Ўзбекистон | 08:54 / 02.12.2022
17068
6 дақиқада ўқилади

Навоийнинг мўъжизаси – юлдузлари порлаётган “Фарҳод”

Минглаб истеъдодли ёшлар, юзлаб маҳоратли устозлар ҳамда замонавий имкониятлар, йилига икки мингга яқин тадбир – Навоий кон-металлургия комбинатининг “Фарҳод” маданият саройи кейинги йилларда республикада юлдузларни етиштириб бераётган марказга айланди. Ушбу маданият саройи тарбияланувчиларининг кўпчилиги ҳозирда санъат осмонидаги ёрқин юлдузлардир. Шу кунларда юлдузлари порлаётган “Фарҳод”нинг 50 йиллиги катта тантаналар билан кутиб олинмоқда. 

Навоийликларда яхши бир одат бор: қай йўналишда бўлмасин, боласида истеъдод учқунларини сезган ота-она уни “Фарҳод” маданият саройига етаклаб боради. Сабаби улар бу ерда фарзандидаги истеъдод учқуни сайқалланиб, келажакда ёрқин юлдузга айланишига ишонишади. Албатта, одамлардаги бу ишонч шунчаки юзага келмаган, “Фарҳод” маданият саройи шаҳарнинг маданият марказига айлана олган. Қолаверса, “Фарҳод” республикада ранг-баранг жанрдаги ижодий йўналишлари энг кўп бўлган маданият саройи ҳисобланади. Бу ердаги 78 та ижодий жамоа ва гуруҳда 1 500 нафардан ортиқ ёшларга санъатнинг турли йўналишида бепул машғулот ўтилади.  

1972 йилда Ғозғон мармари ва арман туфидан қуриб битказилган мўъжизавий саройда ҳаёт доим қизғин: бу ерда ҳар куни янги истеъдодлар кашф этилади, янги овозлар санъат майдонига кириб келади, янги ихтироларга қўл урилади. 

“Фарҳод” маданият саройи нафақат Навоий вилояти, балки республикада истеъдодларни тарбиялаб, юзага чиқараётган муҳим марказ ҳисобланади. Маданият саройининг кўплаб тарбияланувчилари таниқли санъаткорлар, рассом ва актёрлар, режиссёрлар бўлиб етишган. Жумладан, Гўзал Жуманиёзова (Дилсўз), Ҳамдам Собиров, Жасур Кенжаев, Фаррух Раимов, актриса Юлдуз Ражабова, “Қаҳқаҳа” кулги шоу театри актёрлари Соҳиб Ҳасанов ва Толиб Раҳимов бугун санъат майдонида ўз мухлисларига эга.  

“Фарҳод”да фаолият олиб бораётган кўплаб ижодий гуруҳларнинг ёши маданият саройи ёшига тенг. Мустақиллик йилларида уларнинг сафи янада кенгайтирилди. Хусусан, “Садо” карнай-сурнай-доира ансамбли, “Марварид” ва “Фарҳод” миллий рақс хореографик ансамбллари, “Тарона” ва “Ниҳол” ўзбек халқ чолғулари оркестрлари, “Сардоба” фольклор ва этнографик ҳамда “Фаввора” анъанавий ижрочилик ансамбллари, “Эксклюзив” эстрада миниатюралари ёшлар театри, “Қувноқлар ва зукколар” клуби, “Flash Dance” замонавий рақс ансамбли, “Silk Road Band” вокал ва инструментал ансамбли, “Шарқ гавҳари” миллий рақс аёллар хореографик жамоаси ташкил этилди. Ҳозирда ушбу ижодий жамоаларнинг тарбияланувчилари республика ва жаҳон саҳналарида ўз истеъдодларини намойиш қилиб, юқори натижаларни қайд этишмоқда.

“Фарҳод”даги тўгараклар фақатгина куй-қўшиқ жамоаларидан иборат эмас. Бу ерда беш ташаббуснинг барча йўналишлари қамраб олинган. Маданият саройида тасвирий санъат ва академик расм чизиш, техник моделлаштириш, декоратив санъат ва квилинг, бадиий керамика, робототехника ва мехатроника каби йўналишларда тўгараклар, ҚВЗ ҳамда интеллектуал клублар ҳам ташкил этилган. Қолаверса, маданият саройи 200 мингдан ортиқ китоб фонди бўлган кутубхона ва ранг-баранг экспонатли музейга ҳам эга.  

Маданият саройи директори Шавкат Тўхтаевнинг таъкидлашича, ўтган йиллар мобайнида жамоа томонидан кўплаб эътирофли ютуқлар қўлга киритилган:

“Маданият саройимиз бутун республикада истеъдодли кадрлар тайёрлаш ўчоғи бўлиб қоляпти. Масалан “Шуҳрат” медали соҳиби Серижан Жанахмедов, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндорлари таниқли хонанда Шерзод Давронов, маданият саройи тарбияланувчилари Сухроб Кенжаев, Улуғбек Очилов, Анатолий Назаров, Ислом Ҳайдаров, Фаррух Баҳронов ҳамда Шерзод Шодиев бунинг исботидир. 

Комбинат раҳбарияти, НКМК ходимлари касаба уюшмалари Кенгаши ва «НКМК жамғармаси» давлат муассасасининг ташаббуси ҳамда қўллаб-қувватлови билан янги истеъдодларни кашф этиш мақсадида кўплаб улкан лойиҳа ва танловлар ўтказилмоқда. “Қизилқум санъат ғунчалари” иқтидорли болалар фестиваллари танлови, “Қизилқум овози” ёш эстрада ижрочилари танлови, “Қизилқум оҳанглари” мақом анъанавий ижро танлови, “Қизилқум олтин мероси” фольклор этнографик жамоалари танлови ҳамда “Қизилқум романсиадаси” романс ижрочилари танлови шулар жумласидан.

Маданият ва санъат миллат танламайди. Маданият саройимизда миллатлараро тотувликнинг ҳам ёрқин намунасини кўриш мумкин. Масалан, “Ивушка” хори, “Сказ” оркестри, татар-бошқирд ансамбли ва 2007 йилда “WORLD DANCE-2007” Жаҳон кубогини қўлга киритган “Соната” эстрада рақс ансамбли каби ижодий жамоаларда турли миллат вакиллари бир тил, яъни санъат тилида куйлашади, рақсга тушишади”. 

Мустақиллик йилларда “Фарҳод” маданият саройининг ички безаклари, заллари ва студиялари янги қиёфага эга бўлди. Айниқса, сарой фойесига кираверишдаги “Алишер Навоий лирикаси” панноси алоҳида эътиборни тортади. Мазкур бадиий панно Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси усталари томонидан сополдан яратилган. Паннода Алишер Навоий асарларининг қаҳрамонлари ўзига хос уйғунликда акс эттирилган. 

Шунингдек, маданият саройининг 680 нафар томошабинни бағрига сиғдира оладиган катта зали тўлиқ таъмирланган, саҳнага замонавий профессионал акустик аппаратура, ёритиш мосламалари ва катта ЛЕД-экран ўрнатилган. Ушбу имкониятлар туфайли маданият саройи ҳаваскорликдан профессионаллик сари қадам ташлаётган истеъдодлар учун кўприк вазифасини ўтамоқда.

“НКМК” АЖ Матбуот хизмати.Ⓣ

 

Мавзуга оид