Жаҳон | 18:26 / 13.11.2022
51959
14 дақиқада ўқилади

Россия Херсонни топшириши. Бу қандай рўй берди?

Фото: STANISLAV KOZLIUK/EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK

Россия мудофаа вазирлиги жума куни Херсондаги қўшинларни Днепрнинг чап соҳилига олиб ўтиш жараёни якунланганини маълум қилди. Москва барча ҳарбийлар - 30 минг киши олиб чиқилгани ҳамда ҳарбий техникалар (5 мингга яқин) ва қурол-яроғлар бой берилмаганини маълум қилган. BBC нима учун бундай чекинишда йўқотишлар бўлмагани ва бундай амалиёт қандай мураккабликлар келтириб чиқаришини таҳлил қилди.

Жума куни Россия мудофаа вазирлиги Херсондаги қўшинларни Днепрнинг чап соҳилига ўтказиш жараёни 11 ноябр куни тонгги соат 5 да якунланганини эълон қилди. Шу тариқа, Россия армияси Украинада 24 февралдан кейин эгаллаб олинган сўнгги област марказини ташлаб чиқди.

Москва Днепрнинг чап соҳилига 30 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи олиб ўтилганини маълум қилмоқда. Россия мудофаа вазирлиги хабарида қўшинларни олиб кетишда «бирорта ҳарбий техника ва қурол-яроғ ўнг соҳилда қолдирилмагани, россиялик барча ҳарбий хизматчилар дарёдан ўтгани, Россия гуруҳининг шахсий таркиб, қурол-яроғ, техника ва ҳарбий анжомларида йўқотишларга йўл қўйилмагани» таъкидланган.

Аввалроқ Украина ва Ғарбдаги ҳарбийлар Россия қўшинлари Днепрнинг ўнг соҳилидан олиб кетилиши бир ҳафтагача вақт олиши мумкинлигини айтишганди. 

Украина нашрларида Херсон йўналишида россияликлар томонидан ташлаб кетилгани айтилган техникалар акс этган видеолар тарқалган. Шу билан бирга, Днепрнинг чап соҳилига олиб ўтувчи асосий йўл бўлган Антонов кўприги қулагани акс этган видео ва фотолар эълон қилинди.

Россиядагилар нима дейишди?

Херсонни ташлаб чиқишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида россияпараст телеграм-каналлар бир неча ҳафтадан буён ёзаётганди, Россия ҳукумати бу ҳақда 9 ноябр кунига келиб эълон қилди.

Шу куни Россия телевидениесида Украинадаги қўшинлар қўмондони Сергей Суровикиннинг мудофаа вазири Сергей Шойгуга ҳисоботи намойиш этилди. Генерал Днепрнинг ўнг соҳилидаги гуруҳ таъминоти мураккаблашганини айтиб, дарёнинг чап соҳилида янги мудофаа чизиғи ташкил этишни таклиф қилди. Шойгу бунга розилик билдирди.

Россия сентябр ойи охирида ўтказилган сохта референдумлардан (дунёда ҳеч бир давлат унинг натижаларини тан олмади) кейин октябр ойи бошида Херсон областини, Донецк, Луҳанск ва Запорижжя областлари билан бирга ўз таркибига қўшиб олганди, яъни эндиликда Россия қўшини Москва расман ўз таркибида деб ҳисоблайдиган ҳудудни тарк этди.

Кремл матбуот хизмати Дмитрий Песков Россия қўшинлари Херсондан Днепрнинг чап соҳилига ўтказилиши (Кремл таъсиридаги нашрлар буни қайта гуруҳланиш деб атаган) Херсон областининг мақомини ўзгартирмаслигини айтди.

«Бу Россия Федерацияси субъекти, бу статус қонунан белгиланган ва мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ерда ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», деган Песков журналистларга.

У BBC мухбирининг россияликлар Украинада эгаллаб турилган ягона област маркази бўлган Херсондан чекиниш Кремлда шармандалик сифатида баҳоланадими, дея берилган саволига бундай эмаслигини айтиб жавоб қайтарган.

Россия қўшинлари Херсондан чиқиб кетганидан кейин Геническ шаҳри Херсон областининг босиб олинган қисмининг маъмурий марказига айланади. Бу ҳақда Россия томонидан тайинланган маъмурият раиси ўринбосари матбуот котиби Александр Фомин маълум қилди. «Бугунги кунда Херсон областининг вақтинчалик маъмурий пойтахти Геническ ҳисобланади. Асосий ҳукумат органларининг барчаси шу ерга жойлаштирилган», деди у.

«Тарихий кун»

Дастлаб ижтимоий тармоқларда шаҳарга кириб келган украин ҳарбийлари маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан қучоқ очиб кутиб олинаётгани акс этган беҳисоб видеолар тарқалди.

Лекин бу вақтда Украина томони Россия қўшини Херсондан бутунлай чиқиб кетганини шубҳа остига олаётганди - Украина разведкаси мамлакат ҳарбийлари шаҳарга кира бошлаганини маълум қилиб, шаҳарда қолган россиялик ҳарбийларни таслим бўлишга чақириб мурожаат қилди.

Кун охирига бори президент Володимир Зеленский телеграм-каналида украиналик ҳарбий Херсон шаҳрида маҳаллий аҳоли вакиллари даврасида акс этган видеони жойлаштириб, шаҳар озод этилганини расман тасдиқлади. «Бизникилар. Херсон бизники», дея видеога илова қилди президент.

«Бугун - тарихий кун. Биз Херсонни қайтармоқдамиз. Бугунги кунда бизнинг ҳимоячиларимиз шаҳар остонасида. Аммо махсус бўлинмалар аллақачон шаҳарга кирган. Херсонликлар кутишди. Ҳеч қачон Украинадан воз кечишмади. Украинага билдирилган умидлар ҳамиша оқланган ва Украина ҳамиша ўзиникини қайтарган.

Шаҳар ҳали душман унсурларидан тўлиқ тозаланмаганида ҳам херсонликларнинг ўзлари кўчалар ва биноларни русларнинг рамзлари ва уларга алоқадор барча излардан тозалашга киришди. Ҳимоячиларимиз томонидан озод қилинган бошқа барча шаҳарларда ҳам шундай бўлган. Бизнинг қайтишимизни ҳали кутаётган шаҳарларда ҳам шундай бўлади. Украина барча ўзиникиларга боради», деди Зеленский кечқурунги видеомурожаатида.

Кўп ўтмай Украина Миллий полицияси бошлиғи Игор Клименко шаҳарда ва областнинг бошқа озод этилган посёлкаларида барқарорлаштириш тадбирлари бошланганини маълум қилди. У бунда нимани назарда тутганига аниқлик киритмади.

Аввалроқ Украина қуролли кучлари «Жануб» гуруҳи оператив қўмондонлиги Наталья Гуменюк сўнгги ҳафталарда россиялик ҳарбий хизматчилар фуқаролик кийимлари кия бошлагани, шу туфайли назарий жиҳатдан улар ташлаб кетилган ҳудудларда қолган бўлиши мумкинлигини айтганди.

Украина мудофаа вазирлиги ҳарбийлар Херсон областидаги қишлоқларни озод этишда давом этаётгани ва Днепр соҳилларига етиб борганини маълум қилган. 

Украина расмийларининг бир қанчаси шаҳардан эвакуация бўлган аҳолини уйларига қайтишга шошилмасликка чақирди. Гуменюкнинг сўзларига кўра, озод этилган ҳудудлар ҳамон зарбаларга учраши мумкин. Шунингдек, бу ҳудудларда иссиқлик тизими ёқилишига ҳеч қандай кафолат йўқ. «Қайтиш тавсия этилмайди. Қиш яқин ва коммуникацияни тиклаш ва маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатиш имконсиз бўлиши мумкин», деди у.

Миколайив области раҳбари Виталий Ким эса россиялик ҳарбийлар қолдирилган ҳудудларни миналаб кетганини айтди.

«Озод этилган ҳудудлар ва аҳоли яшаш манзилларида жуда кўп миналар жойлаштирилган. Заруратсиз борманг. Қурбонлар бор», дея ёзган Ким.

Россия Днепрнинг ўнг соҳилидан кетиши ҳарбий нуқтайи назардан нимани англатади?

BBC мухбири Павел Аксенов - Россия армиясининг Херсондан чекиниши ҳақида:

«Чекиниш - ҳарбий ишдаги энг мураккаб маневрлардан биридир. Бундай амалиёт қўшинларни яхши ташкил этиш ва тайёрлашни талаб этади, буни олдиндан режалаштириш керак. Акс ҳолда чекиниш осонлик билан тартибсиз қочишга айланиб, шахсий таркиб ва техникада йўқотишлар бўлиши мумкин - бу ҳар қандай армия учраши мумкин бўлган энг ёмон сценарийдир.

Чекиниш вазифаси - имкониятга қараб ҳарбий гуруҳнинг янги мудофаа чизиқларига уюшган ҳолда ўтказилишидир. Бундан мақсад турлича бўлиши мумкин - қўшинни зарба остидан олиб чиқиш, фронт чизиғини оптималлаштириш, ниҳоят чекиниш рақибни тузоққа тушириш учун алдамчи маневр бўлиб чиқиши ҳам мумкин.

Россия томони қўшинларни Днепрнинг ўнг соҳилидан олиб кетиши ҳақида расман эълон қилгач, Украинада кўпчилик бу ҳарбий ҳийла бўлиши мумкин деб ҳисоблаётганди. Аммо энди маълум бўлмоқдаки, бу чиндан ҳам кетиш бўлган ва Россия армияси бу ишни максимал даражада уюшқоқлик билан амалга оширган.

Украина армияси ёздаёқ жанубдаги ушбу муҳим шаҳарни ҳарбий йўл билан озод этмоқчилигини маълум қилганди ва бу ердаги Россия гуруҳи таъминот билан боғлиқ муаммоларга дуч кела бошлади ва қуршовга тушиб қолиш хавфи остида қолди.

Чекинишдаги асосий муаммо - рақиб гуруҳларининг таъқиб этиши бўлади. Россия армияси Херсонда тушиб қолган вазият ҳам хавфли эди, Украина қуролли кучлари уларни таъқиб этиб, зарбалар бериши мумкин эди.

«Бундай йирик гуруҳни Днепр орқали олиб ўтишнинг мураккаблиги шунда эдики, Украина қуролли кучлари осонлик билан эвакуация бўлишга йўл қўймаслиги мумкин. Кам сонли кўприклар, кечув паромлари, сузиш воситалари, йиғилиш пунктлари, тўпланиб турган ҳарбийларга артиллерия ва ракета зарбалари берилиши, ваҳима қўзғатиш учун диверсия гуруҳлари ҳаракатланиши ва рейдлар ўтказилиши мумкин эди. Агар исташса», дейди BBC билан суҳбатда исроиллик ҳарбий эксперт Давид Гендельман.

Шу туфайли чекинаётган қўшинлар турли усуллардан фойдаланади, асосий мақсад - рақибни масофада тутиб туриш ва унга чекинаётган гуруҳга зарба бериш имконини қолдирмаслик. Масалан, рақиб арьергард жанглар (асосий гуруҳлардан орқадаги қисмлар жанг олиб бориши)га мажбур этилиши, пистирмалар уюштирилиши ва йўллар миналаштирилиши мумкин. Ҳарбий фан чекиниш чоғида имкон қадар кўпроқ ҳудудни миналаштиришни тавсия этади.

Бундан ташқари, чекиниш чоғида имкон қадар чекиниш йўлини эҳтиёткорлик билан яшириш талаб этилади - марш бўлиб ҳаракатланувчи ҳарбий колонналар артиллерия ва авиация учун осон нишонга айланиши мумкин. Бунда мураккаблик шундаки, махфий ҳаракатланиш тезкорликка терс: ёки яшириниш керак, ёки қочиш.

Қўшинни тунда тезда ва яширинча олиб кетиш осонроқ. Юриш қилиб келаётган қўшин буни ҳисобга олиши ва олдиндан разведка қилинган ҳамда мўлжалга олинган нуқталар - чорраҳалар, дарёга тушиш жойлари ва бошқа жойларга зарбалар бериши мумкин.

Ҳозирги вазиятнинг мураккаблиги шундаки, босқинчи кучлар катта қўшинни атиги бир неча ўтиш йўллари бўйлаб ўтказиши талаб этиларди.

Одатда кечиб ўтиш жойлари (агар бу катта кўприк бўлмаса) - чекиниш бўйича амалиётнинг «шиша оғзи» қисми ҳисобланади.

Днепр орқали ўтган катта кўприклар украинлар ракеталари зарбаларидан жиддий шикастланган, Антонов кўприги бўйлаб оғир техникалар ҳаракатланиши имконсиз эди.

Ҳар қандай кечувда оқим тезлиги секинлашади, чунки ўтказиш қуввати кечувга олиб келган йўллардагидан анча паст бўлади. Бу эса чекиниш суръатларини сезиларли даражада пасайтиради.

Бир сўз билан айтганда, нафақат ҳарбийларни, балки ҳарбий техникани ҳам Днепр орқали олиб ўтиш қийин эди. Бундай вазифа кечув атрофидаги йўл ҳаракатида юқори даражадаги ташкилотчиликни талаб этарди.

Қийинчилиги шундаки, бир томондан йўлда техникалар тўпланмаслиги керак, бундай тўпланиш украин ракеталари ва артиллерияси нишонига айланиши мумкин, бошқа томондан - оқимни узоқ вақтгача тўхтатиб бўлмасди, чунки дарё орқали олиб ўтилиши керак бўлган техникалар миқдори катта эди.

Баҳорда Киевга юриш қилиш чоғида Россия ҳарбий полицияси фронт йўллари бўйлаб ҳаракатни ташкиллаштириш вазифасини уддалай олмаганди - сунъий йўлдош тасвирларида 60 км узунликка чўзилган ва Киевга олиб борувчи йўлда туриб қолган ҳарбий колонна яққол кўриниб турарди.

Уруш бошланганидан қарийб тўққиз ой ўтиб фронт ортидаги хизматлар қаршисида янада мураккаброқ вазифа турарди - фронт чизиғидаги зарба остида қолиши мумкин бўлган йўллар бўйлабгина эмас, улкан дарёдан кечиб ўтиш ҳам.

Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) жума тонгида Россия қўшини катта эҳтимол билан Херсондан анча яхши тартибда чекингани, украин қўшини эса бу йўналишда кутилганидек муваффақиятга эришгани, аммо Харкив областида бўлгани каби рақиб қўшини яксон этилмаганини тан олди.

«Херсон учун жанг якунланмади, аммо Россия қўшини унинг янги босқичига ўтди ва урғуни жанговар қобилиятни сақлаб қолиш ва Украина қўшинлари ҳаракатини секинлаштириб, лекин уларнинг юришини бутунлай тўхтатмаган ҳолда дарёдан кечиб ўтишга қаратди», дейилади ISW шарҳида.

«Россия қўшини Херсондан олиб кетилиши олдиндан тайёрланган ва сентябр ойи бошидаги Харкивдан чекиниш билан солиштирганда «жуда тартибли ва ҳарбий нуқтайи назардан малакали» ташкил этилган», дейди Украина хавфсизлик хизмати полковниги, Украина Олий радаси депутати Роман Костенко (иқтибос Republic нашридан).

«Бу чекинишга тайёргарлик кўрилган эди ва бу Харкив атрофида кузатилганидан анча яхши ташкиллаштирилишини англатади, аммо бу сафар кечув йўллари етишмовчилиги уни мураккаблаштиради. Ўйлайманки, украинлар чекинаётган россияликларга зарба беради», деганди аввалроқ BBC билан суҳбатда АҚШ Ташқи сиёсий тадқиқотлар институти катта илмий ходими Роб Ли.

«Бу Украинанинг катта сиёсий ғалабаси, аммо ҳарбий ғалаба даражасини россияликларга чекиниш қанчалик қимматга тушиши белгилайди», дея вазиятни баҳолаганди эксперт.

Кечув йўлларига қилинган ҳужумлар нақадар ҳалокатли бўлиши ва қандай оқибатларга олиб келиши Украина армияси май ойи бошида нисбатан торроқ бўлган Шимолий Дон дарёсидаги кечувни ўққа тутгани кўрсатиб берганди.

Ўшанда Россия армияси Шимолий Дон орқали ўтишга уриниш чоғида анчагина кучларидан айрилганди. Британия разведкаси ҳисобларига кўра, камида битта батальон-тактик гуруҳи бутунлай яксон этилган. РФ мудофаа вазирлиги бу маълумотга муносабат билдирмаган ва Шимолий Дон орқали кечувда катта йўқотишларга учраганини тан олмаганди.

Мавзуга оид