Украина бешта стратегик аҳамиятга эга компанияни миллийлаштирди
Украина ҳукумати томонидан миллийлаштирилган корхоналар орасида коллаборационизмда айбланаётган Игор Коломойский ва Вячеслав Богуслаевнинг фирмалари бор.
Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатнинг бешта стратегик муҳим корхонасини миллийлаштиришни топширди - уларнинг баъзилари Украинада турли тергов ҳаракатлари олиб борилаётган тадбиркорлар билан боғлиқ. «Мотор Сич», «Запорижтрансформатор», «АвтоКрАЗ», «Укрнафта» ва «Укртатнафта» активлари бегоналаштирилгани ҳақидаги маълумотни 7 ноябрь, душанба куни бўлиб ўтган брифингда Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) котиби Олексий Данилов тасдиқлади.
Даниловнинг сўзларига кўра, қарор 5 ноябрь куни Украина президенти Володимир Зеленский раислигида бўлиб ўтган Олий бош қўмондонликнинг Украина мудофааси тўғрисидаги қонунлари ва ҳарбий амалиётнинг ҳуқуқий режимига оид қонунларига мувофиқ йиғилишида қабул қилинган. «Мусодара қилинган активлар ҳарбий мулк мақомига эга бўлди, уларни бошқариш Украина Мудофаа вазирлигига ўтказилди», деб таъкидлади МХМК вакили. Ҳарбий ҳолат тугагач, улар эгаларига қайтарилиши мумкин.
Украина бош вазири Денис Шмигалнинг таъкидлашича, бегоналаштирилган барча бешта корхона «давлатнинг мудофаа эҳтиёжларини 24/7 режимида қондириш учун ишлайди».
Миллийлаштирилган компаниялар орасида «Мотор Сич» ҳам бор, унинг президенти - собиқ сиёсатчи, Олий рада депутати Вячеслав Богуслаев. Октябр ойи охирида Украина махсус хизматлари уни коллаборационизмда гумон қилиб, уйида тинтув ўтказган, кейинроқ суд тадбиркорни икки ойга ҳибсга олган.
Кузда тадбиркор Иҳор Коломойскийнинг уйида ҳам «Укрнафта» мол-мулки ва маблағларини ўзлаштириш иши бўйича тинтувлар ўтказилди. Шу билан бирга, ОАВ компания акцияларининг 42 фоизига эгалик қилган тадбиркор айбланувчи эмаслигини таъкидлади. Бироқ 2021 йилда Коломойский «кенг миқёсдаги коррупцион жиноятларга алоқадорлиги сабабли» АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган.
Ноябрь ойи бошида Игор Коломойский Россияда сиртдан ҳибсга олинган - Қозон суди уни ва «Укртатнафта»нинг 60 фоиз улушига эга бўлган украиналик тадбиркор Геннадий Боголюбовни қиймати 40 миллион доллардан ортиқ бўлган 800 минг тонна нефтни ўғирлаганликда айблади.
Олий рада апрель ойида Россиянинг Украинага қарши урушини очиқдан-очиқ инкор этувчи ва Россия кучларининг Украинадаги ҳаракатларини маъқуллайдиган Россия билан чамбарчас боғлиқ бўлган бошқа мамлакатлар фуқаролари каби русларнинг мулкини миллийлаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Унда Россия мулкини ҳеч қандай компенсациясиз мажбуран тортиб олиш назарда тутилган.
Кремль таъсири остидаги компаниялар мулкини миллийлаштириш нафақат Украинада, балки уруш бошланганидан бери бошқа давлатларда ҳам давом этмоқда. Германияда сентябрь ойида Россия газининг энг йирик немис импортчиси Uniper тўлиқ давлат назоратига ўтди. Бунгача Россиянинг «Газпром» компанияси немис шуъбаси Gazprom Germania Германия Федерал тармоқ агентлиги назоратига ўтказилди - апрель ойида эса Россия концернининг ўзи немис компаниясидаги иштирокини тўхтатди.
Мавзуга оид
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024