Ўзбекистон | 18:28 / 02.12.2022
20196
3 дақиқада ўқилади

Россия бош вазири Ўзбекистонни АЭС қуришни тезлаштиришга чақирди

РФ бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон ҳукумати АЭС қуришни тезлаштириши кераклиги ҳақида гапирди. Қурилиши 11 млрд долларга баҳоланган илк АЭСни барпо этиш ишлари 2020 йилда бошланиши режалаштирилганди. Маълумотларга кўра, томонлар шартнома шартларини келишишда тил топиша олмаяпти.

Фото: government.ru

Самарқанд шаҳрида Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. ТАСС хабар беришича, унда Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга ошириладиган атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширишни тезлаштиришга чақирган.

«Биз атом энергетикаси бўйича ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашни муҳим деб биламиз. Россия билан атом электр станциясини биргаликда қуриш йирик лойиҳа бўлади. Эришилган барча келишувларни амалга оширишни тезлаштириш керак», - деган Мишустин.

Россия бош вазири Ўзбекистон томони билан автомобилсозлик, самолётсозлик ва фармацевтика саноатига оид лойиҳалар ҳам муҳокама қилинганини таъкидлаган.

«Катта сармоялар машинасозлик ва металлургияга йўналтирилмоқда», - дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил декабрда Россия ва Ўзбекистон ҳуқуматлари атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича келишув имзолаган. Ўзбекистонда қуриладиган биринчи АЭС қиймати 2018 йилда тахминан 11 млрд долларга баҳоланган эди.

Станция умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган иккита энергоблокдан иборат бўлиши, у Жиззах вилояти ҳудудида қурилиши режа қилинган. «Ўзатом» ва «Росатом» АЭС қурилиш майдонида инженерлик ишларини бажариш бўйича шартнома имзолаган.

«Росатом» 2020 йил бошидаёқ Ўзбекистонда АЭС қуришни бошлаб, биринчи блокни 2028 йилда ишга туширмоқчи эди. Бу борадаги якуний шартнома ҳали имзоланмаган. 2020 йил охирида Россия томони шартнома лойиҳаси деярли тайёрлиги, «фақат техник жиҳатлар» қолганини билдирган, Ўзбекистон томони эса шартнома тайёрлигини рад этиб, музокараларда миллий манфаатлар ҳимоя қилинаётганини маълум қилганди.

2022 йил октябр ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга ташрифи чоғида эришилган келишувга асосан, қурилажак АЭСда Венгриянинг совитиш тизимларидан фойдаланилиши белгиланди.

Жорий йил ноябр ойида ўтказилган Ўзбекистон иқтисодий форуми доирасидаги тадбирда энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмадхўжаев АЭС қуришга оид режаларни тасдиқлаганди.

«Биз атом энергиясига оид режаларимиздан воз кечмаймиз. Мунозарали масалаларга тўхталмоқчи эмасман, бу – мамлакатимизда яратилаётган энергиянинг янги тури ва [биз учун] умуман янги усул, биз барча энергия имкониятларидан фойдаланмоқчимиз», - деганди у.

Мавзуга оид