Жамият | 12:17 / 04.11.2022
16027
3 дақиқада ўқилади

“Бир марта фарзанд доғини кўрдим, иккинчи марта кўтаролмайман”, — ўғлини йўқотишдан қўрқаётган ота-она ноласи

Ота-онага фарзанд доғини кўрсатмасин экан. Ҳамманинг ҳам боласи ортида қолсин. Тақдир бу оилани тўрт фарзанд билан сийлади. Катта фарзанд айни куч-қувватга тўлиб, 23 баҳорни қарши олганда вафот этди. Энди иккинчи ўғилда жуда мураккаб дард аниқланган ва ота-онани буткул тушкунликка туширган.

Катта фарзандидан айрилган ота-она қолган болалари учун яшашга куч топди. У вақтда оиланинг иккинчи ўғли Алишер ҳарбий хизматда эди. Хизматларни яхши ўтаб, имтиёз билан қайтишига қарамай, акасидан кейин ўзини катта фарзанд деб билиб ўқимади. Қўлига кетмон олиб, адирда ишлади, рўзғорга ёрдамлашди.

Икки қизни узатиб, ўғил уйлантириб, невараларни ўйнатиб ўтирадиган ёшга етганда ота-она яна бир ҳаёт синовига йўлиқди. Алишерда акасини олиб кетган дард — жигар циррози борлиги аниқланди.

“Ўтган йилдан бери ўғим шу дард билан курашади. Оғир иш қилолмайди, парҳез таомлар билан овқатланади. Ётади, туради, уйга киради, ҳовлига чиқади. Далада ишлаб юрган, тиним билмаган одам учун бир жойда бўлиб қолишдан оғирроқ азоб йўқ экан. Ўғил бола учун айни иш қиладиган ёшда бундай ўтириш жудаям оғир. Уни кўриб ёрдам беролмаслик унданам қийин.

Дадасининг ҳам соғлиғи яхши эмас. Биттасини ўзим тупроққа қўйдим, иккинчисини юрагим кўтармайди, деб йиғлайдилар. Мен ҳам иккинчи марта фарзанд доғига чидолмайман. Кечаси-ю кундузи боламни ўйлаб ҳаловатимиз йўқ. Эрта-ю кеч кўзига қарайман. Болагинам ортимизда қолсин, ҳеч кимнинг бошига фарзанд доғини солмасин”, - дейди Жанонхон ая кўз ёшларини тиёлмай.

Алишер аканинг ҳали вояга етмаган икки нафар фарзанди бор. Улар отасига шифо сўраб тинмайди. “Отам тузалмаса, биз отасиз нима қиламиз? Бизни ниятларимизга ким етказади, бошимизда ким туради?”, дейди фарзандлари. Отанинг дарди болакайларни ҳам бир зумда улғайтириб қўйгандек, гўё.

“Кўнглимдан ўтаётганларини тасвирлаб беролмайман. Эркак киши бўла туриб, пул тополмасангиз, бир иш қилолмасангиз, бундан оғири бўлмас экан. Ота-онам айни роҳат кўрадиган ёшда, лекин пенсиялари ҳам ўзларига насиб қилмаяпти. Топганлари менинг дори-дармоним-у даволанишимга кетяпти.

Болаларим ҳам жуда ёш. Менга бир нима бўлса, уларни ким оёққа қўяди, ким суянчиқ бўлади? Ота-онам кексайиб қолишган, улар менсизликни кўтаролмайди. Шуларни ўйлаб тинимсиз Аллоҳдан шифо сўрайман”, - дейди Алишер ака кўз ёшларини яшириб.

Докторлар операция қилиниши кераклиги, жигар кўчириб ўтказишгина фойда беришини айтишяпти. Беморнинг кичик синглиси донорлик қилишга тайёр. Фақат маблағ етишмаслиги бу амалиётни ортга сурмоқда.

Имконингиз бўлса, бир инсоннинг саломатлигини тиклашга, оиланинг қувончини, ҳаловатини қайтаришга ўз ҳиссангизни қўшинг. 

Алишер Низомовга оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 0301 7008 6125 беморнинг синглиси Нозимахон Низомова номида

Манзил: Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани, Тешиктош қишлоғи, 30-уй.

Мавзуга оид