Ўзбекистон | 08:30 / 05.11.2022
23697
2 дақиқада ўқилади

Сенат сайтини бузиб кирганлар 14 ёшдаги ўсмирлар экани маълум бўлди

Маълум бўлишича, Олий Мажлис Сенати сайтига киберҳужум уюштирганлар 6 киши бўлиб, уларнинг барчаси 14 ёшдаги ўсмирлар. Ёш ҳакерлар бунгача ҳам бир неча давлат органлари сайтларига, жумладан, Kundalik.com сайтига ҳам бузиб киришганини тан олишган.

Интернетда тарқалган скриншот

Ҳакерлар гуруҳи ўзини MarshGolden деб номлайди. Жамоат етакчиси My5 телеканалига берган аноним интервьюсида киберҳужумларни 2019 йилдан бошлаганини айтади.

“Сайтларни бузишни 2019 йили Kundalik.com сайтидан бошлаганман. У пайтлар сайт анча заиф эди. Унга бузиб кириб, баҳоларимизни тўғрилаганмиз. Ўшандан кейин жамоа йиғиб иш бошлаганмиз”, дейди исми очиқланмаган ҳакер.

Интервью давомида ёш ҳакер 2 ноябрь куни «Senat.uz» расмий сайтига ҳужумни ҳам ўзлари уюштирганини тан олган. Бу орқали улар мутасаддиларга сайтнинг хавфсизлик тизимидаги заифликни кўрсатиб қўймоқчи бўлишган.

“2 ноябрь куни соат 11:00да сайтдаги заифлик ҳалигача бартараф этилмагани сабабли хавфсизлик тизимидаги камчиликларни кўрсатиб қўйиш мақсадида Сенат расмий сайтига киберҳужумни амалга оширдик. Бизда ҳали киберхавфсизлик ривожланмаган, шу сабабли дастурчилар сайтларни ишлаб чиқаётганда бу нарсага аҳамият қаратиши керак. Шунинг учун ҳам ҳали Ўзбекистон сайтларида заифликлар кўп. Агар шароит яратиб берилса, бизга қилинган харажатларни давлат учун ишлаб қоплардик”, дейди MarshGolden гуруҳи етакчиси.

Эслатиб ўтамиз, 2 ноябрдаги киберҳужум натижасида Олий Мажлис Сенатининг расмий сайтига кириш бир муддат имконсиз бўлиб қолганди.

Бу вақтда сайтда “Киберхавфсизлик марказига саломлар” ҳамда “сизнинг тизимингиз [ҳакерлар гуруҳининг логотипи] томонидан бузиб кирилди” деган ёзув кўриниб турди.

Сенатнинг Телеграмдаги расмий каналида ҳакерлар ҳужуми туфайли Senat.uz сайтининг иш қобилияти бузилгани, айни пайтда сайт фаолиятини қайта тиклаш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди.

Senat.uz сайтига кирмоқчи бўлганлар субдоменга йўналтирилганди. Танзила Норбоеванинг матбуот котиби Ҳожиакбар Тўлаганов ушбу субдомен Сенатнинг янгича дизайндаги сайти экани, киберҳужум ортидан тест режимидаги сайт вақтинча ишга тушириб қўйилганини маълум қилди.

Мавзуга оид