Спорт | 12:26 / 23.11.2022
23555
5 дақиқада ўқилади

ФИФА президенти Қатардаги турнир ташкилотчиларини ҳимоя қилди

У ўзини қора танли ва аёл деб атади. Инфантинонинг ғалати нутқи тафсилотлари.

Фото: Reuters

Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида кучли салбий фон борлигини ҳамма билади: инсон ҳуқуқларига риоя қилмаслик, стадион қурувчиларнинг ўлими ва бошқа нарсалар. Шу билан бирга, расмийларнинг ҳеч бири буларга изоҳ бермаяпти.

ФИФА президенти Жанни Инфантино сукунатни бузиб, турнир ташкилотчиларини ҳимоя қилиб, нутқ сўзлади. У Қатар турнирини танқид қилганларни иккиюзламачиликда ва ҳаттоки бошқаларни камситишда айблади.

Швейцариялик мулозим Ғарб давлатлари ўтмишдаги ва ҳозирги хатти-ҳаракатларини ҳисобга олган ҳолда, Қатар билан ахлоқ ҳақида гапиришга ҳаққи йўқлигини таъкидлади. «Биз европаликлар охирги 3 минг йил давомида қилган ишларимиз учун кейинги 3 минг йил давомида кечирим сўрашимиз керак», деди у. «Ва шундан кейингина одамларга ахлоқ одобни ўргатиш ўринли».

Инфантинонинг нутқи ғалати сўзлар билан бошланди: «Бугун ўзимни қатарликдек ҳис қиляпман. Бугун ўзимни араб каби ҳис қиляпман. Бугун ўзимни африкаликдек ҳис қиламан. Бугун ўзимни ногирондек ҳис қиляпман. Бугун ўзимни меҳнат муҳожиридек ҳис қиляпман».

Шундан сўнг президент қўшимча қилди: «Албатта, мен қатарлик эмас, араб ҳам, африкалик ҳам, ногирон ҳам эмасман. Лекин ўзимни худди шулардек ҳис қиляпман, чунки ўзга юртда бегонадек камситилиш, қўрқитиш нималигини биламан. Болалигимда мени ҳақорат қилишган – сочларим малла ва сепкилларим бор эди, бундан ташқари, келиб чиқишим италиялик эди, тасаввур қилаверинг».

Бир соатлик нутқ савол-жавоб билан давом этди, унда Инфантино аёлларни эслаб ўтмагани учун танқид қилинди. Президент дарҳол журналистнинг гапини бўлди: «Унутибман! Мен ўзимни аёл каби ҳис қиляпман! Менинг тўрт нафар қизим бор, сиз ҳақсиз, кечирасиз. Мен ўзимни худди аёл каби ҳис қиламан», – деб қўшимча қилди Инфантино.

Фото: Reuters

Халқаро футбол федерацияси раҳбари сўзлари кенг резонансга сабаб бўлди, аммо у ўз ҳаётида нималарни бошидан кечирган?

ФИФА президенти Швейцария тўртинчи лигаси ҳаваскор жамоасида ўйнаган ва ўзининг икки оёғи ҳам «чапақай» бўлгани ҳақида ҳазиллашган. Шунинг учун у футбол ўрнига ҳуқуқшуносликни танлади: 1995 йилдан Инфантино Халқаро спорт фанлари марказида адвокат бўлиб ишлади. Бир вақтнинг ўзида Инфантино муҳим алоқаларни ривожлантира бошлади – 1998 йилда Буркина-Фасода бўлиб ўтган Африка Миллатлар Кубогига борди ва кейинчалик ўз мамлакатларида футбол ҳокимиятига келадиган кўплаб одамлар билан учрашди.

2000 йилдан бошлаб Инфантино УЕФА ташкилоти президенти Леннарт Юҳанссон қўл остида ишлай бошлади, аммо 2007 йилда Мишел Платини келганидан кейин ҳам ташкилотда қолди.

Инфантинонинг ваколатлари аста-секин ўсиб борди: у молиявий фэйр-плей жорий этилишини назорат қилди ва қуръа маросимларида иштирок этиб, мунтазам равишда телевизорда кўриниш бериб турди. Инфантинонинг обрўси ва таъсири орта бошлади.

2015 йилда йирик коррупция можароси оқибатида ФИФА ташкилотида давлат тўнтариши содир бўлди. Юқори лавозимли шахслар – Платини ҳам, Зепп Блаттер ҳам тергов остида тушди. Инфантино эса қатарлик шайх Ол-Халифа билан қийин курашда ғалаба қозониб, ФИФА президенти бўлди.

52 ёшли швейцариялик қарийб етти йилдан бери президентлик қилмоқда ва 2023 йилда катта эҳтимол билан қайта сайланади.

Бу вақт ичида у жуда кўп янгиликларни киритди: VAR, эркаклар ўртасидаги йирик турнирларда аёл ҳакамларнинг ишлаши, жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 48 тагача етказиш ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кенг кўламли ислоҳот.

ФИФА Қатар билан боғлиқ кўплаб муаммоларга дуч келди. Инфантино доимо нозик масалаларга жавоб беришга мажбур бўлди. Октябр ойида у 2022 йилги жаҳон чемпионати «қийин кунларда дунёни бирлаштиради» деб ваъда берганди. Шанба кунги матбуот анжуманида ФИФА президенти бу фикрни яна бир бор такрорлади.

Жаҳон чемпионати эндигина бошланди ва Инфантино, эҳтимол, яна кўплаб мураккаб саволларга жавоб беришига тўғри келиши мумкин.

Мавзуга оид