“Жиноят аломатлари йўқ”. Ҳарбий хизматнинг 50-кунида вафот этган аскар ўлими бўйича тергов тугатилди
Ҳарбий прокуратура Қарши туманидаги ҳарбий қисмга хизматни ўташ учун юборилган 18 яшар аскарнинг ўлимида бирор шахс ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ деб топган.
Марҳум аскарнинг отаси Ринат Саулетовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ўғлининг ўлими бўйича қўзғатилган жиноят иши 24 сентябрда тугатилган.
“Дастлабки терговда барча ҳолатлар тўла, ҳар томонлама ва холисона текширилиб, якунига кўра Р.Қидиралиевнинг вафотида бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмагани сабабли жиноят иши 2022 йил 24 сентябрь куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига (Гумон қилинувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса) асосан тугатилди.
Тергов натижаларига кўра, аниқланган қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб берган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида ССВ, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали бошлиғи ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий Ҳаво Кучлари қўшинлари қўмондонлигига тақдимномалар киритилди”, дейилади Қарши ҳарбий прокуратураси ҳудудий ҳарбий прокурори С.Ашрапов имзоси билан марҳумнинг ота-онасига юборилган расмий хатда.
Ринат Саулетов тергов ва суд-тиббий экспертиза натижасидан қониқмай юқори турувчи инстанциялар, жумладан, Олий Мажлис Сенати ва Президент администрациясига арз қилгани, мурожаатларига ушбу идоралардан эмас, балки Ҳарбий прокуратурадан жавоб келганини айтмоқда.
“Р.Қидиралиевнинг жасадини кўрикдан ўтказиш ҳамда суд-тиббий экспертиза давомида марҳумнинг оёғидаги, шунингдек, бурнининг ўнг томонидаги қизил доғлар унга нашатир спирти ёрдамида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида юзага келгани аниқланди. Жасадни кўздан кечириш вақтида, мурожаатларингизда кўрсатилган бошқа тан жароҳатлари аниқланмади, марҳумнинг танасидаги бошқа ўзгаришлар суд-мед эксперт томонидан жасадни ёриб кўрилиши натижаси ҳисобланади. Оёқнинг ўнг томонидаги кўкариш шаклидаги тан жароҳатлари ўлим сабаби ҳисобланмайди.
Суд тиббий экспертизаси комиссияси хулосасига кўра Р.Қидиралиевнинг ўлими трахеобронхомаляция деб номланувчи туғма касаллик ва ўткир нафас етишмовчилиги натижасида рўй берган. Шулардан келиб чиққан ҳолда 2022 йил 24 сентябрь куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига (Гумон қилинувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса) асосан жиноят иши тугатилган”, дейилади Республика ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари Б.Худойбердиев имзоси билан марҳумнинг ота-онасига юборилган жавоб хатида.
Шунингдек, Ҳарбий прокуратура томонидан Ринат Саулетовнинг фарзанди Руслан Қидиралиевнинг жасадини эксгумация қилиш ҳақидаги талаби ҳам рад этилган.
Ринат Саулетов такрорий суд-тиббий экспертизаси Мудофаа вазирлиги тизимида ишловчи экспертлар томонидан ўтказилгани, бу жараёнда уларнинг холислигига ишониб бўлмаслигини таъкидлаб, экспертиза мустақил ташкилот томонидан амалга оширилиши зарурлигини айтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аскарнинг ўлими бўйича Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармасликда ифодаланган эҳтиётсизлик оқибатида инсон ўлимига сабабчи бўлиш) билан шифокорларга нисбатан иш қўзғатилганди.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида 18 яшар аскар Руслан Қидиралиевнинг ўлимига “Юрак сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози” сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда “ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши” кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган эди. Бироқ марҳумнинг яқинлари Kun.uz'га берган интервьюсида экспертиза хулосасига ишонмаётганларини айтишганди.
Қуролли Кучлар Суд тиббий экспертиза маркази томонидан берилган экспертиза хулосасида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Қашқадарё филиали давлат суд тиббий эксперти томонидан қўйилган ташхис ва ўлим сабаби ўз тасдиғини топмагани, ўлимга сабаб бўлгани айтилган ташхислар илмий асослантирилмагани, бундан ташқари, экспертиза ўтказиш жараёнида кўплаб камчиликларга йўл қўйилгани, бу орқали миллий ва халқаро қонунчилик талаблари бузилгани қайд этилади.
Бироқ Ҳарбий прокуратура томонидан марҳумнинг ота-оналарига юборилган расмий маълумотларда ушбу қонунбузилишларга йўл қўйган шахсларга нисбатан қандай чоралар қўллангани айтилмайди. Фақатгина аниқланган қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб берган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида масъул ташкилотларга тақдимнома киритиш билан чекланилган.
Kun.uz суриштируви давомида оддий аскар Руслан Қидиралиевнинг ўлими билан боғлиқ талай саволлар очиқ қолаётгани маълум бўлганди.
Мавзуга оид
15:18 / 08.12.2024
Қашқадарёда хотинини ов қуроли билан отиб қўйган эркакка ҳукм ўқилди
08:30 / 02.11.2024
NYT: Украинада 6-12 ой жанг қилиш учун етарлича аскар бор
11:08 / 17.10.2024
“Аскарларнинг ўликларини ташидим” - Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонликка ҳукм ўқилди
13:19 / 15.10.2024