Спорт | 16:31 / 09.11.2022
29302
7 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2022 таништируви: 6-чемпионликни кўзлаётган Бразилия — таркиб, етакчилар, имкониятлар

ЖЧ-2022 бошланишига 11 кун қолди. Бугундан турнир фаворитлари ҳақида сўз юритамиз. Таништирувни энг кўп марта чемпионликни қўлга киритган Бразилия миллий жамоасидан бошлаш мантиқан тўғри бўлади. Устига-устак, ғолибликка даъвогарлардан ҳозирча фақат «пентакампеонлар» якуний таркибни эълон қилишди.

ФИФА рейтингидаги ўрни — 1

ЖЧ-2022га йўл — 14 ғалаба, 3 дуранг, 0 мағлубият, тўплар нисбати — 40:5

Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Неймар (8)

ЖЧдаги энг яхши натижаси — чемпионлик (1958, 1962, 1970, 1994, 2002)

Таркиб

Бразилия миллий жамоасининг якуний 26 кишилик қайдномасидан қуйидаги футболчилар ўрин олди.

Дарвозабонлар: Алиссон («Ливерпул»), Эдерсон («Манчестер Сити»), Уэвертон («Палмейрас»);

Ҳимоячилар: Алекс Сандро, Бремер, Данило (барчаси – «Ювентус»), Алекс Теллес («Севилья»), Дани Алвес («Пумас»), Эдер Милитао («Реал»), Маркиньос («ПСЖ»), Тиаго Силва («Челси»);

Яримҳимоячилар: Каземиро, Фред (иккиси ҳам – «Манчестер Юнайтед»), Эвертон Рибейро («Фламенго»), Фабиньо («Ливерпул»), Лукас Пакета («Вест Ҳэм»), Бруно Гимараэс («Ньюкасл»);

Ҳужумчилар: Антони («Манчестер Юнайтед»), Габриэл Мартинелли, Габриэл Жезус (иккиси ҳам – «Арсенал»), Неймар («ПСЖ»), Педро («Фламенго»), Рафинья («Барселона»), Ришарлисон («Тоттенҳэм»), Родриго, Винисиус Жуниор (иккиси ҳам – «Реал»).

Чақирилганларнинг деярли ярми (12) АПЛда тўп тепади. «Реал», «МЮ» ва «Ювентус»дан 3 нафардан ўйинчи таклиф қилинган.

Саралаш мобайнида жалб этилган Роберто Фирмино («Ливерпул»), Габриэл Магальяэс («Арсенал»), Матеус Кунья («Атлетико»), Эмерсон Роял («Тоттенҳэм»), Ренан Лоди («Ноттингҳем Форест») каби футболчилар мундиалга йўл олган таркибдан тушиб қолишди. Филиппе Коутиньо («Астон Вилла») эса жароҳат сабаб турнирни ўтказиб юборадиган бўлди.

Таркибдаги энг ёши катта футболчи — Дани Алвес. Мексика чемпионатида ҳаракат қилаётган 39 ёшли қария агар ЖЧда майдонга тушса, миллий жамоа рекордини янгилайди. Ҳозирча Бразилия сафида ушбу турнирда ўйнаган энг ёши катта футболчи Жальма Сантосдир — 37 ёш, ЖЧ-1966да.

Тахминий бошланғич таркиб: Алиссон — Данило, Маркиньос, Силва, Сандро — Каземиро, Фред, Пакета — Рафинья, Неймар, Ришарлисон.

Ҳар бир чизиқдаги етакчиларга эътибор қаратамиз.

Дарвоза: Алиссон

Беқарор мавсум ўтказаётган «Ливерпул»да Алиссон жамоадошларидан фарқли ўлароқ ўз даражасида ўйнамоқда.  

Дарвозабон бу мавсумда Премьер-лигада эҳтимолий голларни (hG) бартараф этиш бўйича энг яхши кўрсаткични қайд этмоқда. У Салоҳ ва Эллиотни ортда қолдириб, жамоанинг октябрдаги энг яхши футболчисига айланди. «Манчестер Сити»га (1:0) қарши марказий баҳсда жамоасининг ягона голига ассистентлик қилди, «Вест Ҳэм» (1:0) билан ўтган оғир ўйинда пенальтини қайтарди.

Бразилияда бу чизиқда умуман муаммо йўқ. Алиссонга нимадир бўлган тақдирда ҳам, унинг ўрнини «Ман Сити» посбони Эдерсон эгаллай олади.

Ҳимоя: Маркиньос

«Нега Тиаго Силва эмас?» дейишингиз мумкин. Чунки Силванинг «ПСЖ»даги сўнгги йилларида ҳам Маркиньос кўпроқ кўзга ташланарди. Шу сабаб Париж клуби ёши ўтиб бораётган ҳимоячидан осонгина воз кечди. Тиаго уч марказий ҳимоячи билан ҳаракат қиладиган «Челси»да ажойиб мавсумлар ўтказди, аммо жорий мавсумда хатолар кўпайган. Лондон клуби сўнгги турларда кўп гол ўтказиб юбормоқда.

Кийим алмаштириш хонасида Силва етакчи бўлса-да, майдонда ҳимоя Маркиньос билан ишончликроқ кўринади. «ПСЖ» сардорининг яна бир устун жиҳати — стандарт вазиятларда хавфлилиги. У миллий жамоада сўнгги 18 та ўйинда 3 гол ва 2 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.

Яримҳимоя: Каземиро

Ҳимоя ва ҳужумни боғлашда, чизиқлар орасида тўғри ўйнашда Каземирога етадигани йўқ. У – дунёнинг энг яхши таянч яримҳимоячиларидан бири. Жамоанинг 6-чемпионликка эришиши катта ўйинлар тажрибаси ва ғолиблик менталитетига эга 30 ёшли футболчига боғлиқ.

Қатардаги мундиал Каземиро учун сўнггиси бўлиши мумкин. Чунки таянч яримҳимоячилари 34 ёшида жисмоний жиҳатдан топ даражада бўлиши эҳтимоли паст.

Ҳужум: Неймар

«ПСЖ» билан шартномасини узайтирган Килиан Мбаппе Неймарнинг кетишини хоҳлаши ҳақида кўплаб хабарлар чиқди. Аммо бразилиялик футболчи мавсумни юқори формада ўтказяпти, у ҳатто кийим алмаштириш хонасида Мбаппе тарафдорларини ўзига оғдириб олди. У бу мавсумда «ПСЖ» сафида барча турнирлар доирасида 19 ўйинда 27 очко (15 гол, 12 ассист) тўплади.

Бразилияда қанот вингерлари етарли. Тите Неймардан марказий ҳужумда ёки ҳужум ортида фойдаланади. Аввалроқ у интервьюсида Неймарни қанотда ўйнатадиганларни эшакка қиёслаганди.

Неймар ҳозирги Бразилия у ўйнаётгандан бери таркиб жиҳатидан энг кучлиси эканлигини бир неча бор таъкидлади. Ҳужумчида чемпионлик истагидан ташқари яна бир мотивация бор – миллий жамоада энг кўп гол урган Пеленинг рекордини янгилаш. Бунга эса атиги 3 та гол қолди.

Мураббий

Тите Бразилияни 2016 йилдан бери бошқармоқда. Унинг қўл остида жамоа ЖЧ-2018 турнирида чоракфиналгача борганди, Америка Кубоги-2019да ғолиб бўлди, 2021 йил финалда Аргентинага ютқазди. Бўлажак мундиалда эса ундан фақат чемпионлик кутишмоқда. Мураббий Қатардаги мусобақадан сўнг жамоадан кетишини эълон қилган.

Бразилияда ҳужум аввалдан яхши бўлган. Тите келгач, жамоа ҳимоявий ҳаракатларда ҳам ишончли ўйнай бошлади. У катта ўйинларда одатда 4-2-3-1, кучсизроқ рақибларга қарши эса 4-3-3 ёки 4-4-2 схемаларидан фойдаланади. Ҳужумда универсал футболчиларнинг кўплиги мураббийга турли тактикалардан фойдалана олиш ва ҳатто ўйин вақтида ҳам схемани ўзгартириш имконини беради.

ЖЧ-2022 учун прогноз

Бразилия Сербия, Швейцария ва Камерун билан бир гуруҳдан ўрин олган. Жамоа салоҳияти билан қийналмаган ҳолда гуруҳдан чиқиши керак. Неймар етакчилигидаги жамоадан чемпионлик кутилмоқда. Аммо плей-оффлар осон бўлмайди, чунки жамоа сўнгги мундиалларда Европа грандлари билан қийналмоқда. 1/8 финалда Португалия ёки Уругвай, чоракфиналда эса Германия ёки Испания каби жамоалар тўқнаш келиши мумкин. Агар Бразилия Европанинг топ жамоаларини мағлуб этолса, яримфиналда Аргентинага дуч келиши эҳтимоли бор. Плей-офф йўли мураккаблиги инобатга олинса, бразилияликларга финалгача етиб бориш қийин. Ҳимоядаги асосий футболчиларнинг ёши катталиги кетма-кет катта ўйинларда панд бериши мумкин.

Аъзамжон Иззатиллаев

Мавзуга оид