Ўзбекистон | 12:31 / 07.11.2022
8627
3 дақиқада ўқилади

Тери қийқимларидан жаҳон бозорига тайёр маҳсулот

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони Жидда шаҳридаги Бош консулхонасида Саудия Арабистонининг “Golden Star” компанияси бош директори Абдулмуъин Зурги билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувдан республикамиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётган коллаген ва желатин маҳсулотларини Саудия Арабистонига экспортини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Ўзчармсаноат

Жумладан, Абдулмуъин Зурги “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо “МММ Амин Био” компанияси (Halal Gelatin Collagen Manufacturer) томонидан ишлаб чиқарилаётган, ҳалол сертификатига эга желатин ва коллаген маҳсулотларини Саудия Арабистонига етказиб берилишига қизиқиш билдирди. Шу мақсадда “Golden Star” компаниясига коллаген ва желатин маҳсулотларининг намуналари ва тегишли сертификатлар нусхалари тақдим этилди.

Таъкидлаш жоизки, йиллик 1,5 минг тонна желатин ва коллаген маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган “MMM Amin Bio” корхонаси ишга туширилгунига қадар терини қайта ишлашдан ҳосил бўладиган қийқимлар чиқиндига ташлаб юборилган бўлса, бугунги кунда ушбу ишлаб чиқариш қолдиқларидан жаҳон бозори талабларига жавоб берадиган желатин ва коллаген маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди ва ҳозирда дунёда желатин ва коллаген маҳсулотларига бўлган талаб йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу маҳсулотларнинг асосий харидори озиқ-овқат ва фармацевтика саноати компаниялари ҳисобланади. Талаб катта бўлган бу маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёни эса ўзига хос мураккаб технологик жараёнларни талаб этади.

Яқин-яқингача Ўзбекистон ҳам желатин ва коллаген маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини импорт ҳисобига қондириб келган бўлса, бугунги кунда ушбу импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида жойлашган “MMM Amin Bio” корхонасида ишлаб чиқарилмоқда.

“MMM Amin Bio” корхонасида яратилган ишлаб чиқариш қувватлари нафақат мамлакатимиз озиқ-овқат ва фармацевтика саноати эҳтиёжларини қоплаш, балки хорижий мамлакатларга қўшимча экспорт қилиш учун ҳам етарли. Бугунги кунда корхона маҳсулотларини МДҲ, Хитой ва Европа давлатлари бозорларига етказиб бермоқда. Жорий йилнинг 9 ойида корхона 1,5 млн АҚШ долларига тенг маҳсулот экспортини амалга оширди. Эндиликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган желатин ва коллагеннинг экспорт географиясига Саудия Арабистони ҳам қўшилмоқда.

Абдулмуъин Зурги “MMM Amin Bio” корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини юқори баҳолаган ҳолда, Саудия Арабистонидаги фармацевтика заводларига маҳсулотларни етказиб бериш бўйича ҳамкорлик ўрнатилишини маълум қилди. Учрашув доирасида “MMM Amin Bio” компанияси вакиллари билан онлайн-музокаралар ўтказилди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор келишувларга эришилди.

Мавзуга оид