаҳон | 19:49 / 02.11.2022
9739
2 дақиқада ўқилади

Ливанда вабо тарқалди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ливанда вабо «тезлик билан» тарқалаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Фото: AP

Октябр ойида Яқин Шарқнинг ушбу мамлакатида 1993 йилдан бери биринчи марта вабо касаллиги аниқланган эди. ЖССТ маълумотларига кўра, касаллик мамлакатнинг барча ҳудудларига тарқалиб, жами 1400 та гумон қилинган ҳолатлар қайд этилган. Касаллик тарқалиши Бебнин шаҳрида бошланган бўлиб, расмийлар у ерда дала шифохонасини ташкил қилган.

ЖССТ Фавқулодда вазиятлар бўйича минтақавий директори Рик Бреннан сўзларига кўра, вабо Суриядан келиб чиққан бўлиб, ҳозирда 20 мингга яқин шубҳали ҳолатлар бор.

Вабо бактериялари ифлос сув, озиқ-овқат ёки оқова сувлари орқали тарқалади. У буйрак етишмовчилиги ёки ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Аммо уни дори-дармонлар билан даволаш имкони бор. Инфекция фекал-оғиз йўли билан юқади, бу эса эпидемия хавфини оширади.

ЖССТ баёнотига кўра, бу йил бутун дунё бўйлаб вабо эпидемиялари сони кескин ошган. Бунинг ортида сув тошқинлари, қурғоқчилик, можаролар, миграция ва тоза сувдан фойдаланиш имкониятининг пасайишига олиб келадиган бошқа омиллар бор. Вакциналар тақчиллиги туфайли БМТ агентлиги тавсия этилган эмлаш тартибини ҳозирча икки дозадан бир дозага ўзгартирди.

Қайд этилишича, Ливан вакциналарнинг биринчи партиясини 2 ноябр куни олган. 13 минг дозадан иборат партия Франциянинг Sanofi тиббиёт компанияси томонидан тақдим этилган ва Франция ҳукумати кўмагида етказиб берилган.

Ливан соғлиқни сақлаш вазири Фирас Абиад сўзларига кўра, эмлаш касаллик тарқалишини чеклашда «муҳим рол» ўйнайди.

ЖССТ Ливанни тиббий ходимлар, асбоб-ускуналар ва лаборатория ресурслари, вакциналар билан таъминлашда, шунингдек, клиника ва шифохоналарда ўқув жараёнини ташкил этишда қўллаб-қувватламоқда.

Мавзуга оид