Ўзбекистон | 12:01 / 05.11.2022
12168
4 дақиқада ўқилади

“Туркияга чиқиш дегани, денгиз орқали дунё бозорларига чиқиш дегани” – таҳлилчилар Туркий кенгашнинг аҳамияти ҳақида

Kun.uz’нинг Туркий давлатлар кенгаши ва унинг Самарқанд саммитига бағишлаб ўтказган давра суҳбатида иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ҳамда сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ташкилотнинг Ўзбекистон учун аҳамияти ҳақида гапирди.

– Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги ҳозирги ва келгусидаги манфаатлари нимадан иборат?

Абдулла Абдуқодиров:

– Туркий кенгаш бу – номидан ҳам маълумки, тарихий бирлик ва қадриятлар асосида ташкил топган ташкилот. Тарихий бирлик билан эса иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳамкорлик олиб бориш бирмунча қийинчилик ҳам туғдиради. Масалан, маданий соҳада бу осон, аммо иқтисодий ва сиёсий соҳаларни олиб бориш мураккаб деб қаралади. Тўғрисини айтадиган бўлсак, бунақа ташкилотларда бир ёки иккита мамлакат драйвер бўлади. Агар биз Туркияни драйвер деб оладиган бўлсак, бу давлатнинг турли йилларда турли давлатлари билан муаммолари ва зиддиятлари жуда ҳам кўпайиб кетди. Балки шу сабаблидир, туркий давлатлар деганда кўп ютуқларга ҳали биз етиб келганимиз йўқ. Бунинг ҳар томонлама муҳимлигини энди-энди англаб келяпмиз. Шунинг учун ҳам Самарқанд саммити қандайдир бурилиш нуқтаси бўлади деб ўйлайман.

Биргина логистика масаласини оладиган бўлсак, жуда катта ишларни амалга ошириш мумкин. Ҳозирда мавжуд муаммолардан энг каттаси ҳам ана шу ва бу масалаларни ҳал қилиш айнан бугун учун муҳим ва тезлик билан ҳал этишни талаб қилади. Биргина мисол, авваллари Туркиядан мол харид қилсангиз, у Эрон орқали 2 ҳафтада қўлингизга етиб келар эди. Ҳозир бу муддат 3-4 ҳафтага чўзилиб кетган. Ушбу саммитда биз учун энг манфаатли бўлган жиҳатлар булар, савдо-сотиқ масаласида логистика муаммосини ҳал этишдир. Туркияга чиқиш дегани, денгиз орқали дунё бозорларига чиқиш деганини англатади.

Яна бир муҳим йўналишлардан бири бу – ўзаро инвестиция масаласидир. Биргина Анталиянинг ўзида 400 дан ортиқ ўзбек оилалари уй-жой қилиб яшаб келмоқда. Бу ҳам кичик инвестиция эмас. Ўйлайманки, Самарқандда кутилаётган саммитда Ўзбекистон томонидан бир нечта ташаббуслар илгари сурилади ва бу савдо-сотиқ ҳамда маданият жиҳатларни тўлдиришга кўмак беради.

Камолиддин Раббимов:

– Бу саммитнинг сиёсий жиҳатдан ҳам аҳамияти юқори. Туркий давлатларнинг кенгашига аъзоликда биринчи масала бу геосиёсат ва хавфсизликдир. Чунки дунёдаги энг катта уруш пост совет давлатлари орасида бўляпти. Давлатлар ўзининг геосиёсий қутбини яратишга ҳаракат қиляпти. Россиянинг таъсири остидан чиқиб кетмаган энг катта ҳудуд – Марказий Осиёдир. Украина бу доирадан чиқиб кетди. Шунинг учун ҳам туркий давлатлар ҳамда Туркия билан ҳамкорлик минтақада стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон мустақил бўлганда биринчи бўлиб уни тан олган давлат бу Туркиядир. Туркия Марказий Осиё давлатларининг мустақил бўлишини салкам бир аср кутди. Бугун Евросия ҳудудидаги геосиёсий зиддият жуда чигал. Шунинг учун туркий давлатларнинг бир-бирини геосиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши ва ресурс билан таъминлаши жуда муҳим. Давлатлар чегараси ҳеч қачон ўзгаришсиз қолмайди, ё муттасил тораяди, ё кенгая боради. Шунинг учун туркий давлатлар билан ҳамкорлик қилишдан бошқа муқобиллик мавжуд эмас. Ўзбекистоннинг бир қанча таркибий ўзликлари мавжуд. Биз мусулмон ва туркий дунёларнинг таркибий қисмимиз. Аммо она сути билан кирадиган ўзликлардан биттаси туркий оиланинг бир қисмимиз.

Туркия бугунги кунда кучли йигирматаликка кирувчи давлат бўлиб шаклланди ва ҳар томонлама янгиликлар қила олди. Нима учун биз ундан ўрганмаслигимиз ва ўрнак олмаслигимиз керак?

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид