Жамият | 15:58 / 25.11.2022
15365
6 дақиқада ўқилади

“Уч фарзандимни уч хил синов билан берди” – фарзандлари дарди билан яшаётган оналар

Оналар қайси боласи касал бўлса тузалгунча энг кўп ўшанисига эътибор қаратишади. Керак бўлса жонини фидо қилишга-да тайёр туришади. Лекин барчаси бирдек оғир дардга чалинса-чи, бир жонини қай бири учун фидо қилсин онаизор? 

Элмира опанинг бир-биридан ширин уч фарзанди бор. Лекин уларнинг барчаси дардман. Одамлар болаларини ажратиб қўймасин, қўли билан кўрсатмасин деб қўрққанидан бировга дилини ёриб, дардини айтолмайди ҳам.

“Аллоҳ менга уч фарзанд берди, алҳамдулиллаҳ. Учаласини ҳам синовлар билан берди. Катта қизимда оққон касаллиги аниқланди. Уйимизни сотишга мажбур бўлдик. Даволатдик. Тузалди деб эрта қувонибмиз, иккинчи фарзандим юрак пороги эканини билиб қолдик.

Қайталаса ёмон бўларкан. Бунинг дорилари ҳам бошқаларникидан фарқ қилади. Кенжатойим киндигида грижа билан туғилди. Оғриққа чидолмай йиғлайди. Киндигидан сув чиқади. Операция қилиб олиб ташламаса бўлмайди, дейишяпти”, – дейди онаизор кўз ёшларини тиёлмай.

Қизининг руҳий томондан эзилишини истамаган ота-она ундан нима касал эканини яширишган. Докторлардан ҳам айтмасликни илтимос қилишган. Қизалоқ ўзининг даволанишини ошқозони учун деб ўйлайди.

“Болаларнинг дарди билан яшашдан оғир нарса ўқ экан. Турмуш ўртоғим юрак касаллигини, давленияни орттириб олдилар.

Қизим ичига ютадиган одати бор. Сиқилиб аҳволи оғирлашиб қолишидан қўрқаман. Шу сабаб ундан яширганмиз. Химиялар натижасида ошқозони оғрийдиган бўлиб қолган. Ҳар сафар ётиш сабабини ошқозони учун деб ўйлайди. Касаллигини айтсам, уни йўқотиб қўйишдан қўрқаман”, дейди Элмира опа.

Шаҳризода Умировага оид маълумотлар: карталар беморнинг онаси Элмира Тошпўлатова номида

UzCard: 8600 0610 2547 0120

Visa: 4297 1400 0298 0769

Манзил: Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани, Марҳамат маҳалласи 9.29.7-хонадон

 

“Болам икки кун қонсиз яшади”

Эндигина уч ёшни қаршилаган Аҳмадулло неча бор ўлимнинг оғзидан қайтиб келди. Ўғлига оққон ташхиси қўйилган онаизор ўзига парвариш кераклигига қарамай боласига парвона.

“Қони кам бўлса гуруҳини аниқлаш қийин бўларкан. Боламга 4+ қон қуйишди. Ўшандан кейин пешоби қоп-қора қон бўлиб чиқа бошлади. Рангида ранг қолмади. Эртаси куни қон гуруҳи 1+ бўлганини аниқлашди. Қонини ювишди. Лекин ўша пайт тўғри келадиган қон топилмади. Болам икки кун қонсиз яшади.

Айрилиб қоламиз деб қўрққандик. Худога шукур, анча ўзига келиб қолди. Уй соламиз деб йиғганимиз бор эди. Ҳаммасини ишлатдик. Болам яхши бўлса бўлди. Даволатиш учун бор-будимизни сотдик”, дейди онаизор.

Фарзандини даволатиш учун Андижондан келиб пойтахтда ижарада яшаётган оила анча қийналиб қолган. Нодиранинг ўзи ҳам эрта-индин кўзи ёриши керак. Докторлар шифохонага ётиши кераклигини айтишган. Лекин онаизор дард билан курашаётган боласини ёлғиз қолдиролмайди. Бунинг яна бир сабаби моддий етишмовчилик.

Дадаси кунлик ишларга чиқади. Лекин топганлари квартира пули, йўлкира, еб-ичишга базўр етяпти. Амал-тақал қилиб, топиб беряптилар”, дейди Нодира ўкинч билан.

Аҳмадулло Абдуллажоновга оид маълумотлар: карталар онаси Нодира Алижонова номида

UzCard: 8600 0610 6857 6478

Humo: 9860 0803 3216 4021

Манзил: Андижон вилояти, Балиқчи тумани 37-уй

 

“Боласи азобланишини кўришдан ортиқ жазо йўқ экан”

Боласи дард чекишини кузатиш қай онага осон дейсиз? Айниқса, турмуш ўртоғи елкадош бўлиш ўрнига ташлаб кетган бўлса, бундан ортиқ азоб йўқ. Шаҳноза опа ҳам уч фарзандини ёлғиз вояга етказаётган эди. Кенжатойи Муҳаммаджон оққон касаллигига чалингандан бери оромини йўқотди.

“Боламнинг оёқ-қўллари шундай оғрирдики, дод дерди. Дори суртаман, ичираман, йўқ, кор қилмайди. Болангизнинг азобланаётганини кўрсангиз-у, ёрдам беролмасангиз онага бундан ортиқ жазо бўлмас экан.

Юриш тугул, оёғини босолмай қолди. Овқат емай қўйди. Чўпдек озиб кетди. Ота-онам эрта ўтиб кетишган. Турмуш ўртоғим, менга бола керакмас, туғсанг ажрашамиз деганига қарамай, шу ўғлимни туғгандим. Бундан олдин икки қизим бор. Уч боламни амаллаб катта қилаётган эдим. Ўғлимда бу касалликнинг аниқланиши менга жуда ёмон таъсир қилди”, дейди Шаҳноза опа йиғлаб.

Она бошига тушганларидан бир азобланса, боласининг дард чекаётганидан минг азобланади. Ўғлининг кўнгли тусаган овқатни вақтида топиб беролмаслигидан ўкинади.

Муҳаммаджон Рустамовга оид маълумотлар: карталар онаси Шаҳноза Рустамова номида

UzCard: 8600 3304 5320 6367

Humo: 9860 1301 1294 0908

Манзил: Андижон вилояти, Андижон шаҳри, Чўлпон кўчаси 85-уй

 

“Ая, укам ўлиб қолдими?” — деганида адойи тамом бўлдим

Муштарий эндигина уч ёшга кирган. Айни тиллари бийрон бўлиб, бир-биридан ширин гаплар айтадиган қизалоққа қаттиқроқ гапиришга ҳам одамнинг кўзи қиймайди. Кичиккина вужуди шундай оғир дард билан курашаётган Муштарий мунгли кўзчалари билан термилганда нигоҳларига дош бериб бўлмайди.

“Биз ошқозони зўриққан деб ўйлаб даволатиб юргандик. Қони тушиб кетаверди. Беш марта қон қуйди ҳамки ҳеч кўтарилмайди. Кейин Тошкентда лейкоз ташхисини қўйишди.

Охирги марта белидан укол олганида юраги уч дақиқага тўхтаб қолди. Олдимда 6 яшар бундан катта қизим ҳам бор эди. Ая, укам ўлиб қолдими, деганида адойи тамом бўлдим.

Турмуш ўртоғимнинг қон босимлари ошиб туради. Ҳамма гапни айтолмайман. Уларни ҳам чақиролмадим. Дадасига ҳам бир нима бўлиб қолмасин, деб қўрқдим. Реанимацияга олишди. Шу билан 3-4 марта реанимацияга тушдик. Уч кунлаб овқат емаган вақтларимиз ҳам бўлди. Худога шукур, боламни қайтариб берди”, дейди онаизор. 

Муштарий Тўрақуловага оид маълумотлар:

Humo: 9860 0803 4975 2313 онаси Жалилова Мунаввар номида

Манзил: Сурхондарё вилояти, Музработ тумани, Меҳнатобод маҳалласи, Зарбдор кўчаси 114-уй.

Мавзуга оид