Жамият | 16:47 / 21.11.2022
25002
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда маҳалланинг қиморбоз раиси ишдан олинди

Паст Дарғом туманидаги Қозоқ Найман маҳалласи раиси Аҳрор Арслонов интернетда қимор ўйнаётгани акс этган суратлар тарқалиши ортидан лавозимидан озод этилган.

Самарқанд вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, маҳалла раиси бугун, 21 ноябр куни ишдан олинган.

“Арслонов 2016 йилдан бери Қозоқ Найман маҳалласида раислик қилиб келган. 2022 йилги сайловларда ҳам ушбу лавозимга унинг ўзи тасдиқланган. Раиснинг қимор ўйнаётгани акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, бу маҳалла фаолларининг норозилигига сабаб бўлган ва уларнинг талаб-хоҳиши билан ўзи ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган. Унинг ўрнига ушбу маҳалладаги хотин-қизлар фаоли вақтинча раис вазифасига тайинланган”, - деди Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ахборот хизмати.

Маълумот учун, Арслонов маҳалла раислигига сайлангунга қадар Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида ишлаган.

Мавзуга оид