Жаҳон | 17:06 / 26.11.2022
13166
4 дақиқада ўқилади

Полша бош вазири: Россия ҳаракатлари янги Голодоморга олиб келиши мумкин

Полша бош вазири Киевга ташрифи чоғида 1930-йиллардаги Голодомор қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди. У Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари Африка ва Осиёда янги сунъий очарчиликни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Фото: AP

Полша бош вазири Матеуш Моравецкий Украинада нишонланган Голодоморни хотирлаш куни муносабати билан Россиянинг Украинага қарши уруши дунёнинг бошқа минтақаларида янги сунъий очарчиликка олиб келиши мумкинлигини айтди. «Биз Россия коммунистик режими томонидан сунъий равишда яратилган Голодоморнинг 90 йиллиги муносабати билан учрашяпмиз. Бугун биз Африка ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида Россия келтириб чиқарган навбатдаги сунъий очарчиликни кўриш арафасида турибмиз», - деди у 26 ноябрь, шанба куни Киевда Украина ва Литва бош вазирлари билан қўшма матбуот анжуманида.

Моравецкийнинг тушунтиришича, Украина портларини Россия томонидан тўсиб қўйиш гуманитар имкониятларни тўсиб қўйиш демакдир ва жаҳон ҳамжамияти Украина донини экспорт қилиш йўлакларини очиш йўллари устида ишлашда давом этади. «Бизнинг умумий ўтмишимиз (Украина, Полша, Литва), умумий бугунимиз бор ва умид қиламанки, бизда умумий жуда ёрқин келажак бўлиши керак», - деди Моравецкий.

Аввалроқ Полша бош вазири Киевдаги Голодомор қурбонлари ёдгорлиги пойига гул қўйганди. 

Шунингдек, уч мамлакат ҳукумат раҳбарларининг «Люблин учбурчаги» форматида учрашуви бўлиб ўтди. «Биз ҳарбий ёрдам ва Украинани тиклаш масалаларини муҳокама қилдик. Россия томонидан ҳужумлар ва ҳарбий жиноятлар давом этаётганини қораладик», - деди Украина бош вазири Денис Шмигал Twitter саҳифасида. 

Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак руслар Голодомор қурбонлари учун тўловни амалга оширишини ва бугунги жиноятлар учун жавоб беришини ваъда қилди. Бу, унинг сўзларига кўра, «тарихий ҳисоб-китоб вақти» бўлади. 

«Голодомор хотирамизда турибди. Биз геноцид муаллифи кимлигини биламиз. Ким «холодомор» яратмоқчи эканини ҳам кўряпмиз. Руслар Голодоморнинг барча қурбонлари учун нарх тўлайди ва бугунги жиноятлар учун жавобгар бўлади», деб ёзади у ўзининг Telegram-каналида. 

СССРда Иосиф Сталин даврида амалга оширилган қишлоқ хўжалигини мажбурий коллективлаштириш натижасида 1932-33 йилларда мамлакатда оммавий очарчилик юзага келди, миллионлаб одамлар унинг қурбонларига айланди. Украина нуқтайи назаридан, бу фалокат совет иттифоқи раҳбарияти томонидан атайлаб қўзғатилган. Германия Бундестаги Голодоморни геноцид деб тан олиш тўғрисида резолюция тайёрламоқда. 

Бельгия бош вазири Александр де Кроо ҳам Украина пойтахтига етиб келди. «Киевга етиб келдим. Охирги кунлардаги оғир бомбардимондан сўнг биз Украина халқини қўллаб-қувватлаймиз. Ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ. Қишнинг совуқ ойлари арафасида Бельгия янги гуманитар ва ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда», деб ёзди у Twitter’даги микроблогида.

Киевда де Кроо 26 ноябрь куни Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашади. Бельгия бош вазири музокаралар «икки давлат учун жуда мазмунли ва фойдали бўлишига» ишонч билдирди. 

Мавзуга оид