Спорт | 18:13 / 29.11.2022
24162
9 дақиқада ўқилади

Плей-оффдан олдинги финаллар. Сўнгги турдаги мисли кўрилмаган интригалар ҳақида

Бугун гуруҳ босқичининг сўнгги 3-тур ўйинларига старт берилмоқда.

Фото: Дмитрий Голубович / Чемпионат

Қатарда давом этаётган мундиалнинг ўзига хос жиҳати шундаки, расман ҳали яна бир тур бўлса-да, мусобақада гуруҳ босқичи амалда тугади ва бугундан «плей-офф босқичи» бошланади. Одатда, кўпинча биз мана шу форматдаги турнирларнинг сўнгги турида кўпроқ расмиятчиликни кўрардик, аксарият, айниқса фаворит терма жамоалар вазифани уддалашган, айрим гуруҳларда иккинчи йўлланма ёки гуруҳ ғолиблиги учун ўйинлар бўларди, холос.

Ҳозир эса, айни пайтда, диққат қилинг, ҳар бир гуруҳда ва ҳатто ҳар бир ўйинда «плей-офф хусусияти» мавжуд бўлиб, ҳар қандай ўйинда камида бир жамоа агар мағлубиятга учраса, гуруҳда қолиб кетиши мумкин. Анча сокин кечиши ва сўнгги турга қолмай ҳамма масала ҳал бўлиши кутилган С ва Е гуруҳларда ҳам Аргентина ва Германиянинг кутилмаган мағлубияти ҳаммасини чалкаштириб юборди. Футбол мухлислари бахтига, албатта.

Келинг, бир бошдан санаб ўтамиз.

А гуруҳи. (29 ноябр, 20:00)

Эквадор – Сенегал

Ҳар икки жамоада кейинги босқичга чиқиш имконияти бор ва бу уларнинг ўз қўлида. Бу ўйинда ғолиб чиққан жамоа нимчорак финал йўлланмасини нақд қилади. Дуранг Эквадорни қаноатлантиради.

Нидерландия – Қатар

Қатар учун барча имконият эшиклари ёпилган, аммо мезбонларда Нидерландияни чалиб қолиш имконияти бор. Агар Қатар айтайлик, 2 тўп фарқи билан ғалаба қозонса-ю, параллел ўйин дуранг натижа билан тугаса, нидерландияликлар гуруҳда 3-ўринга тушиб кетиши мумкин. Тўғри, эҳтимоли кам, лекин ҳаттоки шунчаки ўтиш ўйинидек кўринган бу баҳсда ҳам интрига бор. Луи ван Гаал шогирдларининг бўшашишга ҳаққи йўқ.

В гуруҳи. (29 ноябр, 23:59)

Уэлс – Англия

Англия Эрон билан ўйиндаги йирик ҳисоб туфайли ўзини бироз хавфсиз ҳис қилиши мумкин, чунки инглизлар гуруҳда қолиб кетиши учун 4 тўп фарқи билан мағлубиятга учраши талаб этилади. Лекин Уэлс учун бу ўйин ҳам плей-офф мақомида – жамоа ҳар қандай ҳисобда ғалаба қозониб ҳам, гуруҳдан чиқиш имкониятига эга бўлади. Фақат бир шарт билан – Эрон ва АҚШ ўртасидаги баҳс дуранг билан тугаши керак.

Эрон – АҚШ

1998 йилда бу икки жамоа ўйини ўзига яраша сиёсий тус олган, аммо ҳар икки жамоа муддатидан олдин плей-офф имкониятидан қуруқ қолгани учун турнир аҳамиятига эга эмасди. Аммо ҳозир вазият бошқача: Эронда 3, АҚШда 2 очко бор. Яъни ғалаба қозонган жамоа кейинги босқичга чиқади, мағлуб эса турнир билан хайрлашади. Дуранг ҳар икки жамоани ҳам қониқтирмайди. Ахир агар Уэлс Англияни ютиб қўядиган бўлса, Эронни ҳам, АҚШни ҳам қувиб ўтиши мумкин. Бундан ортиқ плей-офф бўладими?

С гуруҳи. (30 ноябр, 23:59)

Полша – Аргентина

Гуруҳ пешқадами бўлиб турган бу икки жамоанинг ютқазишга ҳаққи йўқ. Ғолиб жамоа гуруҳда биринчи ўрин эгасига айланади, мағлубни эса, ё Саудия Арабистони ёки Мексика қувиб ўтиши мумкин. Икки йил олдин «Олтин тўп» учун курашган Месси ва Левандовски энди нимчорак финал учун тўқнаш келади.

Саудия Арабистони – Мексика

Араблар ғалаба қозониши кифоя, кейинги босқич масаласини ҳал қилган бўлади. Мексика эса, иложи борича йирикроқ ҳисобда ютиши керак бўлади. Шунда мексикаликлар Аргентина ва Полша ўртасидаги баҳсда мағлуб бўлган жамоани қувиб ўтиши мумкин. Яъни ҳар икки жамоани ғалабадан бошқаси қониқтирмайди.

D гуруҳи. (30 ноябр, 20:00)

Австралия — Дания

Австралияда 3, Данияда 1 очко бор. Бу ўйин ҳам ўзига яраша «финал» – ғолиб Францияга шерик бўлиб, плей-оффга йўлланма олади. Дуранг қисман Австралияни қониқтиради, аммо бу ҳам хавфли – параллел учрашувда Тунис Францияни енгиб, 2-ўринга кўтарилиб олиши мумкин. Демак, икки рақиб ҳам фақат ғалаба учун ўйнайдиган яна бир ўйин.

Тунис – Франция

Французлар кейинги босқич масаласини ҳал қилиб бўлишган, Тунис учун эса, юқорида айтилганидек, ҳаммаси йўқотилмади. Африкаликлар Франция устидан ғалаба қозонишга уриниши ва иккинчи ўйинда Австралия ғалаба қозонмаслиги, шунингдек, Дания ҳам йирик ҳисобда ютмаслигини кутишларига тўғри келади.

Е гуруҳи. (1 декабр, 23:59)

Япония — Испания

Испанлар турнирни зўр бошлаб, Коста-Рикага 7 гол урган бўлишса-да, сўнгги тур улар учун ҳам босимсиз кечмайди – Испания мағлубиятга учрамаслиги керак. Мабодо мағлуб бўлса-ю, нариги ўйинда Коста-Рика немисларни ютиб қўйса, Испания гуруҳда қолиб кетиши мумкин. Дуранг испанларни қониқтиради, японларнинг иши бироз чалкаш. Мабодо дуранг ўйнашса, Германия йирикроқ ютмаслигидан умид қилиши керак.

Коста-Рика — Германия

Испания билан дуранг немисларга имконият қолдирди – Германия энди Коста-Рикани ютиши ва Япония испанлар устидан ғалаба қозонмаслиги кифоя. Табиийки, Коста-Рикада ҳам имконият бор КОНКАКАФ вакиллари немисларни ютиб плей-оффга чиқиши ёки ҳатто дуранг ўйнаб ҳам Японияни қувиб ўтиш имкониятига эга.

F гуруҳи. (1 декабр, 20:00)

Хорватия — Белгия

Ўтган мундиал финалчиси ва яримфиналчиси энди ўзаро ўйинда гуруҳ масаласини ҳал қилишади ва икки жамоадан бири кейинги босқичга чиқа олмаслиги мумкин. Белгиянинг ютқазишга ҳаққи йўқ. Агар Марокаш ўз ўйинида очко оладиган бўлса, дуранг ҳам Мартинес шогирдларини қаноатлантирмайди. Хорватия ҳам ютқазмаслиги керак, акс ҳолда, Белгия ва Марокашдан ортда қолиб кетиш хавфи юқори. Хорватлар канадаликлар очко олишига умид қилиши керак, шунингдек, уларни ўз ўйинидаги дуранг ҳам қониқтиради.

Канада – Марокаш

Канада худди Қатар каби, имконияти қолмаган бўлса-да, масалан Марокашни чалиб қолиши мумкин. Марокаш кейинги босқичга чиқиш учун бу ўйинда камида 1 очко олиш талаб этилади. Демак, ҳатто бу ўйинда ҳам ютқазишга ҳаққи йўқ бўлган бир жамоа бор.

G гуруҳи. (2 декабр, 23:59)

Сербия — Швейцария

Яна бир «финал». Бу ўйинда ғалаба қозонган жамоа катта эҳтимол билан нимчорак финалга чиқади, мағлубиятга учраган томон турнирни тарк этади. Дуранг швейцарияликларни қониқтириши мумкин, лекин шунда ҳам, нариги ўйинга қараб қолинади.

Бразилия – Камерун

Бразилияликлар кейинги босқич масаласини ҳал қилган, балки 1/8 финалда осонроқ рақиб тушиши учун бу ўйинда ҳам ютқазмасликка, яъни 1-ўринни сақлаб қолишга уринишади. Камерун учун эса, ягона имконият – Бразилияни ютиш, шунда ҳам нариги ўйинда Швейцария ютқазиши ёки дуранг ўйнашини кутиш керак. Сербия йирикроқ ҳисобда ғалаба қозонса ҳам, Камерунга зарар.

H гуруҳи. (2 декабр, 20:00)

Гана — Уругвай

Ҳамма 12 йил олдинги драмани эсласа керак. Бу сафар бу жамоалар энди гуруҳдаги иккинчи йўлланма масаласини ҳал қилади. Уругвай ютса, Ганани қувиб ўтади. Гана ҳам ғалаба қозониши шарт. Дуранг нариги ўйинда Корея миллий жамоасига имконият қолдириши мумкин.

Жанубий Корея – Португалия

Португалия расман кейинги босқичга чиқди, Жанубий Корея эса, ҳали турнирни тарк этгани йўқ. Корейслар бу ўйинда ғалаба қозониб, параллел жуфтликда керакли ҳисобни кутиши лозим бўлади. Бу ерда керакли натижа – Уругвайнинг минимал ҳисобдаги ғалабаси. Ёки дуранг бўлган ҳолда, корейслар Португалия устидан 2 тўп фарқи билан ютиши керак.

Кўриб турганингиздек, кўзни юмган ҳолда бармоқ билан исталган ўйинни танланг, фарқи йўқ, ўша ерда ютқазишга ҳаққи йўқ бўлган, плей-офф йўлланмасидан умид қилаётган камида бир, аксарият ҳолатда икки жамоани кўрасиз. Бунақаси аввал бўлмаганди. Ҳозирдан шундай бўлса, кейинги босқичлар бизга қандай драматик сценарийларни тайёрлаб қўйганини тасаввур ҳам қила олмаймиз.

Қ. Асланов

Мавзуга оид